Одамлар орасида “Фалон зотни васила қилиб сўрайман” деб дуо қилиш мумкин эмасми, деган савол кўп такрорланади. Чунки бундай дуо қилиш мумкин эмаслигига кўплаб далиллар борлигини иддао қиладиганлар ва уни жоиз дегувчиларни тавҳидни тушунмасликда айблайдиганлар етарлича топилади. Ушбу ҳолат мазкур айбловчиларнинг далилларига батафсилроқ жавоб бериш заруратини тақозо қилади. Шу маънода қуйида васила қилишни инкор қиладиганларнинг далиллари ва уларга берилган жавобларнинг хулосаларини жамлашга ҳаракат қиламиз.
Дастлаб, васила қилиш деганда нима назарда тутилганини тўғри тушуниб олиш лозим бўлади.
Васила луғатда “у билан ўзгага яқин бўлинадиган нарса” маъносини англатади. Истилоҳда эса “дуо ижобат бўлиши учун Аллоҳ таолога Унинг ҳузурида қадрли экани билинган нарсани айтиб дуо қилиш, васила деб аталади”.
Валий луғатда “яқин”, “дўст” каби маъноларни билдириб, кўплик шакли “авлиё” бўлади. Истилоҳда эса: “Имкон қадар Аллоҳ таолони танигувчи, тоатларда бардавом бўлувчи, ёмонликлардан сақланувчи, шаҳватларга берилишдан ўзини олиб қочувчи, дунёдан юз ўгирувчи, охиратга юзланувчи доимий равишда Роббисининг зикрида бўлувчи зот валий дейилади”.
Демак баъзилар дуо қилишда мана шундай зотларнинг номларини айтиб: “Роббим фалон дўстингни васила қилиб сўрайман” дейиш жоизлигини инкор қилганлар. Ушбу инкор қилувчилар асосан қуйидаги далилларни келтирганлар:
Аллоҳ таоло Қуръони каримда фақат Ўзидан ёрдам сўрашни таълим берган:
إِيَّاكَ نَعْبُدُ وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ
“Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз” (Фотиҳа сураси, 4-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
إِذَا اسْتَعَنْتَ فَاسْتَعِنْ بِاللهِ
“Агар ёрдам сўрасанг Аллоҳдан ёрдам сўра” (Байҳақий ривоят қилган).
Ушбу каби оят ва ҳадисларнинг умумий маъносига кўра, мўмин банда барча ҳожатларида фақатгина Аллоҳ таолодан ёрдам сўраши, ўртага ҳеч кимни қўшмаслиги шариат буйруғи ҳисобланади. Васила қилиш эса мазкур буйруққа зид ишни содир этишдир, деганлар.
Жумҳур уламолар бу далилларга қуйидагича жавоб берганлар:
Шариатда фақат Аллоҳ таолодан ёрдам сўрашга буйруқ бўлганидек, зоҳирий сабабларни юзага чиқаришга ҳам буюруқ бордир. Ана шу зоҳирий сабаблардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёки авлиёуллоҳларни васила қилиб Аллоҳга дуо қилиш ҳисобланади. Бунга қуйидаги ҳадиси шариф ёрқин далилдир:
عَنْ عُثْمَانَ بْنِ حُنَيْفٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلاً أَعْمَى جَاء إِلَى النَّبِي صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ ادْعُ اللهَ أَنْ يَكْشِفَ عَنْ بَصَرِي فَقَال: إِنْ شِئْتَ دَعَوْتُ وَإِنْ شِئْتَ صَبَرْتَ فَهُوَ خَيْرٌ لَكَ قَالَ: فَادعُه فَأَمَرَهُ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ يَتَوَضَّأَ فَيُحْسِنَ وُضُوءَهُ وَيَدْعُوَ بِهَذَا الدُّعَاءِ: اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ وَأَتَوَجَّهُ إِلَيْكَ بِنِبِيِّكَ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَبِيِّ الرَّحْمَةِ يَا مُحَمَّدُ إِنِّي أَتَوَجَّهُ بِكَ إِلَى رَبِّي فِي حَاجَاتِي هَذِهِ لِتُقْضَى لِي اللَّهُمَّ شَفِّعْهُ فِيَّ. فَذَهَبَ ثُمَّ رَجَعَ وَقَدْ كَشَفَ اللهُ عَنْ بَصَرِهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.
