Жорий йилнинг 12 декабрь куни Учтепа тумани “Аёллар маслаҳат маркази”да Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган отинойиларнинг диний, маънавий-маърифий билим салоҳиятларини ошириш мақсадида “Буюк мазҳаббоши – Имоми Аъзам” мавзусида ўқув семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этилган ушубу сенминарда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг мусъул ходимлари иштирок этди.
Семинарда бугунги кунда дунё мусулмонларининг аксарияти Ҳанафий мазҳабига эргашиши, ушбу мазҳабнинг замон ва маконга мослашувчанлиги, шаръий қоидаларнинг ишончли ва пухталиги ҳақида маълумотлар берилди.
Шаҳар отинойилари томонидан Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг болаликлари, устозлари, шогирдлари ва асарлари ҳадислар ва маърузалар асосида ёритиб берилди.
Шунингдек, ўқув семинарида отинойилар доимо ўз устида ишлаб, билим салоҳиятини ошириб бориши, бунда ҳозирги кунда юртимиз уламолари томонидан чоп этилаётган китоблардан фойдаланиши ҳамда диний идора ташаббуси билан интернетда ақоид, тажвид, тафсир, ҳадис, фиқҳ фанларидан олиб борилаётган онлайн дарсларини кузатиб боришлари тавсия қилинди.
Тадбир давомида жамиятимиздаги айрим: мушкулкушод, бибисешанба каби бидъат-хурофотларнинг олдини олиш бўйича ҳам керакли тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
матбуот хизмати
Имом-хатиблар фаолиятини янада самарали ташкил этиш бўйича кўчма семинар бугун республикамизнинг Қораўзак ва Тахтакўпир туманларида ташкил этилди. Қораўзак туманидаги марказий "Идрис эшон" жоме масжидида Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳрамаддин Разов бошчилигида соҳа ходимлари, маҳалла раислари ва зиёратчилар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, сайёр тадбирда амалга ошириладиган ишлар кўлами тушунтирилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Қораўзак ва Тахтакўпир туманларининг 5 та масжиди ва 19 та маҳалласига бириктирилди. Улар ўзларига бириктирилган маҳалла ҳудудидан 101 та муаммоли хонадонга кириб, ўша ерда яшаётганларнинг ҳолидан хабар олди, яшаш шароитлари билан яқиндан танишди ва суҳбатлашди. Уларнинг муаммолари ўрганилиб, фикр-мулоҳазалари тингланди. Имом-хатиблар 10 та тоифага мансуб 101 та оилага маънавий-маърифий, тарғибот-ташвиқот ва амалий ёрдам тадбирларини олиб борди.
Шунингдек, масжидлар атрофида ободонлаштириш ва тозалаш ишларини олиб бориш, иш юритиш, жамоани бошқариш жиҳатлари ҳам ўрганилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ўзларига бириктирилган масжидларда пешин намозини ўқиб, йиғилган қавмга, "Тинчлик бахти. Шукроналик. Илм олиш фазилати. Ёт ғоялар таъсиридан сақланиш. Миссионерлик ҳаракатларининг салбий оқибатлари" каби долзарб мавзуларда маърузалар қилди.
Тадбир якунида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Қораўзак ва Тахтакўпир туманлари имом-хатибларининг маънавий-маърифий, масжид бошқарувидаги ишларига кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ташриф давомида қозиёт қозиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Қораўзак туманидаги "Идрис эшон" масжидининг янгидан қурилаётган биносининг қурилиш ишлари билан танишди.
Б.АББАЗОВ,
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими