Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Ноябр, 2024   |   04 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:39
Қуёш
06:59
Пешин
12:12
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:31
Bismillah
05 Ноябр, 2024, 04 Жумадул аввал, 1446

Бир ҳадис шарҳи: Ота-онага яхшилик қилиш фазилати

14.12.2017   8584   4 min.
Бир ҳадис шарҳи: Ота-онага яхшилик қилиш фазилати

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Роббнинг розилиги отанинг розилигида ва Аллоҳнинг ғазаби отанинг ғазабидадир”.

Шарҳ: Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилиш хусусида шундай марҳамат қилган: “Аллоҳга ибодат қилингизлар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангизлар! Ота-оналарга эса яxшилик қилингизлар!..” (Нисо, 36).

“Анкабут” сурасининг 8- оятида эса: “Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик (яъни ота-она хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин, хоҳ мусулмон, хоҳ кофир бўлсин, уларга яхшилик қилиш фарзанднинг бурчидир)”, деган.

 Демак, ота-она номига сазовор бўлган шахс борки, динимизда улар эҳтиромга лойиқ зотлар сифатида қадрланади. Юқоридаги ҳадиси шариф матнида келган “Раббнинг розилиги” отанинг розилиги ва “Аллоҳнинг ғазаби” отанинг ғазабида эканининг ўзи ҳам, Исломда уларнинг қадри қанчалар юксак эканига далолат қилиб турибди.

 Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда иккала ўринда ҳам “ота” сўзи ўрнига “ота-она” сўзи келтирилган ва буни ровийдан шак дейилган. Ҳадис китобларининг баъзи жойларида “ровийдан шак” деган сўзга кўзимиз тушади. Бу эса ўша ҳадиси шарифни кучсиз эканига эмас, балки фақат ўша лафз ҳақида ровийнинг шакда эканини ифодалайди. Яна ҳам аниқроқ айтсак, ровий шу иккала сўздан қайси бирини айтганлари ҳақида шакка тушганини тушунсак бўлади.

Дунёда ҳеч бир буюк шахснинг сўзи ёки у ҳақидаги маълумотлар, охирзамон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ва ҳаётлари сингари аниқлик билан сақланиб қолинмаган. Ҳаттоки, ўзимиз ҳам бундан бир неча кун олдин ўзимиз айтган сўзларни сўзма-сўз айтиб беришимиз амри маҳол. Лекин саҳобалар ва улардан кейинги масъулиятли мусулмон уламоларнинг шарафли хизматлари сабабли, ҳадислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан қандай эшитилган бўлса, худди шундайлигича бизгача етиб келган.

Имом Термизий бу ҳадиси шарифни мавқуф деганлар. Ота дейилганда ўзининг асл ота ва бобоси киради. Ота-онани рози қилишлик билан Аллоҳнинг розилигига эришилади. Уларни ғазаблантириш билан Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлинади. Агар бу амр ва қайтариқлар фарзанднинг шахсига зулм бўлса ҳам, Аллоҳ таолонинг шариатига хилоф бўлмаса, фарзанд савоб умидида ота онанинг бу ишига сабр қилади. Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда шундай дейилади: Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот: “Бир мусулмон инсоннинг мусулмон ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса бир эшикни очади. Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ундан ўша шахс рози бўлмагунича, Аллоҳ рози бўлмайди”, дедилар. “Ота-она унга зулм қилган бўлса ҳамми?” – дейилди. “Зулм қилган бўлсалар ҳам” – дедилар.

 Имом Таҳовий: "Фарзанд мубоҳ нарсаларда бўйсунади. Наҳй қилинган нарсаларда эмас”, дейдилар.

 Тоҳир Фатаний: “Агар икковлари дунёвий ишларда унга зулм қилсалар, кўнади ва бўйсунади, охират ишларида эмас” деган.

 Имом Ғаззолий: “Кўпчилик уламолар ота онанинг итоати шубҳали нарсаларда вожиблигини айтганлар. Тўлиқ ҳаромда вожиб бўлмайди. Чунки, шубҳани тарк қилиш вараъга киради. Ота онанинг итоати эса мажбурийдир", деганлар.

 Уламолар яна қуйидагиларни айтадилар: “Агар ота-онанинг ҳаққига баробар риоя қилиш мумкин бўлмай қолса, улуғлаш ва эҳтиром маъносида ота устун қўйилади. Чунки, насаб ундандир. Хизмат ва инъом юзасидан онанинг ҳаққи устун қўйилади. Мисол учун, ота-она ташқаридан кириб келганда ота учун ўриндан турилади. Фарзанд бирор нарса ҳадя қиладиган бўлса онасидан бошлайди. Фарзанд ота-онадан фақат биттасига нафақа беришга қодир бўлса, онасига беради.

 

Демак ота-онани рози қилиш бу дунёда ҳам, охиратда ҳам фақат ва фақат яхшиликка сабаб бўлишини унутмаслик лозим. Аллоҳ таоло барчаларимизга, ота-оналаримизни рози қилиб, Аллоҳ таолонинг розилигига эришмоғимизни насиб қилсин!

 

Олимхон ЮСУПОВ,

“Махдуми Аъзам” жоме масжиди

 имом хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Ислом энциклопедияси” китоби нашр этилди

4.11.2024   1667   1 min.
“Ислом энциклопедияси” китоби нашр этилди

Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, Бош муфтий Наврўзбай ҳожи Таған ўғли бошчилигида нашр этилган “Ислом энциклопедияси” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
 

 “Муфтият” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган мазкур китобнинг тақдимот маросимида ҚМДИ раиси Наврўзбай ҳожи Таған ўғли, тарихчи олимлар, филологлар ва зиёлилар, диний идора ҳузуридаги Оқсоқоллар ва экспертлар кенгаши аъзолари, шунингдек, китобхонлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди, деб хабар беради muftyat.kz.


-  Маълумки, муҳтарам Юртбошимиз Қосим-Жомарт Кемел ўғли шундай деган эди: “Анъанавий исломни халқимиз дунёқарашига кўра улуғлаш жуда муҳим. Унинг илмий-назарий асосларини ишлаб чиқиш зарур”. “Ислом энциклопедияси” китоби Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг анъанавий динимизнинг илмий-назарий асосларини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли лойиҳаларидан биридир. Албатта, бунгача ҳам мамлакатда ислом динига оид турли энциклопедиялар нашр этилган. Биз кекса авлодимиз бошлаган хайрли ишларни давом эттирдик, такомиллаштирдик. Диний идора томонидан тайёрланган “Ислом энциклопедияси”нинг ўзига хос жиҳати шундаки, у мамлакатимизда ислом динига бағишланган биринчи кўп жилдли қомус саналади. Ушбу асарнинг 5 жилдини ўқувчиларга тақдим этмоқчимиз. Умид қиламизки, Аллоҳ таолонинг изни билан барча жилдлар тартиб билан нашр қилиниб, китобхонларга етиб боради”, — деди Бош муфтий.

Маросимда Қозоғистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Бауйржан Омаров, таниқли олимлар Гарифолла Есим, Дихан Камзабекули, Ойгул Исмаковалар ҳам иштирок этиб, қўллаб-қувватладилар ҳамда янги иш қозоқ жамияти учун фойдали бўлишини таъкидладилар.

Айтиш жоизки, “Ислом энциклопедияси” диний арбоблар ва талабалар, олимлар ва кенг китобхонлар оммаси учун мўлжалланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати