Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Январ, 2025   |   24 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:19
Қуёш
07:41
Пешин
12:40
Аср
15:48
Шом
17:32
Хуфтон
18:49
Bismillah
24 Январ, 2025, 24 Ражаб, 1446

Бошни фидо айла ато қошиға

14.12.2017   12432   2 min.
Бошни фидо айла ато қошиға

Оила қасри, асосан, ота-она, эр-хотин ва фарзандлардан иборат бўлади. Уларнинг ўрталаридаги муносабатларга ҳам алоҳида эътибор билан ёндашилади. Айниқса, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги алоқалар жуда муҳим бўлиб, ўғил-қизларнинг ўзаро ота-оналари зиммасида муайян ҳақлари бўлгани каби ота-онанинг ҳам фарзандлари зиммасида бир мунча ҳақлари борки, уларни тез-тез эслаб ҳаётда дастур қилиб олишимиз бизлар учун ёруғлик, эзгулик келтиради. Шу маънода ҳаётда ёруғ кунларда яшашни орзу қилган ҳар бир фарзанд Навоий бобомизнинг қуйидаги байтларига гоҳо-гоҳо назар ташласин.

 

Бошни фидо айла ато қошиға!

Жисмни қил садқа ано бошиға!

 

Туну-кунунга айлагали нур фош!

Бирисин ой айла, бирисин қуёш!

 

Иста ато йўлида фидо жон қилмоқ,

Қуллуқ аноға имкон қилмоқ,

 

Зуҳри адаб истасанг фаровон қилмоқ,

Бил ани ато-аноға эҳсон қилмоқ.

 

Фарзанд ато қуллуғин чу одат қилғай,

Ул одат ила касби саодат қилғай,

 

Ҳар кимки, атоға кўп риоят қилғай

Ўғлидан анга бу иш сироят қилғай

 

Ҳақиқатан ҳам, ота-она ўз фарзандларини боқиб, вояга етказар экан, уларга турмуш кечиришнинг йўл-йўриқларини, касб-ҳунарларини ўргатади. “Қуш уясида кўрганини қилади” дегандек, фарзандлар ҳам ота-она бағрида ўсиб-улғаяр эканлар, уларнинг юриш-туришидан,  гап-сўзидан, ҳатти-ҳаракатидан, касбу-коридан ибрат олиб, тажриба ва ҳунар орттириб, “кўзлари пишиб” боради.

Шунга кўра, бизнинг туғилиб, эс-ҳушимизни танишимизда, вояга етиб, билим ва касб эгаллашимизда, инсоний фазилатлар ва яхши хулк соҳиби бўлиб етишишимизда, ҳулласи жамиятга муносиб комил инсонлар қаторидан жой олишимизда ота-онанинг буюк ҳиссаси борлигини хеч ким инкор қила олмайди.

Дарҳақиқат, ота-онамиз бизнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлади, вояга етишимизда уларнинг саъй-ҳаракатлари беқиёсдир. Аллоҳ таоло барчаларимизни фарзандлик бурчини тўла адо этишимизни, ота-оналарини рози қилиб, Унинг ризолигига эришувимизни насиб этсин.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг мерослари тарқатилмоқда

13.01.2025   11422   1 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг мерослари тарқатилмоқда

Мақоланинг аудио шакли

Саҳобалар ичида энг зеҳни ўткири Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кунлардан бирида бозорга бордим. Одамларнинг мол-дунё билан овора эканликларини кўриб уларга:

– Сиз бу ерда савдо-сотиқ билан машғулсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари тарқатилаётганидан хабарингиз йўқми? – дедим. Савдогарлар қўлларидаги молларини ташлаб:

– Йўқ, қаерда? – деб ҳовлиқиб сўрадилар.

– Фалон масжидда, – деб жавоб бердим. Улар шошиб масжид томон югуриб кетишди.

Аммо бироздан сўнг қайтиб келиб:

– Нега бизни алдадингиз? Масжидда ҳеч қандай мерос тарқатилмаяпти-ку? –дейишди.

Мен:

– Қандай қилиб? Ахир масжидда кимларни кўрдингиз? – деб сўрадим.

Улар:

– Қуръон ўқиётган қориларни ва ҳадис ўрганаётган толиби илмларни, –дейишди.

– Ана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросларидир, – деб жавоб бердим.

“Ўзимдан сўнг сизга икки нарса қолдирдим, агар уларни маҳкам тутсангиз ҳаргиз адашмайсиз. Улар Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг ҳадисидир”, деган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин”.

Даврон НУРМУҲАММАД