“Ўғлим, бизнинг сендан бошқа умид нишонамиз, ҳаёт қувончимиз йўқ. Дунёда кўриб ўтатурғон барча орзу-ҳавасимиз фақатгина сенга қараб қолган. Биз Аллоҳга минг шукрлар айтамизки, сен бошқаларнинг фарзандидек эсли-ҳушли бўлдинг, кишилардек сен билан ифтихор қилолмасак-да, сен орқали хижолат чекмаслигимизга ишондик…” Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида Юсуфбек ҳожи тилидан айтилган бу сўзлар замирида отанинг ички дунёси, умидлари, орзу- ҳаваслари, шунингдек, фарзандидан мамнунияти, “Отангга раҳмат” деган улуғ дуоси содда тилда баён қилинган.
Кўзларни қувонтирадиган фарзанди улғайиб, солиҳ инсон бўлишини истаган ота-онадан қаттиқ меҳнат талаб қилинади. Бир ниҳолни умид билан эккан киши катта дарахт бўлиши учун уни астойдил парваришлайди. Ёввойи шохчаларини олиб ташлайди, тагини юмшатади, сув қуяди, ўғит беради. Шундагина мақсадига етиши мумкин. Оилада инсон ҳаёти, эзгу анъаналар давомийлигини таъминловчи шахслар шаклланади. Маданият, урф-одат, диний, ахлоқий, миллий қадриятлар сақланади ва ривожланади. Бўлажак ота-онанинг соғ-саломатлиги, дину диёнати, насл-насаби, одоб-ахлоқи, моддий ва маънавий даражасининг кафолати, турмуш қуришга ҳар томонлама тайёр бўлиши, фарзанд кўриш ва унинг тарбиясини тўғри ташкил эта оладиган қобилиятга эга бўлиши эса мустаҳкам оила қуриш учун муҳим асосдир.
Фарзанд – Яратганнинг улуғ неъмати, дунё ҳаётининг зийнати, қалб райҳонидир. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб, кўнглимиз ҳузур топса, катта бўлганида ғамхўрлигидан кўнглимиз яйрайди. Болага нисбатан бағрикенглик, меҳридарёлик, фидойилик халқимизга хос фазилат. Ота-она қанча меҳр-муҳаббат билан ардоқлаб улғайтирса-да, гоҳида ота-онага мусибат келтирадиган фарзандлар ҳам учрайди. Бунга ота-онанинг тарбияда эҳтиётсизлик, бепарволик қилгани сабабдир. Боғбон ниҳолни яхши ривожланмагани учун кесиб, ўрнига бошқасини экиши мумкин. Аммо ноқобил фарзандни алмаштириб бўлмайди, фақат парваришига зўр бериш керак.
Ҳикоя қилишларича, қадимда икки мамлакат ўртасида қаттиқ тўқнашув бўлиб, бири зафар қозонади. Бир қанча асирлар билан юртига қайтиб келган ғолиб шоҳ элга зиёфат беради. Асирларни ўлимга ҳукм этади. Шун- да улардан бири:
– Шоҳим, бизни ўлдириб нима фойда кўрасиз, ундан кўра бизлардан фойдаланиб қолинг, – дейди.
– Сендан қандай фойдаланаман? – деб сўрайди шоҳ.
– Шоҳим, ҳар биримизнинг ҳунаримиз бор. Масалан, мен ҳар қанча отларингиз орасидан бир кўз югуртириб, энг зўр тулпорни ажратиб бера оламан, – дейди асир. Шоҳнинг амри билан минглаб от яйловга қўйиб юборилади. Шунда асир йигит шоҳнинг энг яхши кўрган отини узоқдан кўрсатиб: “Мана бу тулпор сигир сути билан ўсмаганида етти иқлимга номи кетарди”, дейди. Шоҳ ҳайратланиб, отбоқарни чақиртиради ва бу отни туққан бия касалланиб ўлгани, эмизишга бошқа от топилмагани сабабли бир сигирни эмиб катта бўлганини билиб олади. Шоҳ йигитдан буни қандай аниқлаганини сўрайди:
– Бошқа отлар сувдан кечиб, тўғри кетишди. Бу эса ариқдан ўтганидан сўнг тўхтаб, орқа оёғини бир силкитиб қўйди. Бу иши сигирларга хосдир, – дейди йигит. Шоҳ унинг фаросатига, билимига қойил қолади ва унга қўшиб барча асирларни озод қилиб юборади.
Демак, онанинг табиатига хос яхшилик ва қусурлар сут орқали фарзандларга таъсир кўрсатар экан. Шунинг учун ҳам солиҳа хотинга уйланиш никоҳнинг илк шартларидан ҳисобланади. Афсус, отанинг фарзанд тарбиясига бепарволиги, лоқайдлиги, чиройли, гўзал ахлоқли қилишга, ҳалолу ҳаромни, савобу гуноҳни ажратишга аҳамият бермаслиги ҳам ноқобил фарзандлар пайдо бўлишига муҳит яратади.
Хуллас, ота ҳам, она ҳам яхши ният билан фарзандлар салоҳиятини бош мақсад деб билса ва шунга яраша ҳаракат қилса, гўзал натижага эришилади.
Муҳаммадхон БАДРИДДИНОВ,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
"Ли ийлафи қурайш" сураси, Қурайш қабиласига берилган неъматларга урғу беради.
Бу суранинг нозил бўлиши сабабини ўрганганда, Аллоҳдан янада қўрқиш ҳисси пайдо бўлади. Бу сура ҳаётдаги муҳим муаммолардан бири - неъматга одатланиб, уни қадрсизлантириш ҳақидадир.
Аллоҳ қурайшликларни икки мавсум - қиш ва ёздаги савдо сафарлари орқали тирикчиликларининг яхши кетишига одатланиб қолганликлари, лекин улар бу неъматларнинг ҳақиқий Эгасини тан олиб, шукр қилмаганларини айтади.
Жоҳилият даврида Қурайш қабиласи фақирлик ва очарчиликда яшаган, ҳаётлари жуда ночор ва қийин бўлган. Ҳаттоки, қашшоқлик кучайганида, баъзилар ўз оиласини олиб, “хубо” деб аталган жойга боришар ва ўша ерда очликдан ҳаммаси ҳалок бўлгунига қадар қолишарди. Бу одат жоҳилият даврида “иътифар” деб номланар эди.
Макканинг катта тожирларидан бўлган Ҳошим ибн Абдуманофга бир куни Бани Маҳзум қабиласининг барча аъзолари жуда қаттиқ очликда қолиб, ҳалок бўлиш арафасида экани ҳақидаги хабар етади. У Аллоҳнинг байти Каъбанинг хизматида турган одамларнинг шундай қашшоқлик ва ўта жоҳилона аҳволда эканликларидан ўкинди ва қаттиқ ғазабланди.
Шу сабабдан Ҳошим ибн Абдуманоф бу ёмон одатни ўзгартиришга қарор қилди ва қуйидагиларни амалга оширди:
– Сизлар Аллоҳнинг байтини хизматида бўлатуриб бутун арабларга ўзингизни шарманда қиладиган ёмон одатларни жорий қилгансизлар, деди ва бир қабилани бир нечта уруғларга бўлиб ташлади. Ҳар бир уруғдаги бой кишилардан ўз қариндошлари билан мол-мулкини тенг бўлишишни талаб қилди. Шундай қилиб, камбағал ҳам бой билан тенг бўлди.
Шундан кейин у Қурайш қабиласига тижорат усулларини ўргатди ва уларни йилда икки марта тижорат сафарига чиқиш йўлларини белгилаб берди. Ёзда мева-сабзавотлар савдоси учун Шомга, қишда эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун Яманга сафарларини ташкил қилди.
Шундай қилиб, Шом ва Яманнинг баракаси Маккага олиб келинди ва қурайшликларнинг иқтисодий ҳолати яхшиланди. Шу билан бирга, “иътифар” одати ҳам йўқ бўлди. Бироқ, вақт ўтиши билан Қурайш қабиласи Аллоҳнинг бу неъматларига шукр қилиш ўрнига, уларга одатланиб қолди ва неъматни қадрламай қўйди. Неъматга ношукурлик қилиш – бу унга одатланиб, уни неъмат деб билмасликдир.
Қурайш қабиласи Аллоҳ томонидан туширилган неъматларга одатланиб, уни қадрсизлантиргани учун Аллоҳ уларга бу сурани туширди: "Мана шу Байт (Каъба)нинг Парвардигорига (шукрона учун) ибодат қилсинлар. Зеро, У уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавфу хатардан омон қилди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