Сирдарё вилояти имом-хатиблари томонидан таълим муассасаларида ўтказилаётган “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остидаги давра-суҳбатлари давом этмоқда.
Декабрь ойи давомида “Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш”, “Поклик иймондандир” ҳамда “Фарзандларнинг бурч ва вазифалари” мавзуларида маърузалар қилиниши режалаштирилган.
Ўқувчи-талабалар ота-онанинг ҳақлари, уларга нисбатан фарзандлик бурчи ва одоблари, моддий ва маънавий покликнинг нозик жиҳатлари, ўзганинг жони, мол-мулки ва обрўсига тажовуз қилишнинг гуноҳ эканлиги, ўз жонига қасд қилиш муаммонинг ечими эмаслиги, шунингдек, сабр, меҳнат ва яхшилик бахт-саодат асосини ташкил этиши борасида кенг маълумот ва фойдали маслаҳатлар берилмоқда.
Тадбирларда ёшлар томонидан берилаётган саволларга имом-хатиблар томонидан атрофлича жавоблар берилмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати
Аллоҳ таоло инсониятни озодаликка, жисму иймони, уй-жойи – Ватанини пок тутишга, боғу роғлар ўстирувчи ва Ер юзини обод қилувчилардан бўлишга чақиради.
Юқоридаги чақириққа монанд айни кунларда ЎМИ Бухоро вилояти вакили Жобир домла Элов бошчилигида вилоятимиздаги барча масжид, мадраса ва зиёратгоҳларда яшил маконларни кўпайтириш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилиб, дин пешволари томонидан ҳудудларда яшил майдонлар барпо этилмоқда.
Зеро, ҳадис шарифларда: “Албатта, фаришталар экин ёки кўчат экувчининг ҳаққига, модомики, эккан нарсаси кўкариб тураркан, истиғфор айтиб туришади”, - дейилади.
Яратган Зот бу ҳайрли ишларни бардавом ва барокатли қилсин!
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати