Сирдарё вилояти имом-хатиблари томонидан таълим муассасаларида ўтказилаётган “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остидаги давра-суҳбатлари давом этмоқда.
Декабрь ойи давомида “Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш”, “Поклик иймондандир” ҳамда “Фарзандларнинг бурч ва вазифалари” мавзуларида маърузалар қилиниши режалаштирилган.
Ўқувчи-талабалар ота-онанинг ҳақлари, уларга нисбатан фарзандлик бурчи ва одоблари, моддий ва маънавий покликнинг нозик жиҳатлари, ўзганинг жони, мол-мулки ва обрўсига тажовуз қилишнинг гуноҳ эканлиги, ўз жонига қасд қилиш муаммонинг ечими эмаслиги, шунингдек, сабр, меҳнат ва яхшилик бахт-саодат асосини ташкил этиши борасида кенг маълумот ва фойдали маслаҳатлар берилмоқда.
Тадбирларда ёшлар томонидан берилаётган саволларга имом-хатиблар томонидан атрофлича жавоблар берилмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 апрелдаги "Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида кенг қамровли мақсадлар назарда тутилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш, диний-маърифий соҳадаги эзгу ғоя ва ташаббусларни халқ манфаатларидан келиб чиқиб изчил давом эттириш фармоннинг мазмун-моҳиятини ташкил қилади.
Президентимизнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати, узоқ ва яқин давлатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуси туфайли Ўзбекистоннинг дўстлари, хайрихоҳлари халқаро майдонда ҳам кўпайиб бормоқда. Қўшни, яқин ва узоқ жамиятда диний бағрикенглик ва динлараро дўстлик-ҳамкорлик ғояларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ҳолатни нафақат юртдошларимиз, балки турли мамлакатлардан келган меҳмонлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам эътироф этмоқда.
Музаффархон Жониев,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси 2025 йил 3 май, 90-сон