Туркиянинг Истанбул шаҳрида жорий йилнинг 16-17 декабрь кунлари Евроосиё ислом кенгаши фатво ассамблеясининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш кун тартибида:
Кенгашда иштирок этаётган давлатлардаги диний идоралар қошидаги фатво бўлимларининг фаолият усули;
тиббиётга тааллуқли замонавий фатволар (сунъий уруғлантириш ва ҳомилага тааллуқли масалалар мисолида) масалалари кўрилди.
Европа, Россия ва Марказий Осиёдан жами 40 га яқин давлат вакиллари иштирок этган ушбу йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Ҳомиджон Ишматбеков ҳам қатнашди.
Йиғилишда Ҳомиджон Ишматбеков сўзга чиқиб, ЎМИ ва Фатво бўлими фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Шу жумладан, Ўзбекистонда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан очилган илмий мактаблар, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Ислом академияси ҳақида маълумот бериб ўтди. Йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистон халқини бу хурсандчилик билан муборакбод этдилар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги Дилкушо жоме масжидида навбатдаги умра дарслари ўтказилди.
Дарсда “Абу Ҳафс Кабир” жоме масжиди имом-хатиби, “Мир Араб” мадрасаси ўқитувчиси Акрам домла Абдуллаев навбатдаги умра сафарига кетаётган 13-14 -гуруҳ аъзолари ва тайинланган элликбошилар иштирок этди.
Маърузада Акрам домла Абдуллаев сўзга чиқиб, умра зиёратининг аҳкомлари, сафар одоблари, мусофир кишининг ибодати, сафар олдидан тайёргарлик каби мавзуларни ўтиб берди.
Дарс мобайнида иштирокчиларни қизиқтирган ақидавий, фиқҳий ва диний-ижтимоий мавзулардаги саволларга устоз томонидан атрофлича тушунчалар бериб ўтилди
Аллоҳ таоло умрага отланаётган ҳамюртларимизнинг сафарини хайрли қилсин, Байтуллоҳни тавоф қилишни барчамизга насиб этсин!
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати