“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70).
Аллоҳ таоло одамзодни азизу мукаррам қилган, уни энг гўзал ва мукаммал шаклда яратган. Қуръони каримнинг “Тин” сурасининг тўртинчи оятида марҳамат қилинади:
“Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим (шаклда) яратдик”. Аллоҳ таоло одамни тик оёқда юрадиган, қўли билан овқат ейдиган қилиб яратди. Унга қулоқ, кўз, кўнгил берди. Инсон улар воситасида кўради, эшитади ва нарсаларни бир-биридан фарқлайди. У нарсаларнинг яхшисини ва чиройлисини билади. Дин ва дунё ишларида ўзига нима фойдаю нима зарар эканини ажрата олади.
“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик”. Уламолар ушбу оятни турлича тафсир қилишган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга кўра, инсоннинг ўзга жонзотлардан мукаррамлиги овқатни қўли билан ейишидир.
Муҳаммад ибн Каъб “Инсоният орасидан Ҳазрат Муҳаммад алайҳиссаломнинг бўлишлари уларнинг мукаррамлилигидир”, деб тафсир қилган бўлса, Заҳҳокка кўра, одамзод нутқ ва фаросати билан мукаррам бўлган. Муфассир Ибн Жарир Табарий “инсонларнинг кўпчилик махлуқот устидан ҳукмронлик қилиши ва борлиқнинг одамзодга бўйсундирилгани унинг азизлигидандир”, деган. Яна айрим олимларнинг тафсир қилишларича, инсоният гапириши ва ёза олиши билан бошқа махлуқлардан азиздир.
Тафсирчи Қуртубий айтади: “Одам болаларининг азизлигига сабаб улардаги ақлдир. Зеро, ақл таклифнинг (ибодат ва муомалага лаёқатнинг) асосидир. Инсон ақл билан Аллоҳ таолони танийди, Унинг каломини тушунади, неъматларига эришади, пайғамбарларини тасдиқлайди. Фақат ақл бандани барча мақсадларига етказолмаслиги сабаб пайғамбарлар юборилган, китоблар туширилган. Шариат бамисоли қуёш, ақл эса бамисоли кўздир. Кўз, агар соғлом бўлса, очилиши билан қуёшни кўради, нарсаларнинг тафсилотларини идрок қилади.
Аллоҳ таоло баъзи ҳайвонларга берган хислатларни, масалан, отнинг чопиши, эшитиши, кўриши, филнинг кучи, шернинг шижоати каби баъзи хислатларни одамзодга ҳам ато этган. Аммо унинг бошқа жонзотлардан афзал ва азиз қилиниши, айтиб ўтганимиздек, ақл сабаблидир”.
“...ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик...”
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу оятни “Қуруқликда эшак, хачир, от, туя каби уловларга, денгизда эса катта-кичик кемаларга миндириб қўйдик”, деб тафсир қилган. Бунга қўшимча равишда замонавий автоуловларни ҳам киритиш мумкин.
Аллома Фахруддин Розий оят тафсирида бундай ёзади: “Аллоҳ таоло ҳайвонларни инсонлар миниши, юк ортиши ва бошқа шу каби ишларини бажариши учун бўйсундириб қўйган. Шунингдек, сувлару кемаларни ҳам унга миниши, юкларини ташиши ва бошқа юмушларини бажариши учун одамзодга бўйсундириб қўйган. Буларнинг барчаси инсоннинг бу оламда бўйсуниладиган раҳбар, итоат қилинадиган подшоҳ эканига, бошқа барча борлиқ унинг қўли остида эканига далолатдир”.
“...ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик” экинлардан, гўшту сутлар ва яна бошқа ранги ва мазаси турли-туман неъматлардан ризқ қилиб бердик. Гўзал манзаралар, турфа хил, ранг-баранг кийим-кечаклардан, дунёнинг турли бурчакларида етишадиган анвойи мевалардан ризқларини бердик.
“...ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик...” яъни, бошқа махлуқот ва мавжудотлардан устун қилдик.
Бизнинг аҳли сунна вал жамоа ақидамизга кўра, фаришталарнинг пайғамбарларидан инсонларнинг пайғамбарлари афзалдир. Оддий мўминлардан фаришталарнинг пайғамбарлари афзал. Оддий фаришталардан оддий мўминлар афзалдир (“Ақоид матнлари”).
