Меъёр – ўртача йўлни тутиш, мўътадиллик демак. Ҳар соҳада, ҳар бир мавзуда ўрта йўлни тутиш марғуб саналади. Ҳатто яхши, савобли ишни бажаришда ҳам меъёр шарт. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон, 67).
Намоз – диннинг устуни, рўза – имон қалқони. Аммо бу ибодатларни бажаришнинг ҳам меъёри бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ ажр беришдан чарчамайди, лекин сиз зерикиб қоласиз, шунинг учун ўртаҳол ибодат қилинг, деган мазмунда ўгит берадилар. У зот яна ифротга ҳам, тафритга ҳам кетиб қолишдан қайтарадилар. Яъни, ўта бепарво ҳам бўлиб қолманг, таркидунёчиликка ҳам берилиб кетманг, деб огоҳлантирадилар.
Ҳадиси шарифларда айтилишича, Аллоҳ йўлида бир киши билан дўст тутиниш бошқа соя бўлмайдиган Кунда Аршнинг соясидан жой олишга сабаб бўлади.
Аммо яна шу ҳадисларда мазкур хусусда ҳам ўртача йўл тутиш – дўстни меъёрида яхши кўриш билан бирга душманни ёмон кўришда ҳам чегарадан ошмаслик кераклиги насиҳат қилинади. Доимо ишларнинг ўртачаси яхши экани уқтирилади.
Буларнинг барчасидан хулоса чиқарсак, ўртачалик – инсон табиатига мос,
хилқатига хос хислат. Айнан, у билан дунёнинг низоми, жамият интизоми барқарор бўлади. Меъёрдан оғишмасак, эътиқодимизу амалларимиз Китоб ва суннатга мос бўлади. Ўтмиш солиҳ аждодларимиз тутган йўл ҳам шу аслида.
ЎМИ матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қуйидагиларни гапириб берган экан:
“Аллоҳнинг бандаларидан бир банда: “Я Робби лакал ҳамду кама ямбағий лижалали важҳика ва азийми султоника”, деб (савоб ва гуноҳларни ёзиб борадиган) икки фариштани қийин аҳволга солиб қўйган. У иккиси қандай (яъни, нима деб) ёзишни билмай, осмонга кўтарилдиларда Аллоҳ таолога: “Ё Робимиз, бир банданг биз нима деб ёзишни билмайдиган бир гап айтди”, дейишди. Аллоҳ азза ва жалла бандаси нима деганини билиб турсада, “Бандам нима деди?”, дея сўради. Улар: “Эй Парвардигор банданг “Я Роббий лакал ҳамду кама ямбағий лижалали важҳика ва азийми султоника деди”, дейишди. Шунда Аллоҳ икки фариштага: “Айтганидек ҳолда ёзинглар. Менга рўбарў келганида уни мукофотини Ўзим бераман”, деди (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).
Ҳақиқатда инсон қўлига тасбеҳ олиб, минглаб ҳамд айтганида ҳам Аллоҳ таоло берган биттагина неъматининг шукрини ҳам адо этолмайди. Ҳолбуки, бизга берилган неъматларнинг санаб адоғига етиб бўлмайди. Қолаверса, ҳамд айтишнинг ўзи ҳам бир неъмат. Битта ҳамд айта олган киши мана шу бахтга муяссар қилган Зот Аллоҳ таолога яна шукр қилиши керак. Чунки, Аллоҳ таолонинг ризқини еб, Уни таниёлмай даҳрий бўлиб юрганлар қанча?! Шунинг учун ҳадиси шарифда келган сўзларни айтса, энг олий даражадаги ҳамдни айтган бўлади. Сабаби, унинг маъноси чексиз ҳамду сано бўлсин демакдир. Натижада ҳатто фаришта ҳам ҳавас қиладиган мукофотга эришади.
Аллоҳ таоло барчамизни шундай мақомларга муносиб бандаларидан қилсин. Омийн.
Баҳодир Баҳромжон ўғли,
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси.