Бир мадрасада дарс берадиган одобли-ахлоқли муаллима бор эди. Ёши ҳам ўтиб борар, эшигига келган совчиларига рад жавобини берар эди. Ҳамкасблари ундан:
– Нега турмуш қурмайсиз, ахир сизда Худо берган ҳусн-жамол етарли-ку? – деб сўрашса, у айтарди:
– Шу атрофда бешта қизи бор аёл бўлган. Эри унга, агар яна қиз туғсанг, у менга керак эмас, деб таҳдид қилди. Вақти-соати етиб, аёл яна қиз туғди. Бу улуғ неъматга шукр қилиш ўрнига ота гўдакни кўтариб, кимдир олар, деб, хуфтон намозидан кейин масжид эшигини олдига ташлаб келди. Бомдодда келиб қараса, гўдак жойида турганмиш, ҳеч ким олмабди. Қайтариб уйига олиб келади. Шу зайлда ота ҳар кун мурғакгина гўдакни масжид олдига ташлаб келар, лекин ҳеч ким олмасди. Етти кун шу аҳволда ўтибди. Онаизор эса Қуръон ўқиб, қизалоғидан айрилиб қолмаслигини Аллоҳдан ёлвориб сўрарди. Ота ҳам зерикиб, гўдакни қайта олиб бормай қўйди. Меҳрибон она эса гўдагидан ажраб қолмаганига жуда қувонди. Аёл яна ҳомиладор бўлди, яна ўша хавотир… кўзи ёриди ва ниҳоят ўғил…
Шу орада катта қизи вафот этди.
Вақтлар ўтиб, аёл яна ҳомиладор бўлди, бу сафар ҳам ўғиллик бўлди. Кўп ўтмай иккинчи қизи ҳаётдан кўз юмди. Шундай қилиб, бирин-кетин яна учта ўғиллик бўлди-ю, кейинги учта қизидан ҳам айрилди. Негадир, ҳар кўзи ёриб, ўғил туғганида биттадан қизи қазо қилаверарди. Ниҳоят, бешта ўғил ва ўша олтинчи қизи қолди. Тақдир тақозоси билан, Она ҳам оламдан кўз юмди.
Орадан бир неча йиллар ўтди, қизалоқ ҳам болалар ҳам улғайди, ишлик, жойлик бўлди.
Муаллима гапида давом этди:
– Ўша отаси менга керак эмас деб, кўчага ташлаб келган қиз кимлигини биласизларми? Ўша менман. Турмуш қурмаганимга сабаб: отам ёлғиз, Ёши ҳам улуғ, мен унга ёрдамчи, шофёр тайинладим, ўзим ҳам унинг хизматидаман. Укаларимга келсак, улар отамнинг зиёратига деярли келмайди, келса ҳам бир ойда бир, яна бири икки ойда бир марта келади, холос.
Отам менга қилган ишларига пушаймон бўлиб, кўп йиғлайди…
“Қисосун алламатни ал-ҳаят” китоби асосида
Муҳаммад Яҳё Муҳаммадхон ўғли
тайёрлади.
Cавол: Маҳсига масҳ тортиш фарзми, суннатми, вожибми? Маҳси кийган одам таҳорат қилганда масҳ тортмасдан намоз ўқиса, намози дуруст бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Тўлиқ таҳорат билан маҳси кийган кишининг таҳорати синса ва у маҳсини ечмасдан янгидан таҳорат қилмоқчи бўлса, масҳ тортиши фарз бўлади. Агар масҳ тортмасдан намоз ўқиса, намози дуруст бўлмайди. Чунки маҳсига масҳ тортиш оёқни ювиш ўрнидадир. Шундай экан таҳоратда оёқ ювиш фарз эди, маҳсига масҳ тортиш ҳам фарз бўлади. Бу ҳақда "Лубоб" китобида бундай дейилади:
(وفرض ذلك) المسح (مقدار ثلاث أصابع من أصغر أصابع اليد) طولاً وعرضاً
"Маҳсига масҳ тортишнинг фарзи қўлнинг кичик бармоқларидан учтаси миқдоридадир. Бу миқдор қўл бармоғининг бўйи ва энича бўлади (яъни намланган қўллар билан шу миқдорда чизиқ тортади)". Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази