Ўтган ҳафта Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний номидаги ўрта махсус ислом билим юртида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд топган ойлари муносабати билан сийрат ва ҳадис мусобақаси бўлиб ўтди.
Мусобақа Қуръон тиловати билан бошланди. Мусобақада мадрасанинг 2, 3, 4-курс талабалари ўзаро беллашдилар. Мусобақа қуйидаги шартлар асосида бўлиб ўтди.
1-шарт. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб” деб номланиб, унда иштирокчи жамоалардан бир талаба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзининг дил изҳорларини мактуб орқали ўқиб эшиттирди.
2-шарт. “Ҳадис билимдони” деб номланиб, мазкур шартда «Шамоили Муҳаммадия» асаридан 10 та ҳадис ёддан айтиб берилди.
3-шарт. Сийратга оид саволлар бўлиб, унда «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт» китоби асосида тузилган 10 та саволга жавоб беришди.
4-шарт. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот”, деб номланиб, бу шартда иштирокчилар ёлғиз ёки жамоа бўлиб салавот айтишди.
Мусобақа натижасига кўра, 1-ўрин 3-курс талабаларига, 2-ўрин 4-курс талабаларига ва 3-ўрин 2-курс талабаларига насиб этди. Ғолиб жамоаларга мадраса раҳбариятининг қимматбаҳо совғалари топширилди.
ЎМИ матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Мадинаи мунаввара шаҳридаги «Zamzam Pullman» меҳмонхонасида бўлиб турган зиёратчилар билан суҳбатлашдилар. Юртдошларимиздан соғликлари, кайфиятлари, ибодатларини қандай адо этаётганлари, меҳмонхонадаги шароитлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини сўрадилар.
Бўлажак ҳожилар зиёрат ва ибодатларни бекаму кўст адо этишлари учун кўрсатилаётган хизматлардан ниҳоятда мамнунлигини билдиришди. Айниқса, меҳмонхона Ҳарами шарифга жуда яқинлиги ёши улуғ кишилар учун ҳам қулай бўлаётгани, беш маҳал намозни Масжиди Набавийда адо этишнинг шукуҳи ҳақида сўзладилар. Малакали имом-хатиблардан ташкил топган элликбошилар, ишчи гуруҳи, шифокорлар туну-кун шай туришганини алоҳида эътироф этишди.
Муқаддас заминда тоат-ибодатларини хотиржам бажараётган зиёратчилар яқинлари, оила аъзолари қаторида тез-тез эл-юртимиз, давлатимиз раҳбари ва бошқа мутасаддилар ҳақларига дуолар қилиб, офият ва фаровонлигимиз бардавомлигини Аллоҳдан сўрашмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати