Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Январ, 2025   |   5 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:33
Аср
15:26
Шом
17:10
Хуфтон
18:30
Bismillah
04 Январ, 2025, 5 Ражаб, 1446

Инсон азиз

16.12.2017   4868   4 min.
Инсон азиз

Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70).

Аллоҳ таоло одамзодни азизу мукаррам қилган, уни энг гўзал ва мукаммал шаклда яратган. Қуръони каримнинг “Тин” сурасининг тўртинчи оятида марҳамат қилинади:

Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим (шаклда) яратдик”. Аллоҳ таоло одамни тик оёқда юрадиган, қўли билан овқат ейдиган қилиб яратди. Унга қулоқ, кўз, кўнгил берди. Инсон улар воситасида кўради, эшитади ва нарсаларни бир-биридан фарқлайди. У нарсаларнинг яхшисини ва чиройлисини билади. Дин ва дунё ишларида ўзига нима фойдаю нима зарар эканини ажрата олади.

Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик”. Уламолар ушбу оятни турлича тафсир қилишган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга кўра, инсоннинг ўзга жонзотлардан мукаррамлиги овқатни қўли билан ейишидир.

Муҳаммад ибн Каъб “Инсоният орасидан Ҳазрат Муҳаммад алайҳиссаломнинг бўлишлари уларнинг мукаррамлилигидир”, деб тафсир қилган бўлса, Заҳҳокка кўра, одамзод нутқ ва фаросати билан мукаррам бўлган. Муфассир Ибн Жарир Табарий “инсонларнинг кўпчилик махлуқот устидан ҳукмронлик қилиши ва борлиқнинг одамзодга бўйсундирилгани унинг азизлигидандир”, деган. Яна айрим олимларнинг тафсир қилишларича, инсоният гапириши ва ёза олиши билан бошқа махлуқлардан азиздир.

Тафсирчи Қуртубий айтади: “Одам болаларининг азизлигига сабаб улардаги ақлдир. Зеро, ақл таклифнинг (ибодат ва муомалага лаёқатнинг) асосидир. Инсон ақл билан Аллоҳ таолони танийди, Унинг каломини тушунади, неъматларига эришади, пайғамбарларини тасдиқлайди. Фақат ақл бандани барча мақсадларига етказолмаслиги сабаб пайғамбарлар юборилган, китоблар туширилган. Шариат бамисоли қуёш, ақл эса бамисоли кўздир. Кўз, агар соғлом бўлса, очилиши билан қуёшни кўради, нарсаларнинг тафсилотларини идрок қилади.

Аллоҳ таоло баъзи ҳайвонларга берган хислатларни, масалан, отнинг чопиши, эшитиши, кўриши, филнинг кучи, шернинг шижоати каби баъзи хислатларни одамзодга ҳам ато этган. Аммо унинг бошқа жонзотлардан афзал ва азиз қилиниши, айтиб ўтганимиздек, ақл сабаблидир”.

“...ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик...”

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу оятни “Қуруқликда эшак, хачир, от, туя каби уловларга, денгизда эса катта-кичик кемаларга миндириб қўйдик”, деб тафсир қилган. Бунга қўшимча равишда замонавий автоуловларни ҳам киритиш мумкин.

Аллома Фахруддин Розий оят тафсирида бундай ёзади: “Аллоҳ таоло ҳайвонларни  инсонлар миниши, юк ортиши ва бошқа шу каби ишларини бажариши учун бўйсундириб қўйган. Шунингдек, сувлару кемаларни ҳам унга миниши, юкларини ташиши ва бошқа юмушларини бажариши учун одамзодга бўйсундириб қўйган. Буларнинг барчаси инсоннинг бу оламда бўйсуниладиган раҳбар, итоат қилинадиган подшоҳ эканига, бошқа барча борлиқ унинг қўли остида эканига далолатдир”.

“...ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик” экинлардан, гўшту сутлар ва яна бошқа ранги ва мазаси турли-туман неъматлардан ризқ қилиб бердик. Гўзал манзаралар, турфа хил, ранг-баранг кийим-кечаклардан, дунёнинг турли бурчакларида етишадиган анвойи мевалардан ризқларини бердик.

“...ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик...” яъни, бошқа махлуқот ва мавжудотлардан устун қилдик.

Бизнинг аҳли сунна вал жамоа ақидамизга кўра, фаришталарнинг пайғамбарларидан инсонларнинг пайғамбарлари афзалдир. Оддий мўминлардан фаришталарнинг пайғамбарлари афзал. Оддий фаришталардан оддий мўминлар афзалдир (“Ақоид матнлари”).

Қуртубий, Ибн Касир ва Фахруддин Розий тафсирлари асосида

Нўъмон АБДУЛМАЖИД

тайёрлади.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ҳасан ибн Алийга байъат қилиниши

3.01.2025   1400   3 min.
Ҳасан ибн Алийга байъат қилиниши

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу бомдод намозига чиқаётганларида, хорижийлардан бўлган Абдурраҳмон ибн Мулжам Муродий деган одам у кишини заҳарланган қилич билан жароҳатлади. Бу мудҳиш ҳодиса ҳижрий 40 йил Рамазон ойининг ўн саккизинчи кунида, милодий 660 йилда содир бўлди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу уч кундан кейин вафот этдилар. У зотнинг халифаликлари тўрт йилу тўққиз ой давом этди.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ўлдирилганларидан кейин одамлар у кишининг ўғиллари имом Ҳасанга байъат қилишди. У киши 6 ой давомида халифалик қилдилар. Ана шу олти ой мобайнида имом Ҳасан розияллоҳу анҳу ўз асҳобларининг нотавонликларини, умматни бирлаштириш зарурлигини сездилар ва сулҳни афзал кўрдилар. Халифаликдан воз кечиб, Муовияга «Сиз халифа бўлаверинг» деган маънода гап айтдилар. Бу воқеа ҳижрий 40 йил робиъул аввал ойида, милодий 661 йилда бўлиб ўтди. Ислом уммати бир халифа раҳбарлиги остида қайта бирлашган ушбу йил «Жамоат йили» деган номни олди.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари билан рошид халифалик ҳам барҳам топган, энди Аллоҳ таолонинг йўлида тўлиқ юриш ҳам ниҳоясига етган эди.

Мана шу ердан аста-секин нотўғри ҳолатга бурилиш бошланди.

Рошид халифалар давридаги энг муҳим ҳодисалар:

– ҳижрий 11 йилда ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар.

– ҳижрий 12 йилда Ридда урушлари бўлди.

– ҳижрий 13 йилда Ярмук жанги бўлди.

– жумодус соний ойида ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу вафот этдилар.

– ҳижрий 14 йилда Дамашқ фатҳ бўлди.

– ҳижрий 15 йилда Қодисия жанги бўлди.

– ҳижрий 16–19 йилларда Форс ерлари фатҳ қилинди.

– ҳижрий 20 йилда Миср фатҳ қилинди.

– ҳижрий 21 йилда Наҳованд жанги бўлди.

– ҳижрий 22–23 йилларда Хуросон фатҳ қилинди.

– зулҳижжа ойида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шаҳид бўлдилар.

– ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу халифа бўлдилар.

– ҳижрий 27 йилда Тароблус фатҳ қилинди.

– ҳижрий 28 йилда Кипр фатҳ қилинди.

– ҳижрий 31 йилда Зотус-саворий жанги бўлиб ўтди.

– ҳижрий 32 йилда Хуросон қайта фатҳ қилинди.

– ҳижрий 36 йил зулҳижжа ойида ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу шаҳид бўлдилар.

– ҳазрати Алий ибн Абу Толиб халифа бўлдилар.

– туя жанги бўлди.

– ҳижрий 37 йилда Сиффин жанги бўлиб, ҳакамлик ишга тушди.

– ҳижрий 38 йилда Наҳравон жанги бўлди.

– ҳижрий 40 йил Рамазон ойида Алий розияллоҳу анҳу шаҳид бўлдилар.

Шу билан рошид халифалик даври ниҳоясига етди.

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди