Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга етти нарсани буюрдилар ва етти нарсадан қайтардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга жанозага эргашишни, касални бориб кўришни, чақирилган жойга боришни, мазлумга ёрдам беришни, қасамни оқлашни, саломга алик олишни, акса урган кишини дуо қилишни буюрдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни кумуш идишни ишлатишдан, тилла узук тақишдан, ипак матодан кийим кийишдан, жуда юпқа (нафис) либос кийишдан, тилла ипдан тўқилган матодан кийим кийишдан қайтардилар” (Имом Бухорий ривояти).
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга нимани буюрган бўлсалар, унга амал қилишимиз, нимадан қайтарган бўлсалар, ундан тийилишимиз дунё ва охиратимиз саодати гаровидир.
Жаноза – фарзи кифоя. Жаноза дейилганда, жаноза намози ва маййитни дафн этиш тушунилади. Жаноза намози каби маййитни дафн этиши ҳам фарзи кифоядир. Жаноза намозида қатнашган киши бир қийрот ажр олади, маййитни дафн этишда ҳам иштирок этса, икки қийрот савобга эга бўлади.
Тобутни тўрт киши кўтариши суннатдир. Тобутдан олдин юрилмайди, шовқин қилмасдан, тобутни силкитмай тез юрилади. Маййит қабрга қўйилмасдан олдин ўтирилмайди.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Бир мусулмоннинг жанозасида имон ва сабр-тоқат билан қатнашган киши икки қийрот ажр билан қайтади”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Абу Довуд ривояти).
Хаста кишини бориб кўриш суннатдир. Баъзилар касал кишини бориб кўриш вожиб ҳам дейишган. Ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Касалларни бориб кўринглар, очларга таом беринглар, қийналган кишиларни қутқаринглар” (Имом Бухорий ривояти). Имом Муслим ривоятидаги ҳадисда: “Ким бир мусулмон биродарини бориб кўрса, то қайтиб келгунича жаннат мевалари ичра бўлади”, дейилган. Касал кўргани борган киши беморнинг бош тарафида ўтириб, унинг кўнглини кўтарадиган илиқ сўзлар айтиши, пешонасига қўлини қўйиб меҳрибонлик қилиши ва уни толиқтириб қўядиган даражада кўп ўтирмай, тезда чиқиши одобдандир. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Касал кўргани борган киши “Аллоҳумма ишфи абдака” (“Эй Аллоҳ, бандангга шифо бер”), деб айтсин», деганлар (Имом Муслим ривояти).
Ҳар бир дард сабабли банда чеккан азиятлари эвазига гуноҳлари каффорат қилинади. Шунинг учун хаста кишини бориб кўриб, ундан дуо олинади. Умму Сулайм розияллоҳу анҳо айтади: «Мен касал бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар ва: “Эй Умму Сулайм, ...агар сен бу хасталикдан соғайсанг, худди темир занги оловда тозаланганидек гуноҳлардан покланасан”, дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).
Чақирилган жойга бориш мўминларнинг бир-бирларидаги ҳақларидандир. Уламолар никоҳ эълони учун чақирилган жойга бориш лозим, дейишган.
Қўлидан келса, мазлум кишига ёрдамлашиш вожиб бўлади. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Биродаринг золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам бер”. Шунда бир киши: “Эй Расулуллоҳ, мазлумга-ку ёрдам берамиз, аммо золимга қандай қилиб ёрдам бериш мумкин”, деди. Шунда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Золимни зулм қилишдан қайтаришинг, унга қилган ёрдаминг бўлади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Бир бандаи мўминни мунофиқнинг зулмидан ҳимоя қилган кишини қиёматда фаришталар дўзах оловидан ҳимоя этади. Қудсий ҳадисда бундай дейилади: “Иззат ва Жалолимга қасамки, албатта, золимдан тезда ва кейин ҳам интиқом оламан. Албатта, мазлумни кўриб ёрдам беришга куч-қуввати етиб унга кўмаклашмаган кишидан интиқом оламан” (“Китобут тавбеҳ”, Имом ибн Ҳиббон ривояти).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бўлар-бўлмас нарсаларга қасам ичишдан қайтарганлар. Аммо киши қасам ичса, уни оқлаши, агар қасамини бузса, каффорат тўлаши лозим бўлади.
Салом бериш суннат, унга алик олиш фарздир. Бир жамоадан бир киши саломга алик олса, бошқаларидан соқит бўлади. Агар ҳеч ким жавоб бермаса, барча бирдек гуноҳкор бўлади.
Саломни эшитган ёки лабларидан салом бериш ифодасини англаган кишининг алик олиши вожибдир.
Акса урган киши “алҳамдулиллаҳ”, деса, уни эшитганлар “ярҳамукаллоҳ”, дейиши лозим.
Эркак кишига ҳам, аёлга ҳам кумуш ёки олтин идишларни ишлатиш, яъни унда таом истеъмол қилиш, сув ичиш мумкин эмас. Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Олтин ва кумуш идишларда сув ичманглар ва уларда овқатланманглар”.
Эркаклар олтин узук тақишдан қайтарилган. Подшоҳ ёки қозилар зарурий ҳолларда кумуш узук тақиши мумкин, холос.
Ипак матодан бўлган кийимларни кийиш эркак кишиларга ҳаромдир. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ипак ҳарирни олиб ўнг ёнларига, бир олтинни олиб чап ёнларига қўйдилар. Сўнгра мана шу иккаласи умматимнинг эркакларига ҳаромдир”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Абдувоҳид ЎРОЗОВ,
Тошкент шаҳридаги “Пул емас ота” жоме масжиди имом ноиби
Эргашилаётган мазҳаб соҳибларининг бу хусусда айтган сўзлари
«Фатавои ҳиндийя» китобида ҳанафий олимларинииг келтиришларича: «Маййит дафн этилгач, қабр олдида бир ҳайвонни сўйиб, гўштини тақсимлаб бўлгунча муддатда тиловат қилиб, маййитга дуо қилиш мустаҳабдир».
Муҳаммад ибн Ҳасан: «Ҳанафий мазҳаби машойихлари мана шу сўзни олишган», дедилар.
Аммо моликий мазҳаби машойихлари наздидаги эътимодли нарса бу амалнинг мустаҳаб эканлигидир.
Дасуқийнинг «Шарҳул кабийр»га ёзган хошиясида Ибн Ҳабиб мазкур амални «маҳбуб» деб атаган ва: «Агар имом Молик ушбу амални суннат қилиб олган кишини билсалар, кариҳ кўрардилар», деган.
Ушбу сўзни Ибн Рушд ҳам нақл қилган. Худди мана шу сўзни Ибн Юнус ҳам нақл қилган. Имом Лаҳмий эса «Қироат маҳбуб», деб эшитишни аъло кўрмаган. Ибн Ҳабиб Ёсин сурасини ўқишни «маҳбуб» деганлар. Бу икковларидан бошқаларнинг сўзларидан ҳам қироат мутлақ ҳолатда маҳбуб экани билинади.
Ваззоний Моликий «Навозилус-суғро» китобида келтиришича, қабрдаги қироат хусусида Ибн Рушд «Ажвиба» китобида, Ибн Арабий «Аҳкамул Қуръон» китобида, Фуртубий «Тазкира» китобида мисоллар келтириб, маййитнинг – хоҳ қабрда бўлсин, хоҳ уйида бўлсин, – қироатдан манфаат олиши айтилган.
Ушбу фикрни моликий мазҳабининг кўплаб уламолари ҳам нақл қилишган. Улар орасида Абу Саъид ибн Лубб, Ибн Ҳубайб, Ибн Ҳожиб, Лахмий, Ибн Арафа, Ибн Мавок ва бошқалар ҳам бор.