Қуртубий, Ибн Касир ва Фахруддин Розий тафсирлари асосида
Нўъмон АБДУЛМАЖИД
тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай бўлса шундай ҳолида Жаброил алайҳиссаломдан қабул қилиб олганлар. Қуръони карим етти ҳарфда нозил бўлган.
Турли йўллар билан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони карим етти ҳарфда нозил бўлганини очиқ-ойдин баён қилганларини кўрамиз.
عن ابن عباس رضي الله عنهما عن النبي صلى الله عليه وسلم قال اقراني جبريل على حرف فراجعته فلم ازل استزيده و يزيدني حتى انتهى الى سبعة احرف
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаброил менга бир ҳарфда қироат қилдирди. Унга мурожаат қилиб, зиёда қилишини сўрайвердим, ниҳоят етти ҳарфга етди ”, дедилар”.
Араб тилида “ҳарф” сўзининг маъноси бир нарсанинг олд юз тарафи, бир нарсанинг бурилиши, яъни бузилиши ва бир нарсанинг миқдори, ўлчови сингари маъноларини билдиради.
Ибн Жазарий раҳимаҳуллоҳнинг сўзига кўра, “ҳарф” сўзи “қироат” маъносида ҳам келган: “Шомликлар Ибн Омирнинг ҳарфида (яъни қироатида) қироат қиладилар”. Гоҳида “ҳарф” сўзи “маъно” ва “жиҳат” деган маъноларда ҳам ишлатилади.
Биз сўз юритаётган мавзуда эса бу сўз ўзининг биринчи, яъни “олд- юз тараф” деган маъносида ишлатилади. “Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши” деганда, етти важҳ, яъни кўриниш деган маъно тушунилади.
Уламолар жумҳури Усмоний мусҳафнинг расми етти ҳарфни кўтарадиган шаклда ёзилган деган фикрга мойил бўладилар. Қози Абу Бакр ибн Тоййиб Боқиллоний ушбу фикрни ихтиёр қилиб шундай дейди:
“Саҳиҳ гап шуки, дарҳақиқат ушбу “етти ҳарф” дан тарқалган ва зоҳир бўлган, имомлар у зотдан забт қилишган. Усмон ва саҳобалар “етти ҳарф” ни мусҳафда собит қилганлар ва унинг саҳиҳлиги хабарини берганлар. Мутавотир даражада собит бўлмаганларини эса тушириб қолдирганлар ”.
Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлгани ҳақидаги мавзу энг нозик мавзулардан биридир. Бу мавзунинг нозиклиги бир неча омилга боғлиқ.
Аввало Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлгани саҳиҳ ва мутавотир ҳадиси шарифлар билан собит бўлган. Қолаверса, Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши нима эканлигини ўша ҳадиси шарифлардан тушуниб олишимиз мумкин. Бунинг устига, “етти ҳарф”дан айнан нима кўзда тутилганини ҳам мазкур ҳадиси шарифлардан билиб олиш мушкул. Табийки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг даврларида яшаган саҳобаи киромлар бу нарсалар ҳақида яхши билганлар. Улар ўша ўзлари яхши билишларига суяниб, ўзаро муомала қилганлар.
Шу ўринда “ўзлари тушунган бўлсалар яхши, аммо келажак авлодлар учун бу масалани баён қилиб қўйсалар бўлмасмиди?”, деган савол туғулади. Ўзлари учун оддий бўлган масалани келажакда бошқалар тушунмай қолишини ким ўйлабди дейсиз. Бундан ҳам муҳими, улар бунга ўхшаш оддий нарсаларга вақт ҳам топмаганлар. У азизлар бутун дунёни ислом ҳидоятига бошлашдек улкан иштиёқ билан яшаганлар. Улар ўзлари эришган улкан бахтга ўзгалар ҳам тезроқ эришиши ҳақида бош қотирар эдилар. Бунақанги баҳсларга вақтлари ҳам хоҳишлари ҳам йўқ эди. Хофиз абу Хотим ибн Ҳиббон Бустий: “Одамлар бу масалада ўттиз беш хил фикр айтишган”, дейди.
Имом Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-Итқон фи улумил Қуръан” номли китобларида бу масалада қирқ хил фикр борлигини билдирганлар. Лекин бу фикрларнинг аксарини саҳиҳ нақл ҳамда соғлом мантиқ қўллаб-қувватламайди. Бу хусусидаги хато “етти ҳарф” нинг маъносини узил-кесил тайин қилишни хоҳлаш оқибатида келиб чиққан. Бироқ ибн Аъробий айтганидек етти ҳарфнинг маъноси хусусида матн ҳам, асар ҳам келмаган. Кишиларнинг ихтилофи уни тайин қилишдадир.
