Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Январ, 2025   |   12 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:34
Шом
17:18
Хуфтон
18:37
Bismillah
12 Январ, 2025, 12 Ражаб, 1446

Пайғамбаримиз алайҳисалломнинг саломатликка оид суннатлари

13.12.2017   12636   2 min.
Пайғамбаримиз алайҳисалломнинг саломатликка оид суннатлари

Рабиул аввал, яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган ойнинг охирги кунларида турибмиз. Шу муносабат билан эътиборингизга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саломатликка оид суннатларини ҳавола этамиз:

Эрта туриш. Набий алайҳиссаломнинг эрта туриш одати бўлган, азон вақтида уйғонганлар. Албатта, эрта туриш кун бўйи инсонга тетиклик ҳамда ишчанлик қобилиятларини беради. Ҳамда ақлий фаолиятни яхшилайди. Баъзилар учун эрта туриш қийин туюлиши ёки иложи йўқдек кўриниши мумкин. Лекин бу одатни кичик қадамлар билан шакллантириш мумкин. Бу эса ҳаётни сезиларли даражада яхшилаши исботланган.

Меъёрида овқатланиш. Меъёрида овқатланиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидандир. Йиллар давомида бир эмас, бир неча текширувларнинг натижаси меъёрида овқатланиш кўплаб касалликларнинг олдини олишини тасдиқлаган. Инсон тўйиб эмас, балки 80 фоиз тўйгунига қадар овқатлангани маъқул.

Сув истеъмол қилиш. Ҳадиси шарифда сувни катта эмас, кичик ҳўпламлар билан ичишга чорланади. Акс ҳолда катта ҳўплаб ичишдан жигар шикастланиши мумкин дейилади. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сув ичишдаги суннатларидандир. Бугунги кунда илмий тадқиқотлар ҳам шуни таъкидлайдики, қисқа вақт ичида, бирданига кўп миқдорда сув ичиш жигарни зарарлашга олиб келади.

Рўза. Илмий тажрибалар шуни кўрсатадики, фақат егуликларнинг ўзи эмас, балки уни тановвул қилиш вақти ҳам инсон организмига таъсир кўрсатади. Рўза тутиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий одатлари бўлган. Бу ишни фақат Рамазон ойида қилмаганлар. Инсон қанчалик кам овқат еса, унинг организми ҳазм қилишга шунчалик кам куч сарфлайди.

Хурмо. Хурмо – шундай меваки, ўзида бир неча фойдали элементларни жамлайди. Тўғри овқатланиш тарзини йўлга қўйган инсонлар, албатта, бундай фойдали маҳсулотлар ҳақида биладилар. Хурмо эса улардан биридир. Ушбу мева инсон организмида қанд даражасини нормаллаштиради. Қондаги холестерин миқдорини камайтиради, юрак билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олади.

Доимий ҳаракатда бўлиш (фаоллик). Исломнинг 5 арконларининг 3 таси жисмоний фаолликни талаб этади. Намоз – биринчи навбатдаги жисмоний ҳаракат кўринишидир, ҳажга бориш ҳамда рўза тутиш ҳам ана шулар жумласидандир. Пайғамбаримиз доимий ҳаракатда бўлганлар ҳамда саломатлигини мустаҳкамлаш  мақсадида сузиш, чавандозлик, мерганлик кабилар билан шуғулланганлар.

Албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари саломатлик борасидаги муҳим тавсиялардир.

 

Шаҳзода АБДУМАЖИДОВА,

Тошкент ислом университети талабаси

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Тўламаган йўлкираларимни қандай адо этаман?

10.01.2025   4598   1 min.
Тўламаган йўлкираларимни қандай адо этаман?

Cавол: Коллежда ўқиб юрган вақтларимда баъзан автобусдан йўлкирани бермасдан тушиб кетардим. Бу ишнинг оғир гуноҳ эканини англаб етдим. Буни қандай тўғриласам бўлади? Тахминий ҳисоблаб, садақа қилсам бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз бу ишингиз учун аввало истиғфор айтиб, тавба қиласиз. Тўламаган йўлкираларингизни тахминий ҳисоблайсиз ҳамда ўзингиз фойдаланган автобуслар бошқармасидан йўлкиралар тўланадиган ҳисоб рақамлари бўлса, қарзларингизни шунга ўтказиб қўясиз ва шу билан зиммангиздаги юкдан қутиласиз, иншааллоҳ. Агар уларда бундай имконият бўлмаса, садақа қилиб юборасиз.

Шуни ёдда тутиш лозимки, бировларнинг ҳақлари энг аввало эгасига қайтариш шарт бўлади. Эгаси ёки унинг меросхўрларини топишнинг иложи умуман бўлмагандагина унинг номидан садақа қилинади. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар