Шавкат Мирзиёев жорий йил 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистонга қилган сафари давомида Нукус шаҳридаги «Имом эшон Муҳаммад» жоме масжидида бўлиб, бу ерда имом-хатиблар малакасини ошириш ўқув маркази, ётоқхонаси ва кутубхона, масжид ҳудудини ободонлаштириш ва атрофига девор қуриш, нонвойхона ташкил қилиш, ҳовуз, фаввора ва бошқа қулайликларни барпо этиш бўйича кўрсатмалар берган эди, деб хабар берди ЎзА.
Бу ерда ўтган 11 ой давомида кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилди. Масжид маъмурий биносининг биринчи қаватида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистондаги вакиллиги идораси жойлашган бўлиб, унинг барча хоналари қайта таъмирдан чиқарилди. Иккинчи қаватида ахборот-ресурс маркази, 2 та кутубхона ташкил этилди. Иссиқ пол қурилди, эшиклари янгисига алмаштирилди. Намоз ўқийдиган маскан реконструкция қилиниб, гумбаз қайта ишланди. Масжид ёнидан минора, ҳовуз, новвойхона, автомобиллар учун тўхташ жойи ва бошқа қулайликлар бунёд этилди. Манзарали дарахт ва гуллар экилди.
Шунингдек, масжид ёнида 128 ўринга мўлжалланган имом-хатиблар малакасини ошириш ўқув маркази ташкил этилиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди.
Шавкат Мирзиёев нуронийлар ва имом хатиблар билан суҳбатлашди.
«Ўтмишда яшаб ўтган буюк аждодларимиз ҳаёти ва маънавий меросини чуқур ўрганиш учун барча шароитларни яратамиз. Аҳоли зиёрат қилиб, чинакам маънавий озуқа оладиган бундай маънавий-маърифий масканларни янада обод қилиб, келажак авлодлар учун сақлашимиз керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов Тошкент ислом институти талаба- ёшлари билан мулоқот ўтказди. Учрашувни институт ректори Уйғун Ғафуров очиб, мазкур тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Бу каби мулоқотлар барча диний таълим муассаларида ташкил этилиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида ўтган Уламолар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилгани таъкидлаб ўтилди.
Тадбирда Зайниддин Эшонқулов ёшларга ўзининг ҳаётий, илмий ва касбий тажрибаларини сўзлаб берди. Маърузада Диний идора тизимидаги ташкилотлар ва таълим муассасаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фаолият йўналишлари ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берди.
Зайниддин домла диний-маърифий фаолиятда илм ва маърифатнинг ўрни, кадрларнинг ватанпарварлик ва ахлоқий тарбияси ва турли ёт ғоялардан маънавий иммунитетнинг шакллангани ҳақида ўз фикр ва тавсияларини билдирди.
Нотиқ ўз сўзи давомида талаба-ёшларни сабр-тоқат ва қатъий интизом билан илм олишга даъват этди. Шунингдек, ихлосли бўлиш ва устозларни эҳтиром қилиш муваффақият калити эканини таъкидлади.
Етук имом-хатиб бўлиш учун доимий равишда ўзи устида ишлаш ҳамда билим ва тажрибаларини ошириб бориши лозимлиги ҳақида қимматли маслаҳатлар берди.
Ана шундай тадбирлар ёшларнинг илм олиши ва келгусидаги касбий фаолиятини муваффақиятли амалга оширишига хизмат қилади, раҳбар ходимлар эса улар учун ҳаётий намуна бўлади, иншоаллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати