Саврнинг “илик узилди” палласи. Қишга ғамланган озуқалар тугаб, бутун жонзот дармонсиз... пишиқчиликка кўз тутган.
Бир қурунчқа (боши катта донхўр қора чумоли) ўтлар орасидан бир дона дон топиб олиб, иштиёқ билан ўзининг қавми сари судрай бошлади. Намгарчиликдан ивиб оғирлашган донни ўтлар орасида гоҳ кўриниб, гоҳо кўринмай хийла масофага судраб келди. У донни очликдан қийналаётган қавмига олиб бориши керак эди. Қиёмгача донни жон-жаҳди билан тортқилаб, ниҳоят яланг, текисроқ жойга етди. Энди охирги марра – баландликка чиқариб олса, бас. У донни гоҳ тишлаб кўтарар, гоҳ судрар, гоҳ думалатар эди. Ниҳоят, тепаликка чиқишга оз қолди, нафасни ростлашга тўхтади…
Ғофил қолди: дон пастга думалади. Қурунчқа уни тўхтаган жойидан яна юқорига судрай бошлади. Унинг оёқлари ҳолсизликдан қалтирар эди. Аммо илож қанча! Донни инига – қавмига етказиш керак! Умид, яхши ният унга куч бағишлади. Донни думалатиб тепаликка чиқарди.
Шу чоқ бир чумчуқ донни кўриб қолиб, қурунчқанинг олдига келди ва унга:
– Эй қурунчқа, у донни мен оғзимдан тушириб юборган эдим. Икки кундан бери очман. Менинг насибамни нега судрайсан? Қаерга олиб борасан?! Менга бер, очман! – деди.
Қурунчқа эса ширин тил билан:
– Эй махлуқларнинг омадлиси! Мен бу донни очликдан азоб чекаётган ўз қавмимга олиб кетаётирман. Улар неча ҳафтадан бери дарахт томирини шимиб кун кўряпти. Сенинг эса Худо берган бақувват оёқларинг, чаққон қанотларинг бор. Улар ёрдамида дон бор жойларга учгин. Мендек ожиз махлуққа зўрлик қилма! Бизни насибасиз қўйма. Ҳар иккимизнинг Аллоҳимиз – Холиқимиз кучлилар ожизларга раҳм қилишини амр этган. Ул Зотнинг амрига тобе бўл! – деди ва донни яна уйи томон судрай бошлади. Чумчуқ тамаъ ва таҳдидли кўзларини унга тикиб, учиб кетишга шошилмади. Шу лаҳзада бир мушук пайдо бўлиб, фикру хаёли бир донагина донда бўлган чумчуққа ташланди. Уни тутиб олди.
Қурунчқа эса донни думалата-думалата инига етказди. Қавми уни тамадди қилиб, тут пишиғига етиб олди.
Иброҳим ТЕШАБОЕВ,
Қува тумани.
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қоринлари ниҳоятда оч эди. Ётиб ухламоқчи бўлдилар аммо ухлашга ҳам қийналдилар. Бир муддатдан кейин ўринларидан туриб, бир тошни қоринларига қўйиб ётмоқчи бўлдилар. Бу ҳолатни кўрган Оиша розияллоҳу анҳо онамиз қаттиқ ҳавотирландилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг кўзларига ёш келди. “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсангиз, Сиз учун ҳамма нарса муҳайё бўладику”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан олдинги Пайғамбарлар ҳам шу ҳолатда кетишди. Мен ҳам Роббимнинг ҳузурига шундай бораман”, дедилар.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга очликдан шикоят қилдик. Қорнимизга (боғлаб олинган) биттадан тошни олиб кўрсатдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита тошни олиб кўрсатдилар”.
Бугун уйингизда бирор таом тайёрлаётганингизда ёнингиздаги қўшнингизнинг қорни оч бўлиши мумкинлигини эсдан чиқарманг. Ҳовлингизда тутунини чиқариб тансиқ таом пиширсангиз, қўшни хонадонда ҳомиладор келин бўлса, уларга ҳам чиқаришни унутманг. Қайнатма шўрва қилсангиз овқатга кўпроқ сув солинг бир коса қўшнига ҳам берасиз.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласи бир кунда икки марта егулик емаган, еса ҳам биттаси хурмо бўлган”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Акбаршоҳ РАСУЛОВ