Шу ерда Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши нима эканини тушуниш учун ҳаракат қилиб айтилган фикрлардан баъзиларини келтириб ўтсак, фойдадан ҳоли бўлмаса керак. Чунки, бизда ҳам баъзи бир кишилар худди шу гапларни гапиришга ва ёзишга ўтмоқдалар.
“Етти ҳарф” дан мурод нима эканини баён қилмоқчи бўлганлар ўзларича тирли фикрларни айтганлар. Ана шу фикрлардан баъзиларини кўриб чиқамиз.
Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши араб тилининг етти лаҳжасида нозил бўлишидир.
Бу фикрни олға сурганлар ўша араб лаҳжаларини санаб ҳам ўтадилар. Баъзилар уларни қуйидаги лаҳжалардан иборат, дейишади:
1.Қурайш;
2.Ҳузайл;
3.Тамим;
4.Азд;
5.Рабиъа;
6.Ҳавозин;
7.Саъд ибн Бакр.
Бошқалари эса аввалгиларга хилоф равишда қуйидаги лаҳжаларни санаб ўтадилар:
1.Ҳузайл;
2.Кинона;
3.Қайс;
4.Зобба;
5.Таййимур-Рибоб;
6.Асад ибн Ҳузайма;
7.Музор.
Аммо Қуръони каримда ушбу зикр қилиб ўтилган қабилалардан бошқаларнинг ҳам лаҳжалари бордир. Уларнинг барчаси Қурайш луғатида ўз аксини топган. Абу Бакр Воситий ўзининг “Ал- Иршад фил-қироатил-арш” китобида бу лаҳжаларни қирқтагача етказган.
Кўплаб уламолар “етти ҳарф” дан мурод арабларнинг етти лаҳжасидир, деган гап мутлақо тўғри келмаслигини таъкидлаганлар. Аввало, қайси лаҳжалар кўзда тутилгани маълум эмас. Қолаверса, Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлганлиги ҳақидаги ҳадиси шарифларнинг бирида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ҳишом ибн Ҳакам розияллоҳу анҳу билан ихтилоф қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борадилар ва у зот Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлганини айтадилар. Ҳолбуки, ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам Ҳишом ибн Ҳакам розияллоҳу анҳу ҳам араб тилининг қурайш лаҳжасида сўзлашадиган одам эдилар. Агар гап лаҳжада бўлганида, улар ихтилоф қилмас эдилар.
1.Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши етти қироатда нозил бўлишидир. Шунинг учун ҳам Ислом оламида етти ҳил қироат тарқалган.
Халил ибн Аҳмаддан ҳикоя қилинганидек, “Етти ҳарфдан мурод қироатлардир”, деган фикр, хусусан бу гапни айтувчи машҳур етти қироатни назарда тутаётган бўлса, шубҳасиз, бу энг заиф фикрдир .
Бу ҳақиқатга тўғри келмайдиган гап. Сабаби етти қироат деган сўз кейинги даврларда пайдо бўлган. Нубувватдан кейинги даврларда қироатлар кўп бўлган. Кейинчалик уломолар қироатлар ичидан энг машҳурларини танлаб, етти қироатни ихтиёр қилганлар.
2.Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши муайян ададни тақозо қилмайди. Арабларда “етти” сўзи гоҳида чекланмаган ададга нисбатан ишлатилади.
Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши ҳақидаги ҳадиси шарифларда айнан олти билан саккиз орасидаги етти адади хусусидадир. Баъзилар “еттидан мурод ҳақиқий адад эмас, балки осонлаштириш, енгиллаштириш ҳамда кенгликдир. Етти сўзи бирликларда “етти”, ўнликларда “етмиш”, юзликларда “етти юз” шаклида мутлақ кўпликни ифода қилиш учун ишлатилади” дейдилар. Суютий матнларга суяниб, бу сўзни кучли тарзда рад қилган.
Демак, “етти” лафзидан кўплик эмас, балки аксар уламолар тушунганларидек, аниқ сон мақсад қилинган.
Ибн Ҳиббон айтганидек, "Етти – кўпчиликнинг наздида аниқ ададдаги сондир".
Қуръони карим хусусидаги “етти ҳарф”дан мурод “етти илмдир”.
Баъзилар “Қуръони карим етти ҳарфда нозил қилинган, дегани унда етти катта илм баён қилинганидир”, дейишади. Улар ўзларича мазкур етти илм қуйидагилардан иборат эканини айтганлар:
1.Илмул-иншаъ вал-ийжад (мавжудотнинг пайдо қилиниши, яратилишига доир илм);
2.Илмут-тавҳид ват-танзиҳ (Аллоҳ таолонинг тавҳиди танзиҳига доир илм);
3.Илму сифатиз-зат (Аллоҳ таолонинг Зотига доир илм);
4.Илму сифатил-феъл (Аллоҳ таолонинг ишларига доир илм);
5.Илму сифатил-афву вал-азаб (Аллоҳ таолонинг кечируви ва азобига доир илм);
6. Илмул-ҳашр вал-ҳисаб (қиёматда қайта тирилиш ва ҳисоб-китобга доир илм);
7.Илмун-нубувва (пайғамбарлик ҳақидаги илм).
Бу албатта, ҳадиси шарифни ўзларича чуқур, ботиний тарзда тафсир қилишларидир. Аллоҳ таоло бу маънода ҳеч қандай далил нозил қилмаган.
3. Бошқа бир тоифанинг фикрига кўра “етти ҳарф”- дан мурод қуйидаги етти нарсадир:
1.Мутлақ ва муқайяд;
2.Ом ва хос;
3.Насс ва муаввал;
4.Носих ва мансух;
5.Мужмал ва муфассар;
6.Истисно;
7.Унинг қисмлари.
Албатта, бу гап ҳам ҳеч қандай далил ва ҳужжатга асосланмай, хаёлдан айтилган гапдан бошқа нарса эмас. Мазкур истилоҳлар усули фиқҳ атамалари бўлиб, тафсилоти усули фиқҳ китобларида келади.
4. “Етти ҳарф”- дан мурод бир ҳадисда зикри келган етти нарсадир:
Бундай фикр эгалари “етти ҳарфни” тушунтириб,очиб беришда заиф ҳадисга суянадилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кўтарадилар.
У зот Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аввалги китоб бир эшикдан бир важҳда нозил қилинган эди. Қуръон эса етти эшикдан етти ҳарфда нозил қилинди: зожир,омир, ҳалол, ҳаром, муҳкам, муташобиҳ, амсол. Ҳалолни ҳалол денг, ҳаромни ҳаром денг, масаллардан ибрат олинг, муташобиҳларига иймон келтиринг,ва “Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир”, денг!”.
Юқоридаги ҳадисдан шундай ҳулоса келиб чиқади Қуръони каримнинг “етти ҳарфда” нозил бўлиши унинг ичида қуйидаги етти нарсанинг борлигидир:
1.Зожир- зажр қилувчи, яъни қайтариқлар борлиги.
2.Омир- амр қилувчи оятлар борлиги.
3.Ҳалол- ҳалолни баён қилувчи оятлар борлиги.
4.Ҳаром- ҳаромни баён қилувчи оятлар борлиги.
5.Муҳкам- маъноси бошқасига ўҳшамаган очиқ-ойдин оятлар борлиги.
6.Муташобиҳ- маъноси бошқасига ўхшаш, тушуниш учун уриниш керак бўладиган оятлар борлиги.
7.Амсол- масаллар, ибратли қиссалар борлиги.
Ибн Абдулбарр: “Аҳли илмлар наздида ушбу ҳадис собит эмасдир, бу ҳадиснинг заифлигига ижмоъ қилинган”, деган.
5. “Етти ҳарф”- дан мурод маънолари бир ҳил, лафзлари ҳар хил бўлган етти кўринишдир.
Масалан:
أقبِل, هَلُمَّ, تعال “олдинла”, “бу ёққа”, “кел”;
“عجِّل, أسرع “шошил”, “тезла”;
“أنظر, أِّخِّر, أمهل” “шошма”, “кечик”, “вақт бер ”.
Бу ерда бир сўзнинг маъносини англатиш учун бошқа сўзлар ишлатилмоқда. Шу ва бошқа маълумотларни синчиклаб ўрганган мутахасис уламоларимиз, Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши Қуръони каримнинг баъзи сўз ва ҳарфларини талаффуз қилишда ижозат берилган етти тур, хилма-хилликдир, дедилар.
Рустам Нишонов