Рабиул аввал, яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган ойнинг охирги кунларида турибмиз. Шу муносабат билан эътиборингизга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саломатликка оид суннатларини ҳавола этамиз:
Эрта туриш. Набий алайҳиссаломнинг эрта туриш одати бўлган, азон вақтида уйғонганлар. Албатта, эрта туриш кун бўйи инсонга тетиклик ҳамда ишчанлик қобилиятларини беради. Ҳамда ақлий фаолиятни яхшилайди. Баъзилар учун эрта туриш қийин туюлиши ёки иложи йўқдек кўриниши мумкин. Лекин бу одатни кичик қадамлар билан шакллантириш мумкин. Бу эса ҳаётни сезиларли даражада яхшилаши исботланган.
Меъёрида овқатланиш. Меъёрида овқатланиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидандир. Йиллар давомида бир эмас, бир неча текширувларнинг натижаси меъёрида овқатланиш кўплаб касалликларнинг олдини олишини тасдиқлаган. Инсон тўйиб эмас, балки 80 фоиз тўйгунига қадар овқатлангани маъқул.
Сув истеъмол қилиш. Ҳадиси шарифда сувни катта эмас, кичик ҳўпламлар билан ичишга чорланади. Акс ҳолда катта ҳўплаб ичишдан жигар шикастланиши мумкин дейилади. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сув ичишдаги суннатларидандир. Бугунги кунда илмий тадқиқотлар ҳам шуни таъкидлайдики, қисқа вақт ичида, бирданига кўп миқдорда сув ичиш жигарни зарарлашга олиб келади.
Рўза. Илмий тажрибалар шуни кўрсатадики, фақат егуликларнинг ўзи эмас, балки уни тановвул қилиш вақти ҳам инсон организмига таъсир кўрсатади. Рўза тутиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий одатлари бўлган. Бу ишни фақат Рамазон ойида қилмаганлар. Инсон қанчалик кам овқат еса, унинг организми ҳазм қилишга шунчалик кам куч сарфлайди.
Хурмо. Хурмо – шундай меваки, ўзида бир неча фойдали элементларни жамлайди. Тўғри овқатланиш тарзини йўлга қўйган инсонлар, албатта, бундай фойдали маҳсулотлар ҳақида биладилар. Хурмо эса улардан биридир. Ушбу мева инсон организмида қанд даражасини нормаллаштиради. Қондаги холестерин миқдорини камайтиради, юрак билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олади.
Доимий ҳаракатда бўлиш (фаоллик). Исломнинг 5 арконларининг 3 таси жисмоний фаолликни талаб этади. Намоз – биринчи навбатдаги жисмоний ҳаракат кўринишидир, ҳажга бориш ҳамда рўза тутиш ҳам ана шулар жумласидандир. Пайғамбаримиз доимий ҳаракатда бўлганлар ҳамда саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида сузиш, чавандозлик, мерганлик кабилар билан шуғулланганлар.
Албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари саломатлик борасидаги муҳим тавсиялардир.
Шаҳзода АБДУМАЖИДОВА,
Тошкент ислом университети талабаси
Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.
Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).
Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.
Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».
Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.
Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.