Аҳли сунна вал-жамоа уламолари ҳамиша “жаҳолатга қарши маърифат” билан курашиб келган. Адашган фирқаларнинг хатоларини тушунтириб, уларни тўғри йўлга солиш ҳамда мусулмонларнинг бирдамлиги-ю тинчлигини асраш йўлида жонбозлик кўрсатганлар. Бунга илк хаворижлар билан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу орасидаги баҳс ёрқин далилдир.
Маълумки хавориж фирқаси ўзларига қарши бўлганларни кофирга чиқариб, уларнинг қонларини тўкишни ҳалол санаганлар. Ўзларига қарши чиқувчиларнинг диёрларини “Дорул ҳарб” (мусулмон бўлмаган диёр) деб номлаганлар. Улар Али розияллоҳу анҳунинг “таҳким”ни (Муовия розияллоҳу анҳу билан битим) қабул қилганини куфр деб ҳисоблаганлар. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияларини олиб улғайган, тириклигидаёқ жаннат башорати берилган “Ашъараи мубашшара”дан (Жаннатий экани айтилган ўн киши) бири бўлган зотни кофирга чиқарганлар. Али розияллоҳу анҳу ўзларига нисбатан бундай ҳукм чиқарган шоввозларнинг ғаройиб даъволарига жавоб бериш ва уларни тўғри йўлга солиш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни элчи қилиб юборган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва хавориж етакчилари ўртасида қуйидаги басҳ-мунозара бўлиб ўтган:
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
– Уни (яъни мўминлар амири Али розияллоҳу анҳуни) нимада айблайсизлар? – сўради.
Хаворижлар:
– Уч нарсада, – деб жавоб беришди.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
– Қандай нарсалар? – деди.
Хаворижлар:
– 1. Аллоҳнинг амри бўлган нарсада кишиларни ҳакам қилди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло: “Ҳукм фақат Аллоҳ ихтиёридадир”, деган;
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
– Агар сизга Аллоҳнинг китобидан ва Расулининг суннатидан сўзларингиз хато эканига далолат қиладиган далил келтирсам қайтасизми? – деб сўради.
Хаворижлар бир овоздан:
– Нега қайтмас эканмиз? – дейишда.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
– Аллоҳнинг амрида кишиларнинг ҳукм қилишига келадиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг Ўзи китобида бундай деган: “Эй, иймон келтирганлар! Эҳромда бўла туриб, овни ўлдирмангиз! Сизлардан кимки уни қасдан ўлдирса, (жазоси) худди (хонаки) ҳайвон ўлдириш билан баробар жазодир: у (ҳам бўлса) Каъбага (юриб) бора оладиган қурбонлик бўлиб, унга ўзларингиздан икки адолатли киши ҳакамлик қилур”.
Бошқа бир оятда эр-хотин ҳақида:
“Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай” деган. Демак, Аллоҳ таоло ҳакамликни кишиларга топширган. Сиздан Аллоҳ ҳаққи билан сўрайман, айтинг-чи, мусулмонларнинг қони ва ораларидаги ислоҳ тўғрисида кишиларнинг ҳакам бўлишлари афзалми ёки нархи тўрт дирҳам бўлган қуён тўғрисида ва хотин билан яшаш тўғрисида ҳакам бўлишлари афзалми? – деди.
Хаворижлар:
– Йўқ, албатта, бу афзал, – дейишди.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
– Сизни бу фикрдан қайтардимми? – деб сўради.
Хаворижлар:
– Ҳа, албатта, – дейишди.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
– Сизнинг уришди-ю, таҳқирламади ҳам, ўлжа ҳам олмади, деган сўзларингизга келадиган бўлсак, онангиз Оишани таҳқирламоқчи эдингизми? Агар онамиз эмас, десангиз кофир бўласиз. (Агар онамиз десангиз, қилаётган даъволарингизни ўзингиз инкор қилган бўласиз) Сиз иккита залолат орасида тараддудланиб қолгансиз. Энди сизни бу фикрдан қайтардимми? – деб сўради.
Хаворижлар:
– Ҳа, албатта, – дея эътироф этишди.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
– Барча мўминларнинг амири бўлишидан ўзини озод қилди, деган сўзингизга келадиган бўлсак, сиз рози бўладиган бир нарсани айтаман. Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбия кунида Абу Суфён ва Суҳайл ибн Амрлар билан сулҳ тузганда: “Эй Али, бу Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад сулҳ тузган нарсалар, деб ёз”, дегандилар. Шунда Суҳайл ибн Амр: “Сени Аллоҳнинг элчиси деб билмаймиз. Агар сени Аллоҳнинг элчиси деб билганимизда сен билан урушмас эдик”, дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй, Аллоҳим, Сенинг элчинг эканимни Ўзинг биласан, дедилар-да: Эй Али (ёзганингни) ўчириб ташлагин ва: “Бу Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ҳамда Абу Суфён ва Суҳайл ибн Амрлар сулҳ тузган нарсалар деб ёзгин”, дедилар, – деди.
Ушбу суҳбатдан сўнг икки мингдан зиёд киши хаворижликдан қайтган эди.
Ҳозирги кунимизда ҳам замонамизнинг юздан ортиқ энг мўътабар уламолари “замонавий хаворижлар”га худди шу услубда “очиқ хат” билан мурожаат қилдилар. Кошки эди улар ҳам ҳақиқатни англаб етиб, тўғри йўлга қайтсалар.
Аллоҳ таоло содир бўлиб турган турли нотинчликларни бартараф этиб, бутун дунёда тинч-тотувликни барқарор қилсин.
А.Раҳимов
Хазорасп тумани «Сулаймон Боқирғоний»
масжиди имом-хатиби
Ота-оналар ўғилларига Муҳаммад деб исм қўйишни афзал кўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари саҳобалар давридан бошлаб ҳозиргача У зот алайҳиссаломга муҳаббат юзасидан фарзандларга қўйиб келинади. Қолаверса, бир қанча ҳадиси шарифларда, уламоларнинг сўзларида бу муборак исмни фарзандларга қўйиш тавсия қилинган ва мақталган. Жумладан Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исмимни қўйинглар, аммо куням билан куняланманглар”, деганлар.
Имом Молик разияллоҳу анҳу айтадилар: “Мадина аҳли шундай дер эди: “Муҳаммад исмли кишиси бор ҳеч бир оила йўқки, унга кўплаб яхшиликлар берилмаган бўлса”.
Аммо, “қасамки, кимки сенинг исминг Муҳаммад билан аталса, ҳеч қачон дўзах ўти унга тегмайди”, “Қиёмат куни, эй исми Муҳаммад бўлган банда, жаннатга кириш учун ўрнингда тур, деб нидо қилинади” каби уйдирма ҳадислар кўплаб учрайди. Мазкур муборак исмга оид бир қанча уйдирма ҳадислар китобларга кириб қолганини уламолар аниқлаган ва мусулмонларни огоҳ этиш учун уйдирма ҳадисларга оид ёзган китобларига киритганлар.
Муҳаммад исми дўзахдан асраши, қиёматда фойда бериши каби фазилатлар баён қилинган юқорида зикр этилган ҳадислар ҳақида Имом Шомий асарида бундай деган: “Муҳаммад исми бандага фойда келтириши ҳақида биронта саҳиҳ ҳадис йўқ”.
Бакр Абу Зайд айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Муҳаммад ёки Аҳмад исмли кишини мақтагани ёки бировни бу икки исм билан чақиришни ман қилгани ҳақидаги ҳар қандай ҳадис саҳиҳ эмас” (“Тасмиятул мавлуд”, 17-бет).
Яна бир муҳим жиҳат, бу исм шарафли исмлардан, аммо исм инсонга одамлар орасида афзаллик бермайди. Агар бу исмни бирор инсонга қўйилса, ўша инсоннинг исми ҳисобланади. Бу инсонни чақирилса ёки исми айтилса, унга саловат айтиш каби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга оид ҳукмлар қилинмайди.
Асосий ва муҳим жиҳат Муҳаммад деб номланиш эмас, балки У зотга эргашиш эканлигини уламолар таъкидлаганлар. Инсонга солиҳ амаллари ва Аллоҳдан қўрқиши дунё ва охиратда фойда беради.
Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси.