Кеча ижтимоий тармоқлар ва турли сайтларда маркази Жиззах вилоятида бўлган зилзила ҳақида маълумотлар тарқалди. Зилзила магнитудаси 3,5 баллни ташкил этгани ва кўпчилик ушбу силкинишни сезмагани таъкидланди. Бироқ инсон зилзила ва турли табиий офатлар вақтида шошиб қолади, ҳодиса пайтида нима қилишни билмайди.
Зилзила ҳақида аниқ маълумот берадиган тизим ҳали ишлаб чиқилмаган, шунинг учун ҳам қачон ва қаерда ҳамда қандай кучдаги зилзила рўй беришини олдиндан айтишнинг ҳозирча иложи йўқ.
Зилзила вақтида нима қилиш кераклигини билмайдиганлар учун ушбу мақола кўмак беради деган умиддамиз.
Динимизда мусулмон одам Аллоҳ таолони кўп зикр қилиши, шу билан бирга қилган хатоларига доим истиғфор айтиши керак. Зеро, инсон хатодан холи эмас. Шундай экан, гуноҳларимиз кўпайиб, тавба ва истиғфорларимиз озайганда Аллоҳ таоло ўзининг қудратини бандаларига Қуёш тутилиши, ой тутилиши ва зилзила орқали кўрсатиб қўяр экан.
Зилзила ҳақида Тақий Усмоний ўзларининг “Мавсуъатул фиқҳийя” асарининг тўртинчи жилдида қуйидагича келтирадилар: “Зилзила Аллоҳ таолонинг оят ва аломатларидан ҳамда ноодатий ҳодисаларидандир. Ҳанафий, шофеий ва ҳанбалий мазҳаби уламолари зилзила содир бўлганда икки ракат намоз ўқиш мустаҳаб эканлигини айтадилар”.
Имом Косоний ва Ибн Қудома рaҳимаҳуллоҳлар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Басрадалик вақтларида зилзила сабабли намоз ўқиганларини нақл қиладилар. Имом Нававий рaҳимаҳуллоҳ “Шарҳу Муҳаззаб”да Али розияллоҳу анҳудан зилзила бўлганда намоз ўқиш кераклиги ҳақидаги ривоятни келтирганлар.
Имом Косоний рaҳимаҳуллоҳ айтадиларки: “Бу усул қўрқинчли ва даҳшатли ҳодисалар пайтида намоз ўқишлик лозимлигига асослангандир. Қуёш ва ой тутилишида ўқиладиган намозларнинг асоси ҳам шудир”.
Намознинг ўқилиш тартиби қуйидагича:
Бу намоз жамоат бўлиб эмас, балки якка ҳолда ўқилади. Бошқа намозлардан фарқли бўлмаган ҳолда икки ракаат бўлиб, намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтларда ўқилмайди. Намоздан сўнг дуога жидду жаҳд қилинади.
Юқоридаги маълумотлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, ер силкиниши, ўта қаттиқ шамол келиши, кучли ёмғир ёғиб, сел оқиши каби ҳолатлар шунчаки табиий ҳодиса эмас, балки, сизу бизнинг гуноҳларимиз ҳаддан ошгани, Ҳақ таолонинг ибодагига бепарволигимиз, “Беш кунлик дунёда ўйнаб қол” қабилида иш тутишимизнинг аянчли ва хатарли оқибати экан. Шунингдек, бу бизга Аллоҳ таолонинг Ўзига қайтиб, тавба ва истиғфорга шошилишимизга илоҳий чақириқ эканлигини ҳам ёдда тутмоғимиз даркор.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Пешин намозини 12:12 деб ёзилган, бу дегани 12:12 да пешинни ўқисам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, тақвимда кўрсатилган вақт намознинг аввалги вақтидир. Шу вақтдан бошлаб намоз ўқиш жоиз. Хусусан пешинни ҳам. Лекин жамоат билан ўқиш ва жамоатни кўпайтириш каби фазилат кўзда тутилса, бу вақтдан бироз кечиктириш ҳам дуруст. Аёллар эса жамоатга чиқмаганлари сабабли намоз вақти киргандан адо қилишлари афзалдир. Бу ҳақда “Баҳрур-роиқ” китобида бундай дейилади:
وأداء الصلاة في أول الوقت أفضل إلا إذا تضمن التأخير فضيلة لا تحصل بدونه كتكثير الجماعة، ولا يتأتى هذا في حق من في المفازة فكان التعجيل أولى، ولهذا كان أولى للنساء أن يصلين في أول الوقت لانهن لا يخرجن إلى الجماعة.
“Намозни аввалги вақтида ўқиш афзал. Лекин жамоатни кўпайтириш каби намозни (аввалги вақтидан) кечиктирмаса ҳосил бўлмайдиган фазилатли ҳолатлар бундан мустасно. Саҳро (чўл) жойлардаги киши ҳақида бундай фазилат ҳосил бўлмагани учун, намозни тезлаштириши афзалдир. Шунинг учун ҳам аёллар намознинг аввалги вақтида ўқиши авло. Чунки улар жамоатга чиқмайдилар”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази