Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етимларни тарбия қилиш, парваришлашга тарғиб қилганлар ва улар ҳимоясининг ҳақи тўғрисида ҳам огоҳлантирганлар, ўзлари ҳам бу ахлоқи ҳамидага амал қилиб, етимлар ҳимоясида ўрнак бўлганлар.
Умму Саийд бинти Муррадан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз етимини ёки бегона етимни кафолатига олиб, агар Аллоҳга тақво қилса, мен билан жаннатда мана бундай бўлади” дедилар ва икки (кўрсатгич ва ўрта) бармоқларига ишора қилдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонларнинг уйлари ичида энг яхшиси етимга яхшилик қилинадиган уйдир. Мусулмонларнинг уйлари ичида энг ёмони ундаги етимга ёмонлик қилинадиган уйдир”, дедилар. Сўнгра икки бармоқларига ишора қилиб: “Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундаймиз” дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ азза ва жалла учун бир етимнинг бошини силаса, қўли нечта сочнинг устидан ўтса, шунча ҳасанот ёзилади. Ким ўз ҳузуридаги етим қизга ёки болага яхшилик қилса, мен ўша одам билан жаннатда мана бундай бўламан” деб икки бармоқларини яқинлаштирдилар (Имом Абу Дардо ривояти).
Амр ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онадан етим қолган қизчани у беҳожат бўлгунича тарбия қилса, унга албатта жаннат вожиб бўлади” дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ учун уйларнинг энг яхшиси унда иззат-икром қилинадиган етим бор уйдир”, деганлар (Имом Байҳақий, Имом Табароний ривояти).
Мулоҳаза қилсангиз, бошдаги сочнинг саноғи минг-минглабни ташкил этади. Ким етимга меҳр кўрсатиб, унинг бошини силаса, ўша соч толаси баробарида ажр-мукофот ваъда қилиняпти. Бу албатта, етимнинг бошини силаганга, аммо унинг бошини силашлик билан бир қаторда унга таълим-тарбия, озиқ-овқат, кийим-бош, айни пайтда, бошпана берган, умрини унинг камолга етишига сарф қилган саховатпеша инсонлар оладиган ажру мукофотнинг ҳисобига етиб бўлмаса керак. Хусусан, етимпарвар хонадонга берилган баҳони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан ўқиб кўрганингиздан кейин ўша хонадонга муҳаббатингиз, ҳурматингиз ошмай қолмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдаги энг яхши хонадон етими бор хонадан деб таъриф бердилар.
Бинобарин, ҳар бир хонадон жамиятнинг ана шу қатламига эътибор қаратса, қанчалар мукофотга эга бўлиши ҳадиси шарифдан кўриниб турибди. Унинг хонадони хайрли хонадонга айланиши, ўзи эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жаннатда икки бармоқ каби яқин бўлиши унинг жаннати эканлигининг хушхабари эмасми? Ахир дунёда яхши амалларни қилиб, жаннатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ёнма-ён бўлишдан кўра, яхшироқ нима бор?! Бундан-да зиёдароқ яхшилик қилиш мумкинми?
Айни шу ваъдага эътиборан етимга кафил бўлган инсон имон-ибодатлари билан биргаликда жаннати эканининг ваъдаси бериляпти. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат куни албатта жаннат эшиги олдида туриб, ўз умматларини чорлашлари айни ҳақиқатдир.
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Наманган вилояти Бош имом-хатиби.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу
Бугун сизларга 6 ёшли бир қизалоқ ҳақида сўзлаб бераман. Қизалоқнинг исми Тесси бўлиб, у камбағал оилада яшарди. Уйларининг биринчи қаватида дорихона жойлашган эди.
Қизалоқ кунларнинг бирида ота-онасига билдирмасдан шу дорихонага борди. Дорихоначи узоқ йил кўришмаган чикаголик бир дўсти билан суҳбат қурарди. Улар дорихонага кирган қизалоқни пайқамай, гаплашишда давом этардилар. Охири Тесси столни тақиллатиб, қўлидаги бир долларни сотувчининг олдига қўйди-да: “Илтимос менга мўъжиза бериб юборинг” деди.
Сотувчи ҳайрон бўлиб: “Сенга нима керак қизалоқ?” деди.
Қизалоқ: “Мана бир доллар, менга мўъжиза керак” деди.
“Биз мўъжиза сотмаймиз” деди сотувчи.