Шофеъий мазҳаби уламоларидан имом Нававий «Мажмуъ» китобида қуйидагиларни айтади:
«Қабрларни зиёрат қилувчилар учун аввало салом бериш ва зиёрат қилаётганда барча қабр аҳлига дуо қилиш мустаҳабдир. Ана шу саломи ва дуоси ҳадисдаги нарсаларга мувофиқ бўлиши лозим. Ва Қуръондан муяссар бўлганича ўқиб, ортидан дуо қилиши керак». Имом Шофеъий ва у кишининг соҳиблари мана шунга иттифоқ қилиб, далил келтиришган.
Имом Нававий «Ал-Азкор» китобида келтиришларича, маййит дафн қилиб бўлингач, бир ҳайвонни сўйиб, тақсимлангунича муддатда унинг ҳузурида ўтириш мустаҳаб амалдир. Ўтирганлар эса Қуръон тиловати, маййитга дуо, ваъз, хайр аҳлининг ҳикоялари ва солиҳларнинг ҳолатлари ҳақидаги суҳбатга машғул бўлишади. Имом Шофеъий ва у зотнинг асҳоблари: «Қуръондан баъзи қисмлар ўқилади. Агар Қуръоннинг барчаси хатм қилинса, яхшироқ бўлади», деб таъкидлашган.
Шунингдек, ҳанбалий олимлар ҳам қабр олдида Қуръон тиловатининг жоизлигини айтишган.
Аллома Мирдовий «Инсоф» китобида: «Қабр олдида қироат қилиш, икки ривоятнинг саҳиҳроғига қараганда, кароҳиятли эмас», деб айтган.
«Фуруъ» китобида имом Аҳмад ҳам далил келтирганлар. Ушбу китобнинг шарҳида: «Бу имом Аҳмаддан машҳурдир», дейилган.
Халлол ва у кишининг соҳиблари: «Қироат кароҳиятли эмас», дейишган. Кўпгина соҳиблар ҳам шунга иттифоқ қилишган. Улардан бири имом Қозий бўлиб, у киши бу фикрни «Важиз», «Фуруъ», «Муғний», «Шарҳ» китобларида келтирган. Ибн Тамим эса «Фоиқ»да келтирган.
Сийрат, таржимаи ҳоллар ва тарих китобларини ўқиганлар ҳам салафларнинг бу хусусдаги амалларини ва умматнинг ҳеч қандай инкорсиз унга эргашганларини, хусусан, Ҳанбалий ва аҳли ҳадис бўлмиш биродарларнинг ҳам бунга мувофиқ эканини кўради. Биз сўзимизнинг тасдиғи учун Ҳофиз Заҳабийнинг «Сияру аъломун-нубало» китобида Абу Жаъфар Ҳошимий Ҳанбалий (ҳижрий 470 йилда вафот этган) ҳақида ёзилган баъзи маълумотларни келтириш билан кифояланамиз. Бу зот ўз асрларида ҳанбалийларнинг шайхи бўлган. Вафот этганларида имом Аҳмаднинг қабрлари ёнига дафн этилганлар. Одамлар бир муддат у зотнинг қабрларини лозим тутиб ўтиришган. Айтилишича, қабрлари устида ўн мингта хатми Қуръон қилинган.
Ҳатто «Қабр олдида Қуръон тиловати бидъат ва бундай қилиш салаф ҳамда халафларнинг ишига хилоф», деган шайх Ибн Таймия вафот этганида ҳам қабри ва уйида хатми Қуръон қилинган. Буни Абдул Ҳодий Ҳанбалий ва бошқалар зикр қилишган.
Шунингдек, маййитга талқин қилиб туриш ҳам мустаҳаб амалдир. Рошид ибн Саъд, Замра ибн Ҳабиб ва Ҳаким ибн Умайрдан ривоят қилинади. Улар Химс аҳлидан бўлган тобеъинлардан эди. Улар: «Маййитни ерга қўйиб, устидан тупроқ тортилганидан кейин, одамлар тарқалишгач, ўша маййитнинг қабри устида туриб: «Эй фалончи! «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу», деб уч марта айт. Эй фалончи! «Роббим Аллоҳ, диним Ислом, Набийим Муҳаммад алайҳиссалом», деб айтгин», дейди-да, кейин тарқалади», деб айтишган.
Абу Умома Бохилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши шундай дедилар: «Агар вафот этсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўликларга бажарилишини буюрган нарсаларни менга ҳам бажаринглар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қуйидагиларни буюрдилар: «Агар биродарларингиздан бири вафот этса, қабрига тупроқ тортилгач, ичингиздан бири қабр бошида турсин-да, сўнгра: «Эй фалончи ўғли фалончи», десин. У эшитади-ю, аммо жавоб бера олмайди. «Эй фалончи ўғли фалончи», десин. Шунда ҳалиги киши ўтириб олади. «Эй фалончи ўғли фалончи», десин. Маййит: «Аллоҳ раҳмат қилгур, бизни тўғри йўлга бошла», дейди, лекин сизлар буни ҳис қилмайсизлар. Шунда атрофдагилар: «Дунёдан чиқаётганингдаги нарсани зикр қил. Яъни «Лаа илааҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ». Сен Аллоҳни Робб деб, Исломни дин деб, Муҳаммад алайҳиссаломни Набий деб, Қуръонни имом деб рози бўлгансан», десин. Чунки Мункар ва Накирнинг ҳар бири ўз соҳибининг қўлидан ушлаб: «Биз билан юр. Ҳужжати талқин қилинган кишининг ҳузурига бизни ўтирғизилмайди», дейди. Аллоҳ таоло унинг ҳужжатини иккови орасида тўсиқ қилади». Шунда бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули!
Агар онасини билмаса-чи?» деган эди, у зот: «(Бутун инсониятнинг онаси бўлмиш) Ҳаввога нисбат бериб: «Эй Ҳавво ўғли фалончи», дейилади», дедилар».
Ҳофиз ибн Ҳажар ушбу ҳадиснинг санадини «солиҳ» деганлар. Имом Зиё ҳам «Аҳком»ларида уни «кучли» деганлар.
Имом Нававий «Равза» китобида ушбу ҳадисни «заиф» деганлар. Лекин фазилат ҳақидаги ҳадисларда илм аҳли бўлмиш муҳаддис томонидан ишлатишга рухсат берилган. Ушбу ҳадисни бошқа саҳиҳ ҳадислар мустаҳкамлайди. Масалан, «Ўликларга субутни сўранглар» деган ҳадис ёки Амр ибн Оснинг васиятлари каби. Шом аҳли бу талқинга аввалги аср, яъни эргашиладиганлар замонидан буён амал қилиб келишади. Аллоҳ таоло: «Эслатгин, чунки эслатма мўминларга манфаат беради», деган (Зориёт сураси, 55-оят). Демак, банда эслатмага бу ҳолатда ундан-да ҳожатлироқдир.
Ибн Қайюм «Руҳ» номли китобида қуйидагиларни айтадилар: "Одамлар қадим пайтлардан то ҳозирги вақтимизгача, ҳадис собит бўлмаса ҳам, барча шаҳар ва асрларда ҳеч қандай инкорсиз бунга амал қилиб келишмоқда. Бу уммат мағрибдан машриққача ушбу одатни татбиқ қилган. У умматларнинг ақл ва маърифат жиҳатидан энг мукаммали бўлиб, ҳеч қачон эшитмайдиган ва ақл юритмайдиган кишига хитоб қилмайди. Бу нарсани бирор инкор қилувчи инкор ҳам қила олмайди. Балки бу аввалгиларнинг кейингиларга суннати бўлиб, кейингилар аввалгиларга эргашишади".
Кейинги мавзу:
Ўлганларга атаб Қуръон тиловат қилишнинг ҳукми;
Мавлид ва бидъат ҳақидаги ихтилоф.