Усмон ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кўзи ожиз бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга менинг кўзимни очишини сўраб дуо қилинг”, деди. Шунда у зот: “Хоҳласанг дуо қиламан, агар сабр қилишни хоҳласанг, у сен учун яхшироқ бўлади”, дедилар. У: “Дуо қилинг”, деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга таҳорат қилишни, таҳоратини гўзал қилишини ва бу дуони ўқишини буюрдилар: “Аллоҳумма, инний асъалука ва атаважжаҳу илайка би Набиййика Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллам набиййир роҳмати. Йа Муҳаммад, инний атаважжаҳу бика ила Роббий фи ҳаажаатий ҳазиҳи литуқзо лий. Аллоҳумма шаффиъҳу фиййа” (Эй Аллоҳ, Сендан сўрайман ва раҳмат пайғамбари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Сенга юзланаман. Эй Муҳаммад, мен ушбу ҳожатим раво қилиниши учун сиз билан Роббимга юзланаман. Эй Аллоҳ, бу зотнинг мен ҳақимдаги шафоатларини қабул қилгин!). Ҳалиги киши кетди сўнгра қайтиб келганида Аллоҳ унинг кўзларини очган эди” (Термизий ва Насоийлар ривоят қилган).
Ушбу ҳадиси шарифдаги “Эй Муҳаммад (алайҳиссалом) сиз билан Роббимга юзланаман”, деган нидо васила қилиш шариатда борлигига ҳужжатдир. Шунинг учун ҳам ушбу муборак дуони саҳобалар, тобеинлар ва бошқа кўплаб улуғ зотлар ҳожатлари раво бўлиши учун ўқиб келганлар.
Шунингдек Қуръони каримда васила ахтаришга алоҳида буюруқ келган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَابْتَغُوا إِلَيْهِ الْوَسِيلَةَ
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга васила ахтаринглар” (Моида сураси, 35-оят).
Ушбу ояти каримада “васила ахтаринглар” деган буйруқ қайдланмасдан умум бўлиб келган. Шу сабабли василани фақат солиҳ амалга хослаб, шахсларни васила қилиш мумкин эмас, дейиш Қуръони каримдаги умумий ҳукмни қайдлаш бўлиб қолади, бу эса мумкин эмасдир. Бу ҳақида Совий раҳматуллоҳи алайҳ “Жалолайн” тафсири ҳошиясида қуйидагиларни ёзган: “Васила ахтариш деганда бандани Аллоҳга севикли қиладиган барча нарсаларни ахтариш тушунилади. Ана шу умум нарсаларнинг ичига Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари ва валийларини яхши кўриш, садақалар бериш, Аллоҳга маҳбуб зотларни зиёрат қилиш, кўп дуо қилиш, қариндошлик алоқаларини боғлаш ва кўп зикр қилиш каби ишлар киради. Шунга кўра, бу оят: “Сизларни Аллоҳга муқарраб қиладиган барча нарсаларни лозим тутинглар, Ундан узоқлаштирадиган барча нарсаларни тарк қилинглар”, маъносини англатади. Ушбу маънони англаб етган бўлсангиз, билингки, Аллоҳнинг валийларини зиёрат қилганлари сабабли “уларни зиёрат қилиш Аллоҳдан ўзгага ибодат қилишдир” деган иддао билан мусулмонларни кофирга чиқариш очиқ-ойдин залолат ва зиёнкорликдир. Чунки бу иш Аллоҳдан ўзгага ибодат қилиш эмас, балки Аллоҳга бўлган муҳаббатдан келиб чиқадиган амалдир”.
Демак зоҳирий сабаблардан фойдаланиш жоиз бўлганидек, руҳий сабаблардан фойдаланиш ҳам жоиз бўлади. Шунга кўра бутун борлиқнинг тасарруфи фақат Аллоҳ таолонинг иродасига боғлиқ деган соф эътиқодли мўминнинг валий зотларни васила қилиши жоиз амалдир.
