“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70).
Аллоҳ таоло одамзодни азизу мукаррам қилган, уни энг гўзал ва мукаммал шаклда яратган. Қуръони каримнинг “Тин” сурасининг тўртинчи оятида марҳамат қилинади:
“Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим (шаклда) яратдик”. Аллоҳ таоло одамни тик оёқда юрадиган, қўли билан овқат ейдиган қилиб яратди. Унга қулоқ, кўз, кўнгил берди. Инсон улар воситасида кўради, эшитади ва нарсаларни бир-биридан фарқлайди. У нарсаларнинг яхшисини ва чиройлисини билади. Дин ва дунё ишларида ўзига нима фойдаю нима зарар эканини ажрата олади.
“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик”. Уламолар ушбу оятни турлича тафсир қилишган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга кўра, инсоннинг ўзга жонзотлардан мукаррамлиги овқатни қўли билан ейишидир.
Муҳаммад ибн Каъб “Инсоният орасидан Ҳазрат Муҳаммад алайҳиссаломнинг бўлишлари уларнинг мукаррамлилигидир”, деб тафсир қилган бўлса, Заҳҳокка кўра, одамзод нутқ ва фаросати билан мукаррам бўлган. Муфассир Ибн Жарир Табарий “инсонларнинг кўпчилик махлуқот устидан ҳукмронлик қилиши ва борлиқнинг одамзодга бўйсундирилгани унинг азизлигидандир”, деган. Яна айрим олимларнинг тафсир қилишларича, инсоният гапириши ва ёза олиши билан бошқа махлуқлардан азиздир.
Тафсирчи Қуртубий айтади: “Одам болаларининг азизлигига сабаб улардаги ақлдир. Зеро, ақл таклифнинг (ибодат ва муомалага лаёқатнинг) асосидир. Инсон ақл билан Аллоҳ таолони танийди, Унинг каломини тушунади, неъматларига эришади, пайғамбарларини тасдиқлайди. Фақат ақл бандани барча мақсадларига етказолмаслиги сабаб пайғамбарлар юборилган, китоблар туширилган. Шариат бамисоли қуёш, ақл эса бамисоли кўздир. Кўз, агар соғлом бўлса, очилиши билан қуёшни кўради, нарсаларнинг тафсилотларини идрок қилади.
Аллоҳ таоло баъзи ҳайвонларга берган хислатларни, масалан, отнинг чопиши, эшитиши, кўриши, филнинг кучи, шернинг шижоати каби баъзи хислатларни одамзодга ҳам ато этган. Аммо унинг бошқа жонзотлардан афзал ва азиз қилиниши, айтиб ўтганимиздек, ақл сабаблидир”.
“...ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик...”
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу оятни “Қуруқликда эшак, хачир, от, туя каби уловларга, денгизда эса катта-кичик кемаларга миндириб қўйдик”, деб тафсир қилган. Бунга қўшимча равишда замонавий автоуловларни ҳам киритиш мумкин.
Аллома Фахруддин Розий оят тафсирида бундай ёзади: “Аллоҳ таоло ҳайвонларни инсонлар миниши, юк ортиши ва бошқа шу каби ишларини бажариши учун бўйсундириб қўйган. Шунингдек, сувлару кемаларни ҳам унга миниши, юкларини ташиши ва бошқа юмушларини бажариши учун одамзодга бўйсундириб қўйган. Буларнинг барчаси инсоннинг бу оламда бўйсуниладиган раҳбар, итоат қилинадиган подшоҳ эканига, бошқа барча борлиқ унинг қўли остида эканига далолатдир”.
“...ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик” экинлардан, гўшту сутлар ва яна бошқа ранги ва мазаси турли-туман неъматлардан ризқ қилиб бердик. Гўзал манзаралар, турфа хил, ранг-баранг кийим-кечаклардан, дунёнинг турли бурчакларида етишадиган анвойи мевалардан ризқларини бердик.
“...ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик...” яъни, бошқа махлуқот ва мавжудотлардан устун қилдик.
Бизнинг аҳли сунна вал жамоа ақидамизга кўра, фаришталарнинг пайғамбарларидан инсонларнинг пайғамбарлари афзалдир. Оддий мўминлардан фаришталарнинг пайғамбарлари афзал. Оддий фаришталардан оддий мўминлар афзалдир (“Ақоид матнлари”).
Қуртубий, Ибн Касир ва Фахруддин Розий тафсирлари асосида
Нўъмон АБДУЛМАЖИД
тайёрлади.
1. Диний соҳани танлашингизга нималар ва кимлар туртки берган?
– Диний соҳани танлашимга падари бузрукворим сабабчи бўлган. У киши бизга ёшлигимиздан қисқа сураларни ёдлаттирган. Туманимиздаги жоме масжидлар имомларига шогирд тушдим. Мактабни тугатгач, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига ўқишга кирдим.
2. Бугунги имом қандай бўлиши керак?
– Бугунги имом илмли, одобли, муомалада, юриш-туришда барчага ибрат ва намуна бўлиши зарур. Ўз устида тинимсиз ишлаши керак. Шу билан бирга, юртимизда диний-маърифий ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардор ва бу хайрли ишларни халққа етказа оладиган бўлиши зарур.
3. Имом-хатиб одамлар орасида худди юздаги холдек бўлиши керак. Шундай эмасми?
– Бугун халқимиз маърифатини юксалтириш, бидъат-хурофотларга муросасиз бўлишда имомнинг ўрни алоҳида. Имомнинг сўзи ва амали уйғун, яъни айтганига ўзи амал қиладиган бўлиши керак. Шундагина у одамлар орасида худди юздаги холдек бўлади.
4. Бугун жамиятимизда сизни қайси жиҳатлар қувонтиради ва ташвишга солади?
– Юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар барча қатори мени ҳам қувонтиради. Айниқса, Қуръон ва тажвидни ўргатиш курслари фаолияти йўлга қўйилгани таҳсинга сазовор.
Айрим ёшларнинг билиб-билмай ақидаси бузуқ турли ғаламислар тузоғига тушиб қолаётгани дилни хуфтон қилади.
5. Энг кўп ўқийдиган китобларингиз? Диний манбалардан ташқари қандай мавзулардаги китобларни мутолаа қиласиз?
– Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг “Тафсири Ҳилол”, “Ҳадис ва ҳаёт”, “Руҳий тарбия” асарларини қўлдан қўймай мутолаа қиламан. Алихонтўра Соғунийнинг “Туркистон қайғуси” китоби, жадидчи боболаримизнинг асарлари мени мафтун этган.
6. Танлаган касбингиздан кўнглингиз тўлмаган пайтлар ҳам бўлганми?
– Касбим – фахрим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меросларини имкон қадар халққа етказаётганимдан беҳад бахтиёрман, алҳамдулиллаҳ.
Маълумот ўрнида, Шокирхон Имомиддинов 1979 йилда Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида туғилган. 1997–2001 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таълим олган. 2001 йилдан бери Қуйи Чирчиқ тумани “Олмазор” жоме масжидида имом-хатиб ҳамда 2019 йилдан буён мазкур туман бош имоми бўлиб ишлаб келмоқда.
"Hidoyat" журналининг 8-сонидан олинган