Оила қасри, асосан, ота-она, эр-хотин ва фарзандлардан иборат бўлади. Уларнинг ўрталаридаги муносабатларга ҳам алоҳида эътибор билан ёндашилади. Айниқса, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги алоқалар жуда муҳим бўлиб, ўғил-қизларнинг ўзаро ота-оналари зиммасида муайян ҳақлари бўлгани каби ота-онанинг ҳам фарзандлари зиммасида бир мунча ҳақлари борки, уларни тез-тез эслаб ҳаётда дастур қилиб олишимиз бизлар учун ёруғлик, эзгулик келтиради. Шу маънода ҳаётда ёруғ кунларда яшашни орзу қилган ҳар бир фарзанд Навоий бобомизнинг қуйидаги байтларига гоҳо-гоҳо назар ташласин.
Бошни фидо айла ато қошиға!
Жисмни қил садқа ано бошиға!
Туну-кунунга айлагали нур фош!
Бирисин ой айла, бирисин қуёш!
Иста ато йўлида фидо жон қилмоқ,
Қуллуқ аноға имкон қилмоқ,
Зуҳри адаб истасанг фаровон қилмоқ,
Бил ани ато-аноға эҳсон қилмоқ.
Фарзанд ато қуллуғин чу одат қилғай,
Ул одат ила касби саодат қилғай,
Ҳар кимки, атоға кўп риоят қилғай
Ўғлидан анга бу иш сироят қилғай
Ҳақиқатан ҳам, ота-она ўз фарзандларини боқиб, вояга етказар экан, уларга турмуш кечиришнинг йўл-йўриқларини, касб-ҳунарларини ўргатади. “Қуш уясида кўрганини қилади” дегандек, фарзандлар ҳам ота-она бағрида ўсиб-улғаяр эканлар, уларнинг юриш-туришидан, гап-сўзидан, ҳатти-ҳаракатидан, касбу-коридан ибрат олиб, тажриба ва ҳунар орттириб, “кўзлари пишиб” боради.
Шунга кўра, бизнинг туғилиб, эс-ҳушимизни танишимизда, вояга етиб, билим ва касб эгаллашимизда, инсоний фазилатлар ва яхши хулк соҳиби бўлиб етишишимизда, ҳулласи жамиятга муносиб комил инсонлар қаторидан жой олишимизда ота-онанинг буюк ҳиссаси борлигини хеч ким инкор қила олмайди.
Дарҳақиқат, ота-онамиз бизнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлади, вояга етишимизда уларнинг саъй-ҳаракатлари беқиёсдир. Аллоҳ таоло барчаларимизни фарзандлик бурчини тўла адо этишимизни, ота-оналарини рози қилиб, Унинг ризолигига эришувимизни насиб этсин.
«Ёш фарзандларни овқатдан олдин ва кейин қўл ювишга, овқатланишни «Бисмиллаҳ» билан бошлашга, ўнг қўл билан ейишга, еб бўлганидан сўнг Яратганга шукр айтишга одатлантиришингиз лозим. Шунингдек, ўнг қўл билан ёзиш, кийим кийганда ўнгидан бошлаш, уйга ўнг оёқ билан кириш, ҳар бир ишни «Бисмиллаҳ» билан бошлашга ҳам ўргатинг.
Болаларга тозаликка риоя қилиш, тирноқларини олиш, кийимларини тоза-пок сақлаш, таҳоратхонага кириш-чиқиш тартибларидан таълим беринг.
Фарзандларга холи ҳолда, уялтирмай, бошқалар олдида шарманда қилмай насиҳат қилишингиз лозим. Баъзан шўхлик қилиб, гапингизга қулоқ солишмаса ёки бирор ишда хато қилишса, уларни урмай-сўкмай, тушунтиришингиз зарур. Жуда иложи бўлмай қолганида бир-икки кун гаплашмай қўйсангиз, кифоя.
Фарзандларингизнинг кимлар билан дўст ва ҳамсуҳбат бўлишларига эътиборли бўлинг, кўчада сабабсиз, бемақсад туриш ва юришларига, сиздан сўрамай, узоқ вақт бирор машғулот билан шуғулланишларига ёки олис жойга равона бўлишларига рухсат берманг.
Фарзандларни уйда ва кўчадаги таниш-нотаниш одамларга «Ассалому алайкум» деб салом беришга, қўни-қўшниларга яхшилик ва ёрдам кўрсатишга, азият етказмасликка, уйингизга келган меҳмонга ҳурмат кўрсатиш ва хизмат қилишга одатлантиринг.
Ўғил-қизларингизни куфр сўзлардан, бировларни ҳақорат қилишдан, беҳаё гапларни гапиришдан қайтаринг. Буларнинг ниҳоятда ёмонлигини, ярамас сўз-гаплар туфайли одам қаттиқ гуноҳкор бўлиши ва зарар кўришини мулойимлик билан тушунтиринг. Ўзингиз ҳам бу борада уларга ибрат-намуна бўлинг, чиройли ахлоқ соҳиби эканингизни исботланг.
Фарзандларни қиморнинг турли кўринишлари, қарта, ошиқ ва ўртага пул қўйиб ўйналадиган барча ўйинлардан қайтариш даркор. Қимор бўлмаса ҳам, қимматли вақтини беҳуда совурадиган, дарс тайёрлаш ва фойдали машғулотлардан айирадиган ўйинларни ҳам чеклаш лозим. Уларнинг ахлоқсиз, беҳаё, фаҳш суратли газета-журналлар, китобларни ўқишларига, жинсий муносабатларни, шафқатсизлик, ахлоқсизлик, ёвузликларни тарғиб қиладиган филм ва томошаларни кўришларига йўл берманг.
“Бамисоли сирка асални бузганидек, бадфеъллик ва ахлоқсизлик ҳам кишининг қилаётган амалларини бузади”.
Фарзандларингизни сигарет чекиш ва ароқ ичишдан қайтариб, бу иллатларнинг инсон соғлиғи ва иқтисодига қанчалар зарар келтиришини, кулфатга бошлашини эринмай тушунтиринг. Бунинг ўрнига мева ва ширинликлар истеъмол қилишга тарғиб этинг”.
Ўғил-қизларимизни ҳар қандай ҳолатда ҳам рост сўзлашга, ёлғонни ҳатто ҳазил тариқасида ҳам гапирмасликка, ваъдага албатта вафо қилишга ўргатишимиз лозим. Чунки ёш болалар одатда ўта таъсирчан ва тақлид қилишга ўч буладилар. Ёлғонни атрофидаги муҳитдан ўрганиб, ота-онаси ёки ака-укаларидан бирор манфаатга эришиш учун ёлғон ишлатишлари мумкин. Тўғрилик ҳар бир яхшиликнинг асоси, ёлғон эса ҳар қандай ёмонликнинг онаси ва бошланишидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, тўғрилик яхшиликка бошлайди. Яхшилик жаннатга бошлайди. Ёлғон ёмонликка олиб боради. Ёмонлик эса дўзахга олиб боради”, деганлар. Ўзимиз ҳам уларга бирор нарса ваъда қилсак, олиб беришимиз, борди-ю, бунинг имкони топилмай қолса, уларга тушунтириб, муддатини узайтиришимиз керак.
Давоми бор...
Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.