Шу ўринда нега айнан валийлар васила қилинади деган савол ҳам пайдо бўлиши мумкин. Бу саволга уламолар қуйидагича жавоб берганлар: Валийларнинг Аллоҳ таоло ҳузурида бошқаларга нисбатан хос мақом ва даражалари бор. Бу ҳақиқат Қуръони каримнинг кўплаб оятларида баён қилинган:
وَلِكُلٍّ دَرَجَاتٌ مِمَّا عَمِلُوا
“Ҳамма учун қилган амаллари сабабли даражалар бордир” (Аҳқоф сураси, 19-оят).
أَمْ نَجْعَلُ الْمُتَّقِينَ كَالْفُجَّارِ
“Ёки тақводор зотларни фисқу фужур қилиб юрган кимсалар каби қилар эканмизми?!” (Сод сураси, 28-оят).
Шунинг учун тақводор зотлар бўлмиш валийлар васила қилинади, деганлар.
Шу ўринда василани инкор қиладиганларнинг яна бир далилларини ва унга берилган жавобларни ўрганиб чиқиш кўплаб тушунмовчиликларга барҳам беради. Василани инкор қиладиганлар қуйидаги ояти каримани ҳам далил қилиб келтирганлар:
وَالَّذِينَ اتَّخَذُوا مِنْ دُونِهِ أَوْلِيَاءَ مَا نَعْبُدُهُمْ إِلَّا لِيُقَرِّبُونَا إِلَى اللَّهِ زُلْفَى
“Ундан ўзга “дўстлар”ни (“илоҳ”) қилиб олган кимсалар: “Бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина уларга ибодат қиламиз” (дерлар) (Зумар сураси, 3-оят).
Яъни, ушбу ояти каримада Аллоҳга муқарраб бўлиш учун ўзгани восита қилиш мушрикларнинг сифати экани айтилган. Шунга кўра бу оят дуода васила қилиш мумкин эмаслигига ҳужжатдир, деганлар.
Бу далилга қуйидагича жавоб берилган: Мазкур оятда мухлис мўминларнинг ҳолати эмас, балки Аллоҳдан ўзгага ибодат қиладиган мушрикларнинг ҳолати баён қилинган. Оят мазмунига эътибор бериладиган бўлса, “бизни Аллоҳга яқин қилишлари учун уларга ибодат қиламиз” дейишган. Яъни, мазкур кимсалар Аллоҳдан ўзгага ибодат қилганлари сабабли мушрик бўлишган. Васила қилувчи эса асло “Дуойим қабул бўлиши учун Аллоҳдан ўзгага ибодат қиламан” демайди, балки Аллоҳим васила ахтаришга буюрган, шунинг учун У зотнинг суйган бандаларини васила қилиб дуо қилсам, шояд дуойимнинг мақбул бўлиш даражаси ортса”, деган илинж билан дуо қилади. Зеро ибодат қилиш ва васила қилиш луғавий жиҳатдан ҳам, истилоҳий жиҳатдан ҳам мутлақо бошқа-бошқа нарсалардир. Шунга кўра ушбу ояти каримада васила қилиш эмас, балки Аллоҳдан ўзгага ибодат қилиш куфр ва ширк экани баён қилинган.
Хулоса шуки васила дуонинг мақбул бўлиш даражасини орттириш умидида қилинадиган амал бўлиб, соф эътиқодли банда учун Аллоҳ таоло ҳузуридаги хавф мақомидан ражо мақоми сари юксалишдир.
Шунинг учун мазкур масала ҳақидаги ўзаро баҳсларда бу баҳс мусулмон ва мушрик ўртасида эмаслигини балки динимизда далили бор бир масала ҳақида гап кетаётганини асло унутмаслик лозим. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Дин насиҳатдир” деганлар, асло ўзгаларни мушрик ёки бидъатчига чиқаришдир демаганлар.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.
