Мажлисда ўтаётган йил давомида диний соҳада амалга оширилган кенг кўламли ишлар танқидий ва таҳлилий кўриб чиқилиб, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, эришилган ютуқлар ва жараёндаги вазифалар чуқур таҳлил этилиб, уламолар ва имом-хатиблар олдида турган долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари маърузаларида Давлатимиз раҳбарининг диний-маърифий саводхонликни ошириш, Ислом динининг эзгу таълимотларини тарғиб этиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, динимизни ҳимоя қилиш йўлидаги ташаббуслари мўмин-мусулмон халқимизни жуда ҳам хурсанд қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Шунингдек, якунига етаётган йил мўмин-мусулмонлар учун жуда ҳам қувонарли бўлгани, жумладан, янги масжид-мадрасалар очилгани, илмий марказлар ташкил этилгани, диний таълим муассасаларига талабаларнинг қабул квотаси оширилгани, олий маъҳадда сиртқи бўлим очилгани, ҳаж ва умра зиёратчилари сони кўпайтирилгани, онлайн дарслар олиб борилаётгани ва бошқа муҳим ишлар ҳақида маълумотларни йиғилганларга тақдим этдилар.
Жумладан,
- диний идора, масжидлар ва ҳомийларни жалб этган ҳолда 4 миллиард 300 миллион сўмлик хайрия ишлари амалга оширилди;
Яна бир катта хурсандчилик куни кеча Президентимиз “Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекдилар. Қарорга кўра, Ислом академияси ҳузурида икки йиллик магистратура, уч йиллик таянч докторантура ва уч йиллик докторантура фаолият юритади. Академияда “Қуръоншунослик”, “Фиқҳ илми”, “Ҳадисшунослик” ва “Калом илми” мутахассисликлари бўйича магистрлар, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб борувчи илмий-педагог кадрлар тайёрланиши юртимизда яқин келажакда дунё эътироф этадиган кучли исломшунос академик ва олимлар етишиб чиқишини катта қувонч билан маълум қилдилар.
Муфтий ҳазратлари маърузалари давомида мана шундай кенг имконият ва қулайликлар учун Ҳақ таолога шукрона келтириш ва бундай кунларнинг қадрига етишни таъкидлаб, Қуръони азиймуш-шаъндаги: “Эй, Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга мени муваффақ этгин ва мени Ўз фазлинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин!” (Намл, 19), оятини келтирдилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари ҳозирги давр жуда тез ривожланаётгани, эскича ишлашни замон кўтармаслиги, ишга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш зарурлигини таъкидлаб, диний соҳа ходимларини давлатимиз ва мўмин-мусулмонларимиз томонидан берилган ишончни оқлашга чақирдилар. Шу нуқтаи назардан имом-хатибларга тавсиялар, топшириқлар ва кўрсатмалар бердилар.
Йиғилишда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов сўзга чиқиб, уламолар ва имом-хатиблар олдида турган долзарб вазифалар, диний соҳа ходимлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур мажлисда сўз олиб, халқимиз ва ишлаб чиқарувчилар томонидан ҳалол озиқ-овқат масаласида жуда кўп мурожаатлар бўлаётганини инобатга олиб, “Ҳалол сертификат” йўриқномаси лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва бу ишлар билан мунтазам шуғулланадиган уламолар ҳайъати тузилганини маълум қилди. Ушбу масала бир пайтнинг ўзида мамлакатимизда сер даромад соҳа бўлган зиёрат туризмининг жадал ривожланиши, хусусан хорижлик сайёҳларнинг республикамизга кенг жалб қилиш йўлидаги муҳим ишлардан эканини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Йиғилишда филология фанлари доктори, академик Неъматулла Иброҳимов сўзга чиқиб, Президентимиз ташаббуслари билан диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳар биримизнинг қалбимиздаги орзу истакларимиз эканини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Бу айни пайтда ҳар бир диний ходимга ўз вазифасига нисбатан янгича муносабтда бўлиш зарурлигидан далолатдир деди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров йиғилишда сўзга чиқиб, эндиликда диний соҳа ходимларидан ҳам фан докторлари, профессорлар ва академиклар чиқиши жуда катта воқеа эканини таъкидлади. Ш.Миноваров сўзида давом этиб, бир неча кун аввал ҳукумат топшириғи билан Покистон давлатида хизмат сафарида бўлиб қайтгани, у ердаги давлат ва дин арбоблари Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришларни катта иштиёқ билан кузатишаётгани ва, албатта, мана шундай янгиланишларни ўз кўзлари билан кўриш орзусида эканларини маълум қилди.
Йиғилишда Уламолар Кенгаши ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Cавол: Маҳсига масҳ тортиш фарзми, суннатми, вожибми? Маҳси кийган одам таҳорат қилганда масҳ тортмасдан намоз ўқиса, намози дуруст бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Тўлиқ таҳорат билан маҳси кийган кишининг таҳорати синса ва у маҳсини ечмасдан янгидан таҳорат қилмоқчи бўлса, масҳ тортиши фарз бўлади. Агар масҳ тортмасдан намоз ўқиса, намози дуруст бўлмайди. Чунки маҳсига масҳ тортиш оёқни ювиш ўрнидадир. Шундай экан таҳоратда оёқ ювиш фарз эди, маҳсига масҳ тортиш ҳам фарз бўлади. Бу ҳақда "Лубоб" китобида бундай дейилади:
(وفرض ذلك) المسح (مقدار ثلاث أصابع من أصغر أصابع اليد) طولاً وعرضاً
"Маҳсига масҳ тортишнинг фарзи қўлнинг кичик бармоқларидан учтаси миқдоридадир. Бу миқдор қўл бармоғининг бўйи ва энича бўлади (яъни намланган қўллар билан шу миқдорда чизиқ тортади)". Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази