Меъёр – ўртача йўлни тутиш, мўътадиллик демак. Ҳар соҳада, ҳар бир мавзуда ўрта йўлни тутиш марғуб саналади. Ҳатто яхши, савобли ишни бажаришда ҳам меъёр шарт. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон, 67).
Намоз – диннинг устуни, рўза – имон қалқони. Аммо бу ибодатларни бажаришнинг ҳам меъёри бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ ажр беришдан чарчамайди, лекин сиз зерикиб қоласиз, шунинг учун ўртаҳол ибодат қилинг, деган мазмунда ўгит берадилар. У зот яна ифротга ҳам, тафритга ҳам кетиб қолишдан қайтарадилар. Яъни, ўта бепарво ҳам бўлиб қолманг, таркидунёчиликка ҳам берилиб кетманг, деб огоҳлантирадилар.
Ҳадиси шарифларда айтилишича, Аллоҳ йўлида бир киши билан дўст тутиниш бошқа соя бўлмайдиган Кунда Аршнинг соясидан жой олишга сабаб бўлади.
Аммо яна шу ҳадисларда мазкур хусусда ҳам ўртача йўл тутиш – дўстни меъёрида яхши кўриш билан бирга душманни ёмон кўришда ҳам чегарадан ошмаслик кераклиги насиҳат қилинади. Доимо ишларнинг ўртачаси яхши экани уқтирилади.
Буларнинг барчасидан хулоса чиқарсак, ўртачалик – инсон табиатига мос,
хилқатига хос хислат. Айнан, у билан дунёнинг низоми, жамият интизоми барқарор бўлади. Меъёрдан оғишмасак, эътиқодимизу амалларимиз Китоб ва суннатга мос бўлади. Ўтмиш солиҳ аждодларимиз тутган йўл ҳам шу аслида.
ЎМИ матбуот хизмати
Бир ҳамсуҳбатимиз айтади: “Масжидда пешин ўқиб бўлганимиздан сўнг нуроний киши ёнимга келиб, “Қачондан бери намоз ўқийсиз?” деб сўради. “Гапираверинг-чи...” дедим. Намозни жуда тез ўқидингиз, бундай қилиш мумкин эмас. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Одамларнинг ичида энг ёмонлари намозидан ўғирлайдиганидир”, деганлар. Абу Қатода розияллоҳу анҳу: "Эй Аллоҳнинг Расули, намозидан қандай қилиб ўғрилик қилади?" деб сўраганларида у зот: "(Ўша ўғри) рукусини ҳам, саждасини ҳам, хузу ва хушусини ҳам тўлиқ қилмайди", деб жавоб берганлар (Имом Аҳмад ривояти)”, деб менга танбеҳ берган бўлди.
Кейин ўтириб ўйладим: биз, йиғилишиб турадиган дўсту ёронлар жамоа бўлиб намоз ўқиганимизда мен ҳамиша ҳаммадан ортда қолиб кетаман. Ҳатто витр вожибнинг учинчи ракатига турганимда улар салом айтиб бўлишади. Модомики, мен намозни шошқалоқлик билан ўқиётган бўлсам, уларнинг намози нима бўлаётган экан?..”
Дарҳақиқат, намозни тез ўқиш бор, шошқалоқлик билан ўқиш бор. Тез ўқиш маҳбуб амаллар сирасига киради. Инчунун, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўхшаш енгил ва тугал намоз ўқийдиган имомнинг ортидан ҳеч намоз ўқиганим йўқ. У зот бувакнинг йиғисини эшитар ва унинг онаси фитнага учрамасин, деб намозини енгиллатар эдилар” (Бешовлари ривоят қилишган).
Бундан намозни вақтини чўзиб ҳам юбормасдан, шошқалоқликка ҳам йўл қўймасдан пухта ва енгил ўқиш лозимлиги аён бўлади. Ушбу мавзуга мисоллар кўп улардан бири қуйидаги воқелик:
Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир одам: “Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, мен фалончининг бизга (намозни) чўзиб юборганидан бомдод намозидан орқада қоламан”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўша кунидек шиддатли ғазабланганларини кўрмадим. У зот: “Албатта, сизларда нафрат қилдирувчилар бор. Қай бирингиз одамларга намоз ўқиб берса, енгил ўтказсин. Албатта, уларнинг ичида заифи, каттаси ва ҳожатлиси бор. Қачон ўзи намоз ўқиса, хоҳлаганича чўзсин”, дедилар” (Бешовлари ривоят қилишган).
Шошқалоқлик билан намоз ўқиш эса номақбул амал саналади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло банданинг руку ва саждаси комил бўлмаган намозига боқмайди” (Имом Аҳмад ривояти), деганлар. Яна бир ҳадисда эса “Рукуъ ва саждада белига ором бермаган кишининг намози қабул бўлмайди” (Абу Довуд ривояти), деб таълим берганлар.
Яъни руку ва саждани комил қилиб, сажда чоғида белига ором бермаган намозда хушу ҳам, хузу ҳам бўлмайди. Намозини бу тартибда ўқиган кишининг ташвиши ибодатдан имкон қадар тезроқ фориғ бўлишдир. Буни фольклор намоз деса ҳам бўлади: ота-онаси, ён-атрофдагилар намоз ўқигани учун уларга эргашиб ўқиб юраверади. Ўзини ибодат вақтида Раббимизнинг қаршисида тургандек ҳис қилмайди, шунчаки вақти кирган вазифани наридан бери бажариб қўя қолади, холос.
Шундай экан, намозга диққатли бўлайлик, ахир Даргоҳи Олийга борганимизда биринчи бўлиб намоздан сўраламиз. Шунингдек, бизнинг энг катта сармоямиз намоз экан, уни муҳофаза қилайлик, азизлар.
Дамин ЖУМАҚУЛ