Муаллиф: Абдулқодир АБДУР РАҲИМ
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
ЎМИ Матбуот хизмати
Желатин – суюқ модда бўлиб, ҳозирда баъзи дори воситалирида ва озиқ-овқат маҳсулотларида ишлатилади. У ҳайвонларнинг териси ва суякларидан олинади. Агар шу ҳайвонлар шаръан гўштини ейиш мумкин бўлган жонзот бўлса, у ҳолда зарари йўқ. Аммо, у ҳозирда мусулмон бўлмаган юртлардан келтириладиган, асбоб-ускунада шаръий сўйилмаган ҳайвонлардан олинган бўлса, қаралади. Агар желатин ҳайвон суягидан олинган бўлса ҳанафийлар наздида – жоиз. Чунки суякда ҳаёт бўлмайди. ўлимтикнинг ҳаёт нишонаси йўқ бўлган аъзолари пок ҳисобланади. Шу сабабли уларнинг олди-сотдиси ҳанафийларда жоиздир. Бироқ, желатин агар шаръий сўйилмаган ҳайвонлар терисидан олинган бўлса баъзи ҳамасирлар: "У – ҳалол, сабаби, ҳайвон терисига кимёвий ишлов берилганида унинг моҳияти ўзгариб кетади, бошқа нарсага айланиши билан ҳанафий мазҳабига кўра ҳалол, пок бўлади” дейишмоқда. Мен ўзим баъзи корхоналарда бу амалиётга гувоҳ бўлдим. Лекин, менимча бу амалиёт тери моҳиятини йўқ қилиб юборишга кифоя қилмайди. тўғри, бу ерда баъзи кимёвий амалиётлар бўлади, лекин ҳамма кимёвий амалиётлар ҳам моҳиятни ўзгартиб, бошқа нарсага айлантира олмайди. Бунга далил, гўштни пиширишда ҳам кимёвий ўзгаришлар амалга ошрилади, бироқ: “Гўштнинг моҳияти пишириш билан бошқа нарсага айланди», дейилмайди. Акс ҳолда ҳамма ҳаром қилинган гўштларни пиширгандан кейин ейиш ҳалол бўлиб қоларди. Менга шу борада мутахассис бўлган кишилар: "Желатин тайёрлаш учун териларда ўтказиладиган бу амалиётлар терининг моҳиятини йўқ қилиб юбормайди, фақат бу амалиёт териларни тозалашда ва уларни суюқ моддага айлантиришда ишлатилади", дейишди. Қаттиқ нарсаларни суюлтиришнинг ўзи унинг моҳиятини ўзгартирмайди. Шу сабабли ҳалигача терининг моҳияти йўқолиб кетиш масаласи менга аён бўлгани йўқ.
Лекин бу амалиётни кўриб, мутахассисларга мурожаат қилгандан сўнг менга маълум бўлдики, бу амалиётлар билан терининг ошланиши ҳосил бўлади. «Ҳидоя» соҳиби айтади: “Ҳидни ва фасодни кетказувчи нарса ошловчидир”. Териларда амалга оширилаётган бу амалиётларда уни тозалаш, намлигини кетказиш учун «лиме» (теридан тукни тўкиб юборувчи восита) ва «алкалаи» воситалари ишлатилади. Буни мутахассислар айтиб ўтишган. Бу борада яна дўстларимдан бири, шайхи сарфароз Муҳаммад ҳафизаҳуллоҳнинг илмий баҳси бор. Ўзлари фиқҳ фанидан мутахассис бўлишлари баробарида, кимё соҳасида ҳам мутахассислиги бор. У зот: "Бу амалиёт – терини ҳақиқий ошлаш бўлади, лекин у тери моҳиятини йўқ қилолмайди" - деган хулосага келганлар.
Шаръий сўйилмаган ҳайвонларнинг суяги пок ва териси ошлаш орқали покланганидек, бу иккисидан олинган желатин ҳам пок ҳисобланади ва ҳанафийлар наздида озиқ-овқатдан бошқа нарсаларда истемол қилиш жоиз. аммо уни ейиш учун ишлатишга келсак, ҳанафийларда берилган фатвога кўра, бу – жоиз эмас. Желатинлардан олинган капсулалар билан даволаниш, бир шарт билан рухсат этилади: у ҳам бўлса, желатин чўчқа териси ёки суягидан олинмаган бўлиши керак. Бироқ даволанишдан бошқа ўринларда, модомики моҳияти йўқолиб кетмас экан, уни истеъмолидан сақланиш керак. Желатиннинг олди-сотдиси чўчқадан олинмаган бўлса жоиз, юқорида айтиб ўтганимиздек у покдир ва ундан шариатга мувофиқ йўл билан фойдаланиш мумкин, валлоҳу аълам.
Ҳадис илми мактаби талабаси
Исомиддинов Жавоҳир
Муфтий Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг "Фиқҳул буйуъ" китобидан таржима қилди.