Қизалоқ бу гапни эшитиши билан йиғлаб юборди. “Илтимос қиламан, менда яна 11 сент ҳам бор, менга мўъжиза топиб беринг”.
Сотувчи: “Менда сен излаётган нарса йўқ. Кечирасиз, лекин мен сенга ёрдам беролмайман”, деди.
Дорихоначининг олдида турган дўсти тиз чўкиб, қизалоқдан сўради: “Сиз қандай мўъжиза сотиб олмоқчисиз?”.
“Укам, укам.... касал. У юқори қаватдаги уйимизда аҳволи оғир ҳолатда ётибди. Ҳозиргина шифохонадан келди. Лекин миясидаги шишни даволаб бўлмаяпти. У ўлиб қолади, укам яшаши учун менга мўъжиза керак” деди жажжи қизалоқ кўзлари ёшга тўлиб.
Ҳа, қизча мўъжизани сотиб олса бўладиган нарса деб ўйларди. Чунки у шифокорнинг укаси оғир касал экани, бунинг учун катта маблағ кераклиги ҳақида айтган сўзларини эшитганди. Шифокорнинг бу сўзларидан кейин Тесси кўзлари ёшга тўлган отасининг умидсизлик билан айтган ушбу сўзларини ҳам эшитганди: “Энди...энди ўғлимизни фақат мўъжиза қутқара олади”.
Шунинг учун қизалоққа мўъжиза жуда зарур эди.
“Сизда неча пул бор?” деб сўради ҳалиги чикаголик одам.
“Бир долларим ва яна ўн бир сентим бор”, деди Тесси.
“Қандай ҳам яхши, менинг мўъжизам учун айнан шунча керак бўлади” деб жилмайди ва жажжи муштига пулларини қисиб олган қизчанинг қўлидаги пулни олиб, “Қани менга уйингни кўрсат-чи, укангни кўрмоқчиман” деди.
Маълум бўлишича, бу одам таниқли нейрохирург шифокор Карлтон Aрмстронг экан. У дунёдаги энг яхши нейрохирурглардан бири эди.
Шифокор қизалоқ билан бирга уйга борди ва Тессининг укасини кўриб: “Мен сизнинг фарзандингизни мутлақо бепулга даволайман”, деди. Тессининг оиласи бундан ниҳоятда хурсанд бўлишди. Мўъжиза содир бўлаётганига ишонишмасди.
Шифокор Армстронг жарроҳлик амалиётини муваффақиятли амалга оширди ва унинг бу амалиётда қўллаган услуби бутун дунё тиббиёт мактабларида ўргатиладиган бўлди.
Тез орада Тессининг укаси бутунлай соғлом ҳолда уйга қайтди. “Сизнинг ўз оёқларингиз билан уйимизга келиб қолишингиз бу – ҳақиқий мўъжиза. Пулимиз ҳам йўқ эди. Наҳотки, бепулга шундай мураккаб амалиётни қилиб берган бўлсангиз”, деди қизалоқнинг отаси. Бу гапларни қизалоқ Тесси эшитиб қолиб, югуриб келди: “Йўқ, кечириб қўясиз ҳеч бепул эмас. Мен бу мўъжиза учун 1 доллар ва 11 сент тўлаганман”, деди. Қизалоқнинг ота-онаси ҳайратланиб: “Йўғе, бу сенинг ишингми?” дейишди. Шифокор: “Ҳа, ҳаммасига шу жажжи қизалоқ сабабчи”, деди.
Ушбу ҳикоядан ўзимизга қандай фойдаларни олишимиз мумкин:
Аввало, ёш болаларнинг беғуборлиги, соф табиат экани. Бир нарсага шак-шубҳасиз ишонишлари.
Иккинчидан, Аллоҳ таолонинг раҳмати кенглиги.
Учинчидан, агар бир нарсага чин қалбдан ишонсак ва унга эришиш учун астойдил ҳаракат қилсак, албатта мўъжиза биздан узоқ эмаслигига гувоҳ бўламиз.
Қиссада гувоҳи бўлганингиздек, қизалоқнинг қатъий ишончи сабабли Аллоҳ таоло шифокорни юборди. Натижада, қизалоқнинг укаси тузалиб кетди, мўъжиза содир бўлди. Бунинг учун бор йўғи 1 доллару 11 сент сарфланди.
Даврон НУРМУҲАММАД