Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Июн, 2025   |   28 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
24 Июн, 2025, 28 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳридаги 15 Декабрь куни Мавлиди шариф ўқиладиган масжидлар

14.12.2017   3248   2 min.
Тошкент шаҳридаги 15 Декабрь куни Мавлиди шариф ўқиладиган масжидлар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ой – Робиъул аввал ойи муносабати билан ислом дунёсида, хусусан юртимизда Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улуғ насаблари, пок фитратлари, ибрат ва ҳикмат тўла муборак ҳаётларини тараннум этгувчи мавлиди шариф ўқилиши эзгу анъанага айланган.

Бир ой давомида Жума намозларида пойтахтимиз масжидларида ҳам Имом Жаъфар Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳ томонидан Набий алайҳиссалом туғилишлари, ҳаёт йўллари, аҳлоқлари тўғрисида битилган, халқ орасида машҳур бўлган “Мавлиди шариф” ва ўзбек тилидаги саловоти шарифлар ўқилади.

Эртага, насиб бўлса, 15.12.2017 санасида Тошкент шаҳридаги қуйидаги масжидларда Жума намози олдидан  Мавлиди шариф ўқилади:

Учтепа тумани:

1.“Азиз ота” жоме масжиди. (Учтепа тумани, Учтепа кўчаси 54-уй.  Тел.:+998 71 247 76 16)
2.“Маҳкам ота” жоме масжиди. (Учтепа тумани, Байроқ-Дурбек кўча, 14а-уй.  Тел.:+998 71 247 97 29)

Юнусобод тумани:

3.“Омина” жоме масжиди. (Юнусобод тумани, Обод маҳалласи, Ўртасарой кўчаси 30 уй.  Тел. :+998 71 289 00 91)

 

Шайхонтоҳур тумани

4.“Султон ҳожи” жоме масжиди. (Шайхонтоҳур тумани, Шофайзи маҳалласи, Учқўрғон 1-тор кўчаси 2-уй)

Чилонзор тумани

5.“Бўрижар” жоме масжиди. (Чилонзор тумани, “Бўрижар” маҳалласи, Ал Хоразмий кўчаси, 63-уй. Тел: +998 71 216 36 70,   +998 71 216 82 60)
6.“Кўзи ожизлар” жоме масжиди. (Чилонзор тумани, Чўпон ота кўчаси, 28а-уй.  Тел: +998 71 273 49 79)

Яшнобод тумани

7.“Имом Аъзам” жоме масжиди. (Яшнобод тумани Висол кўчаси, 90А уй. Телефон: +998 71 283 00 48)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мадҳ этилган, саловот айтилган давраларга нур ёғилади, қалблар Ул муборак зотнинг исмлари, муборак сийратлари билан ҳушбўй мушк таратади. Бу онда дуолар мустажоб бўлади. Фурсатни бой берманг азизлар, Мавлиди шарифларга марҳабо!

ЎМИ матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Аллоҳ сизнинг хатоларингизни кечишини истасангиз

23.06.2025   2382   3 min.
Аллоҳ сизнинг хатоларингизни кечишини истасангиз

Афв – ўч олишга қодир бўла туриб, тойилиш ва хатолардан ўтиб кечириб юбориш демакдир. Бунинг яна бир маъноси адоват ва нафрат каби иллатларни қалбдан кетказиш бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Қиёмат кунида жарчи нидо қилиб: “Аллоҳнинг зиммасида савоби борлар турсин ва жаннатга кирсин”, дейилади, дедилар. Саҳобалар: “Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар кимлар?” – деб сўрашди. Набий алайҳиссалом: “Одамларни афв қилиб юборувчилар” [1], деб жавоб бердилар.

Агарда сиз ҳам Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар қаторида бўлишни истасангиз сизга ёмонлик қилган, сизнинг ҳаққингиз борасида хато қилган кишининг хато ва камчиликларини кечириб юборинг. Ахир Аллоҳ таоло: «...Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас»[2], дейди.

Сизга нисбатан хато қилган кишиларга юмшоқ муносабатда ва сабрли бўлиш, сизни улушингиздан маҳрум қилганларга ҳам зиқналик қилмаслик, сиз билан алоқани узмоқчи бўлганлар билан ҳам алоқани ушлаб қолиш, узилганларини тезлик билан қайта йўлга қўйиш – буларнинг бари қандайин ахлоқ эканини кўрингки, улар ўз соҳибини қиёмат кунида юксак мартаба ва мақомларга эриштиради.

Ривоятларда келишича, бир аъробийни туҳмат қилгани сабабли султоннинг ҳузурига келтиришибди. У йўл-йўлакай «Мана менинг китобимни ўқинглар» деган ояти каримани тиловат қилиб борибди. Атрофдагилардан бири унга қарата: “Бу қиёмат куни айтилади, бугун эмас”, дебди. Аъробий жавоб бериб: “Худо ҳаққи, бу кун қиёмат кунидан-да ёмонроқ. Чунки қиёмат кунида менинг ёмонликларим билан бирга яхшиликларим ҳам кўрсатилади ва ҳисобга олинади. Бугун менинг ёмонликларимни эътиборга оляпсизлар-у, яхшиликларимни инобатга оларми­дингиз?!” – дебди.

Сиз отасиз! Фарзандингиз бир маротаба хатога йўл қўйдими, бундай вазиятда унинг барча яхшиликларини унутиб юборманг.

Мабодо дўстингиз сизга нисбатан бир гал хато иш қилиб қўйса, сиз у билан бирга елкама-елка туриб ўтказган яхши кунларингиз ва унинг чиройли дўстлиги ва садоқатини эсдан чиқарманг.

Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳматуллоҳи алайҳ бундай дей­дилар: “Эй инсон! Сен ва Роббинг ўртасида Ўзидан бош­қаси билмайдиган хато ва камчиликларинг бор. Аллоҳ уларни кечириб юборишини хоҳлайсан. Агар ростдан ҳам шу гуноҳларинг афв этилиши иштиёқида бўлсанг, у ҳолда У Зотнинг бандаларидан ўтган хатоларни кечир ва афв эт. Аллоҳ сенинг хатоларингдан кечишини истасанг, сен ҳам бандаларининг хатоларини ўтиб юбор”.

 

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

 


[1]  Имом Табароний ҳасан санад билан ривоят қилган.
[2]  Шуро сураси, 40-оят.