Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” дастури доирасида ҳамда мамлакатимиз Бош қомусининг 25 йиллиги ва Мавлид ойи муносабати билан режа асосида жойларда халқ билан очиқ мулоқот ташкил этиб келинмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларидан бири Бўстонлиқ туманида куни кеча ташкил этилди. Бўстонлиқ тумани Товоқсой Иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган суҳбатда маҳалла аҳли ва фаоллари иштирок этди.
Вилоят бош имом хатиби Хайруллоҳ Турматов домла Исломда оилага муносабат, неъмат ва бахт тушунчалари ҳақида сўз юритиб, бугунги кунимизга шукрона қилиш эл-юрт равнақи, миллат келажаги ва бунёдкорлик учун ҳаракат қилмоғимиз лозимлигини таъкидлади. Жамиятимизда оилавий ажримлар, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда ҳар бир фуқаро ўзининг бурч ва мажбуриятларини сидқидилдан адо этиши муҳим омил эканини айтиб ўтди.
Дилдан бўлган суҳбат асносида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ва ўз таклифларини билдирдилар, бу тарздаги очиқ мулоқотлар халқ учун жуда манфаатли бўлишини таъкидлаб, ташкилотчиларга ўз миннатдорчиликларини изҳор қилдилар.
Тадбир сўнгида, анъанага содиқ қолган ҳолда Тошкент вилояти вакиллиги томонидан маҳаллаларга маърифий ва тарбиявий китоблар совға килинди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ ﷺ айтдилар:
"Албатта, Мусо (алайҳиссалом) ниҳоятда кучли ҳаё эгаси бўлиб, баданини доимо ёпиб юрадиган киши эди. У ҳаё қилгани учун ўз танасидан бирор жойини очиб юрмас эди. Бану Исроил орасида баъзи кимсалар уни камситиб: ‘У доимо ўз танасини яширади, бу – унинг бадани нуқсонли бўлгани учун шундай қилар. Балки у абрас (пес), ёки мояксиз (одар), ёки яна бирор балога учраганидандиръ, дейишди.
Аллоҳ таоло эса уларнинг бу гап-сўзларидан Мусони поклашни ирода қилди.
Бир куни Мусо алайҳиссалом чўмилгани борди. Кийимларини тош устига қўйиб, чўмилишга киришди. Сувдан чиқиб, кийимларини олиш учун тош олдига қайтганида, тош унинг кийимларини олиб қочди.
Мусо алайҳиссалом ҳассасини олди-да, тош ортидан қувди ва: "Эй тош, кийимимни қайтар! Эй тош, кийимимни қайтар!", дер эди.
У шу ҳолатда Бану Исроилнинг бир гуруҳига дуч келди. Улар Мусони кийимсиз ҳолда кўришди – Аллоҳ яратганлар ичида энг чиройли, энг соғлом бадан эгаси эканига гувоҳ бўлишди.
Аллоҳ таоло Мусони уларнинг гап-сўзларидан поклаб қўйди.
Тош тўхташи билан Мусо алайҳиссалом кийимларини олиб кийди-да, асоси билан тошни ура бошлади.
Пайғамбаримиз ﷺ айтдилар: "Аллоҳга қасамки, Мусо урган тошда уч, тўрт ёки бешта из қолди (яъни, урилган зарбалар изи қолди)."
Бу борада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай деди: "Эй мўминлар! Мусога озор берганлар каби бўлманглар. Бас, Аллоҳ уни айбларидан поклади. Ва у Аллоҳнинг ҳузурида обрўли зот эди" (Аҳзоб сураси, 69-оят).