Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги масжидлар сони яна биттага кўпайгани ҳақида олдинроқ хабар берган эдик. Мазкур хабарда тумандаги “Толли ота” жоме масжиди Сурхондарё вилояти Адлия бошқармасидан рўйхатдан ўтказилиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан мазкур масжид иш бошлаши тўғрисида маълумот берилган эди.
Ўтган жума, 8 декабрь куни эса айнан шу “Толли ота” жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу мўъжазгина жоме Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллик тўйига муносиб тўёна бўлди. Шу муносабат билан масжидда шукрона дастурхони ёзилди. Ушбу тадбирда диний идора масжидлар бўлими масъул ходими Исҳоқжон домла Бегматов, Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Алиакбар домла Сайфиддинов, вилоятдаги мутасаддилар ва кўплаб намозхонлар иштирок этишди.
Тадбир байрамона кайфиятда ўтди. Унда Исҳоқжон домла Бегматов сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларини қўшалоқ хурсандчиликлар, яъни Бош Қомусимиз қабул қилинганининг 25 йиллик тўйи ва “Толли ота” жоме масжиди очилиши билан табриклаб, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг масжид қавмига салом ва табрикларини етказди.
Шундан сўнг барча жума намозини ўқиш учун масжид хонақосига таклиф этилди. Жума намозидан кейин дуога қўл очилиб, мана шундай буюк неъматлар ила юртимизни, халқимизни сийлаётган Яратган Парвардигорга ҳамду сано айтилиб, юртимизда бўлаётган улкан ўзгаришлар асосчиси бўлмиш Давлатимиз раҳбари, уларнинг ёнларида диний соҳада суянчиқ ва кўмакчи бўлиб турган муфтий ҳазратлари, меҳнаткаш халқимиз ва мўмин-мусулмонларимиз ҳақига дуолар қилинди.
Яна бир бор янги масжид муборак бўлсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.