Мажлисда ўтаётган йил давомида диний соҳада амалга оширилган кенг кўламли ишлар танқидий ва таҳлилий кўриб чиқилиб, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, эришилган ютуқлар ва жараёндаги вазифалар чуқур таҳлил этилиб, уламолар ва имом-хатиблар олдида турган долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари маърузаларида Давлатимиз раҳбарининг диний-маърифий саводхонликни ошириш, Ислом динининг эзгу таълимотларини тарғиб этиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, динимизни ҳимоя қилиш йўлидаги ташаббуслари мўмин-мусулмон халқимизни жуда ҳам хурсанд қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Шунингдек, якунига етаётган йил мўмин-мусулмонлар учун жуда ҳам қувонарли бўлгани, жумладан, янги масжид-мадрасалар очилгани, илмий марказлар ташкил этилгани, диний таълим муассасаларига талабаларнинг қабул квотаси оширилгани, олий маъҳадда сиртқи бўлим очилгани, ҳаж ва умра зиёратчилари сони кўпайтирилгани, онлайн дарслар олиб борилаётгани ва бошқа муҳим ишлар ҳақида маълумотларни йиғилганларга тақдим этдилар.
Жумладан,
- диний идора, масжидлар ва ҳомийларни жалб этган ҳолда 4 миллиард 300 миллион сўмлик хайрия ишлари амалга оширилди;
Яна бир катта хурсандчилик куни кеча Президентимиз “Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекдилар. Қарорга кўра, Ислом академияси ҳузурида икки йиллик магистратура, уч йиллик таянч докторантура ва уч йиллик докторантура фаолият юритади. Академияда “Қуръоншунослик”, “Фиқҳ илми”, “Ҳадисшунослик” ва “Калом илми” мутахассисликлари бўйича магистрлар, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб борувчи илмий-педагог кадрлар тайёрланиши юртимизда яқин келажакда дунё эътироф этадиган кучли исломшунос академик ва олимлар етишиб чиқишини катта қувонч билан маълум қилдилар.
Муфтий ҳазратлари маърузалари давомида мана шундай кенг имконият ва қулайликлар учун Ҳақ таолога шукрона келтириш ва бундай кунларнинг қадрига етишни таъкидлаб, Қуръони азиймуш-шаъндаги: “Эй, Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга мени муваффақ этгин ва мени Ўз фазлинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин!” (Намл, 19), оятини келтирдилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари ҳозирги давр жуда тез ривожланаётгани, эскича ишлашни замон кўтармаслиги, ишга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш зарурлигини таъкидлаб, диний соҳа ходимларини давлатимиз ва мўмин-мусулмонларимиз томонидан берилган ишончни оқлашга чақирдилар. Шу нуқтаи назардан имом-хатибларга тавсиялар, топшириқлар ва кўрсатмалар бердилар.
Йиғилишда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов сўзга чиқиб, уламолар ва имом-хатиблар олдида турган долзарб вазифалар, диний соҳа ходимлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур мажлисда сўз олиб, халқимиз ва ишлаб чиқарувчилар томонидан ҳалол озиқ-овқат масаласида жуда кўп мурожаатлар бўлаётганини инобатга олиб, “Ҳалол сертификат” йўриқномаси лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва бу ишлар билан мунтазам шуғулланадиган уламолар ҳайъати тузилганини маълум қилди. Ушбу масала бир пайтнинг ўзида мамлакатимизда сер даромад соҳа бўлган зиёрат туризмининг жадал ривожланиши, хусусан хорижлик сайёҳларнинг республикамизга кенг жалб қилиш йўлидаги муҳим ишлардан эканини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Йиғилишда филология фанлари доктори, академик Неъматулла Иброҳимов сўзга чиқиб, Президентимиз ташаббуслари билан диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳар биримизнинг қалбимиздаги орзу истакларимиз эканини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Бу айни пайтда ҳар бир диний ходимга ўз вазифасига нисбатан янгича муносабтда бўлиш зарурлигидан далолатдир деди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров йиғилишда сўзга чиқиб, эндиликда диний соҳа ходимларидан ҳам фан докторлари, профессорлар ва академиклар чиқиши жуда катта воқеа эканини таъкидлади. Ш.Миноваров сўзида давом этиб, бир неча кун аввал ҳукумат топшириғи билан Покистон давлатида хизмат сафарида бўлиб қайтгани, у ердаги давлат ва дин арбоблари Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришларни катта иштиёқ билан кузатишаётгани ва, албатта, мана шундай янгиланишларни ўз кўзлари билан кўриш орзусида эканларини маълум қилди.
Йиғилишда Уламолар Кенгаши ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ مُجَاهِدٍ قَالَ: أَتَى يَعْلَى بْنُ أُمَيَّةَ بِأَبِيهِ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُبَايِعُهُ عَلَى الْهِجْرَةِ بَعْدَ الْفَتْحِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَا هِجْرَةَ بَعْدَ الْفَتْحِ». فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، بَايِعْ أَبِي عَلَى الْهِجْرَةِ. فَقَالَ: «لَا هِجْرَةَ بَعْدَ الْفَتْحِ». فَأَتَى الْعَبَّاسَ يَسْتَشْفِعُ بِهِ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَأَتَى الْعَبَّاسُ النَّبِيَّ فَقَالَ: أَقْسَمْتُ عَلَيْكَ يَا رَسُولَ اللهِ، لَمَّا بَايَعْتَ أَبَا يَعْلَى عَلَى الْهِجْرَةِ، فَبَسَطَ يَدَهُ وَقَالَ: «قَدْ أَطَعْتُ عَمِّي، وَلَا هِجْرَةَ بَعْدَ الْفَتْحِ».
Мужоҳиддан ривоят қилинади: «Яъло ибн Умайя фатҳдан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига отасини у зотга ҳижрат учун байъат қилдиргани олиб келди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фатҳдан сўнг ҳижрат йўқ», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Отамнинг ҳижрат учун байъатини қабул қилинг», деди. «Фатҳдан сўнг ҳижрат йўқ», дедилар.
Шунда у Аббоснинг олдига бориб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида шафоатчилик қилишини илтимос қилди. Аббос Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Мен қасам ичиб айтаманки, Яълонинг отасининг ҳижрат ҳақидаги байъатини қабул қилинг», деди.
Шунда у зот қўлларини узатдилар ва: «Амакимга итоат қилдим. Барибир фатҳдан кейин ҳижрат йўқ», дедилар.
Шарҳ: Ушбу ривоятдан маълум бўляптики, амаки ҳам отанинг ўрнига ўтар экан. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари икки марта қайтарган нарсага амакилари воситачи бўлиб келганлари учун рози бўлганлар. Ўша иш қилиб бўлмайдиган нарса эканини билиб туриб ҳам, хўп деб, «Мен амакимга итоат қиляпман, лекин барибир Аллоҳнинг ҳукми бу эмас», деб бўлса ҳам байъатни қабул қилганлар.
Мана шундан кишилар амакиларнинг, катталарнинг ҳам ўзларида оталарининг ҳаққи бўлгандек ҳаққи борлигини билишлари, шунга ўхшаш савобли ишларда улардан бири илтимос қилса, орага тушса, бошқа бир сўровлари бўлса, қабул қилиб, итоат этишлари лозимлиги келиб чиқади.
عَنِ ابْنِ جُرَيْجٍ قَالَ: أَخْبَرَنِي مُحَمَّدُ بْنُ عَبْدِ الرَّحْمَنِ، أَنَّ عَبْدَ الْأَعْلَى بْنَ عَبْدِ اللهِ بْنِ أَبِي فَرْوَةَ أَخْبَرَهُ، عَنِ الْمُطَّلِبِ بْنِ حَنْطَبٍ: أَنَّ عَمَّهُ وَهُوَ وَعِمْرَانُ بْنُ أَبِي فَرْوَةَ جَالِسَانِ، فَأَوْسَعَ لَهُ، فَأَبَى الْمُطَّلِبُ أَنْ يُفَرِّقَ بَيْنَهُمَا وَقَالَ: نَهَى النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ يُفَرَّقَ بَيْنَ الرَّجُلِ وَأَبِيهِ، فَقَالَ عَبْدُ اللهِ: إِنَّمَا هُوَ عَمِّي قَالَ: الْعَمُّ وَالِدٌ.
Ибн Журайждан ривоят қилинади: «Менга Муҳаммад ибн Абдурраҳмон хабар қилди. Абдулаъло ибн Абдуллоҳ ибн Абу Фарва Муттолиб ибн Ҳантобдан хабар берди. У Имрон ибн Абу Фарва билан ўтирган эди. У унга жой берди. Шунда Муттолиб иккисининг орасига киришни истамади ва: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ота билан боланинг орасини ажратишдан қайтарганлар», деди.
Шунда Абдуллоҳ: «Бу амаким», деди.
«Амаки ота ўрнидадир», деди.
Шарҳ: Демак, амаки-жиян ўтирганларида бир ҳурматли одам кириб келибди. Икковлари икки томонга сурилиб, унга ўтириши учун жой бўшатишган экан, «Мен бу ерга ўтирмайман. Чунки Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ота-боланинг орасини ажратиб ўтирманглар», деганлар», дебди. Бола ёшлик қилиб, «Бу амаким», деганида «Амаки ота ўрнидадир», яъни отадир, дебдилар. Амакининг ота ўрнига ўтиши мана шу ривоятдан олинган.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз