frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Бахтли оила қуриш сабабларидан бири... (совчилик масаласи)

09.12.2017   12091   11 min.
Бахтли оила қуриш сабабларидан бири...  (совчилик масаласи)

 

Янги оила барпо қилишга илк қадам совчиликдан бошланади.  Совчи – оила барпо қилишдек савобли ва масъулиятли ишни амалга оширувчидир. Шу боисдан совчилик мобайнида икки тараф нималарга эътибор қилиши кераклиги борасида динимиз кўрсатмаларига назар соламиз.

Совчилик – ёш йигитни ёки қизни никоҳлаш учун бир хонадонга бориш демакдир. Совчилик фақат йигит тарафидан эмас, балки қиз тарафдан ҳам бўлиши мумкин.

Совчиликнинг бу икки тури ҳам ўз навбатида икки қисмга бўлинади:

никоҳланувчининг ўзи совчи бўлиши;

совчилик учун бошқа бировни вакил қилиши.

Буларнинг ҳаммасини қўшиб айтадиган бўлсак, совчилик тўрт турга бўлинади.

Биринчиси, йигитнинг ўзи совчи бўлиши. Бу ҳолат саҳобаи киромлар орасида ҳам, ундан кейин ҳам кўп бўлган. Халқимизда бу турдаги совчилик урф бўлмаса-да, баъзи ҳолларда эшитиб қоламиз. Бу турдаги совчиликка мисол қилиб Али карромаллоҳу важҳаҳунинг Фотима онамизга совчи қўйганликларини келтиришимиз мумкин.

Иккинчиси, йигит совчилик учун бирор кишини вакил қилиши. Бу турдаги совчилик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида ҳам ҳозир ҳам совчиликнинг энг оммабоп тури бўлгани боис бунга ортиқча изоҳ беришга ҳожат йўқ. Бироқ, шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратишимиз лозим. Совчиликнинг бу турига оид кўплаб ривоятлар мавжуд. Бу ривоятларнинг деярли барчасида вакил бўлган кишилар эркак киши бўлган. Шулардан Билол розияллоҳу анҳунинг ўз укаси номидан, Умар розияллоҳу анҳунинг фарзандлари номидан қилган совчиликлари машҳур. Уларнинг ҳеч қайсиси мол-дунё, келин-куёвнинг сарполари ҳақида оғиз ҳам очмаган. Шу боисдан ҳам аёллар ўрнига эркаклар совчилик қилса, янги оила барпо қилишдек савобли ишга ўзлари бош бўлса арзимас дунё матолари деб кўплаб оилалар бузилиб кетмас эди. Мана шундай қатъият, яхши ният, ихлос билан қурилган оилалардан Умар ибн Абдулазиздек одил инсонлар, Имом Бухорий, Имом Термизийдек забардаст олимлар дунёга келган бўлар эди.

Учинчиси, қиз ёки аёлнинг ўзи совчи бўлиши. Динимизда совчиликнинг бу тури ҳам мавжуд. Бироқ, аёлларнинг шаънини улуғлаш учун бу совчилик деб эмас “таклиф” деб юритилгани ҳамда бизнинг урфимизда бу ҳолат деярли содир бўлмагани учун одамлар мумкин эмас деб ўйлаб қолишган. Бу турдаги совчиликка мисоллар жуда кўп. Хадича онамиз никоҳига олишлари учун ўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таклиф қилганликлари ҳам айни ҳақиқат. Аслида, никоҳ ўз умрини бирга ўтказиш  учун солиҳ, одоб-ахлоқли, хушфеъл ва салоҳиятли жуфт топиш билан бўлади. Шу боисдан ҳам Хадича онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдаги омонатдорлик, гўзал одоб-ахлоқни кўргани учун аёллигига ҳам, ёшининг катталигига ҳам қараб турмасдан ўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таклиф қилдилар. Натижада, бутун инсониятнинг саййида аёлларидан бирига айландилар. Қиёматгача одамлар яхши ном билан, муҳаббат билан, дуолар билан тилга оладиган инсонга айландилар.

Тўртинчиси, қиз ёки аёл номидан вакил кишининг совчи бўлиши. Совчиликнинг бу тури ҳам жуда машҳур. Аллоҳ таолонинг каломи шарифида ҳам совчиликнинг бу тури борасида қуйидагича оят мавжуд:

قَالَ إِنِّي أُرِيدُ أَنْ أُنْكِحَكَ إِحْدَى ابْنَتَيَّ هَاتَيْنِ عَلَى أَنْ تَأْجُرَنِي ثَمَانِيَ حِجَجٍ

(Шуайб алайҳиссалом) айтди: “Менга саккиз йил ишлаб беришинг бадалига мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман...” (Қасас сураси, 27-оят).

Оятда Шуайб алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга ўз қизларидан бирини таклиф қилгани келтирилмоқда. Бундай турдаги совчилик ҳам жуда машҳур. Умар розияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобалар, қолаверса, кўплаб уламоларимиз ҳаётида ҳам ўз қизлари учун совчи бўлганини учратишимиз мумкин.

Совчилик қандай турларга бўлинишини билиб олдик. Энди мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган ҳолатларини мулоҳаза қилиб кўрсак.

Динимизда бирор бир кишининг никоҳи (ёки унаштирув) остида бўлмаган, мусулмон ёки аҳли китоб аёлларга совчи қўйишга изн берилади.

Қуйидаги ҳолатларда эса аёлларга совчи қўйиб бўлмайди:

1 Бошқа бир мусулмоннинг аёли бўлса;

Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида шундай буюради:

“... Яна, эрли хотинлар... (никоҳи ҳам ҳаром қилинди)...” (Нисо сураси, 24-оят).

  1. Бошқа бировга унаштирилган бўлса;

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон киши бошқа бир мусулмон қўйган совчи устига совчи қўйишдан қайтарганлар. Икки совчининг бир вақтда келиб қолиши совчилик устига совчи қўйиш ҳисобланмайди.

  1. Талоқ иддасида ўтирган аёлга;

Бироқ, бунда бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Агар аёл талоқ иддасида эмас, балки эри вафот этгани сабабли идда ўтирган бўлса, иддаси вақтида эркак киши унга уйланиш истаги борлиги ҳақида яқин қариндошлари орқали ишора қилиб қўйиши мумкин.

  1. Мушрика аёлга;

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Мушрика аёлларни, то иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг...” (Бақара сураси, 221-оят).

Ота-боболаримиз муқаддас динимиз буйруқларини ўз ҳаётига дастурул-амал қилиб олганлар. Бунинг исботини ҳаётнинг турли соҳаларида кўришимиз мумкин. Хусусан, никоҳ борасида ота-боболаримиз диндор ва салоҳиятли бўлишга эътибор қаратганлар.

Ҳар бир мусулмон киши ўз ҳаёт йўлида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаи киромларини ўрнак қилиб олади. Совчилик борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай йўл тутгани барчамиз учун айни муддао.

Шу сабабдан ҳам  Али розияллоҳу анҳунинг Фотима онамизга совчи бўлгани воқеасини яна бир бор эсга оламиз.

Мусулмонлар ташвишлари кўпайиб кетганидан Фотима онамиз никоҳи тўғрисида унутилаёзди. Шу боисдан саҳобаи киромларнинг улуғлари Фотима онамиз ёшлари ўтиб бораётганидан хавотирга тушдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу, Умар розияллоҳу анҳу совчи қўйиб кўрдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рози бўлмадилар. Саҳобаи киромлар Али розияллоҳу анҳуга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб Фотима онамизни сўрашини тавсия қилдилар. Али розияллоҳу анҳу эса: “Абу Бакр ва Умардек кишиларга бермадилар-ку, менга қандай қилиб Фотимани беришлари мумкин”, дедилар. Саҳобийлар: “Фотима учун сендан ҳам муносиброқ бошқа бировни кўрмаяпмиз. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени жуда яхши кўрадилар, албатта, сенга беради”, дедилар. Қиссани давомини Али розияллоҳу анҳу қуйидагича давом эттирадилар:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Фотимага уйланмоқчи эканим ҳақида айтишни ўйлаб юрдим. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига бориб, у зотнинг ҳузурларига кирдим. Дилимдаги ўйлаб юрган фикрлар ҳақида айтмоқчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларига қарадим. Шунда у зотнинг салобатлари босиб, хижолатдан юзларим қизарди, тилимга бирор калима ҳам келмай қолди. Менда хижолат ва уятдан шундай ўзгариш бўлдики, бу фақатгина Аллоҳга аён. Жим туриб қолдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар-да, шундай дедилар: “Ҳой, Али, гўёки Фотимани (никоҳингга олмоқни) хоҳлаётганга ўхшайсан-а?!”. Мен: “Ҳа, эй Аллоҳнинг  Расули”, дедим. У зот: “(Уйланиш учун) молинг борми?” дедилар”.

Ҳолбуки, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Али розияллоҳу анҳунинг бирор нарсаси йўқлигини билар эдилар. Али розияллоҳу анҳунинг қўй жунидан тўқилган бир кийими бўлиб, кечаси ўшанинг устида ухлар, кундузи эса устига ташлаб, ўраниб юрар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир бор: “Бирор бир маблағинг борми?!” дедилар. Али розияллоҳу анҳу: “Ҳеч қандай мол-давлатим йўқ, эй, Аллоҳнинг Расули”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўйлаб кўрчи!”  дедилар. Али розияллоҳу анҳу: “Аллоҳга қасамки, менда на дирҳам бор ва на динор. Ҳатто хурмо ҳам, дон ҳам ва ё забиб ҳам йўқ”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхшилаб ўйлаб кўр! Ҳеч қандай қурол-аслаҳанг ҳам йўқми?!” дедилар. Али розияллоҳу анҳу: “Икки дирҳамга ҳам етмайдиган совутим бор, мен уни жанг майдонида кийиб юраман”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни келтиришни буюрдилар. Али розияллоҳу анҳу чиқиб, хижолатомуз ҳолда уйга бордилар ва совутларини олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб келдилар. Совутни У зотнинг олдиларига қўйдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу – Фотиманинг маҳридир. У (Фотима) рози бўлди. Сен ҳам уни қабул қилдингми, эй Али!” дедилар. Али розияллоҳу анҳу: “Қабул қилдим”, деди. Шундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энди Фотима сенинг жуфти ҳалолингдир”, дедилар. Сўнгра Али розияллоҳу анҳу Фотима розияллоҳу анҳони олиб уйга бордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алига: “Тўй дастурхони ёз”, деб буюрдилар. Али розияллоҳу анҳу: “Менинг ҳеч вақоим йўқ, ё Расулуллоҳ”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминлар оналарининг уйларига боринглар, бирор егулик сўранглар!”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча аёллари учун алоҳида-алоҳида хоналар қилинган эди. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг бирида ухламоқчи бўлиб ётсалар, хона кичкина ва торлигидан У зотнинг бошлари хонанинг иккинчи тарафига тегиб қолар эди. Саҳобаи киромлар Умму Салама розияллоҳу анҳунинг уйларига бордилар. У ердан бир қанча нон бўлаклари топишди. Оиша розияллоҳу анҳо ҳузурларига бордилар. Оиша онамиз: “Аллоҳга қасамки, менинг олдимда ҳеч бир егулик қолмаган”, дедилар. Зайнаб онамизнинг ҳузурларига бориб, у ердан забиб топдилар. Бошқа бир онамизнинг уйларидан сут топилди. Барча егуликлар тўплангач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларни менинг олдимга олиб келинглар, барака сўраб дуо қиламан”,  дедилар. Сўнгра Али ва Фотималарнинг таомларига барака сўраб дуо қилдилар. Аллоҳнинг изни билан барча одамлар тўйдилар. Али ва Фотима розияллоҳу анҳумолар Аллоҳнинг зикри ила янги оилани барпо эта бошладилар.

Бу қисса ҳақида ортиқча мулоҳаза билдириб ўтирмаймиз. Буни ўқиган барча ўзига нима керак эканини хулоса қилиб олади.

Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ, чиройли ҳаёт кечиришимизни насиб этсин.

 

Жалолиддин Ҳамроқулов,

Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом-хатиби

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Муз нега сувда чўкмайди? Беруний ва Ибн Синонинг минг йил олдинги илмий баҳси

14.08.2026   20535   6 min.
Муз нега сувда чўкмайди? Беруний ва Ибн Синонинг минг йил олдинги илмий баҳси

Хоразмлик ёш мутафаккир Абу Райҳон Берунийнинг Аристотель физикасига билдирган тажрибавий эътирозлари ва Ибн Сино билан ёзишмалари Х-ХI асрлар бўсағасида Марказий Осиёда шаклланган мустақил танқидий илмий фикрнинг энг ёрқин намунаси ҳисобланади, хабар бермоқда ЎзА.

Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.

Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.

Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.

Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.

Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.

Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.

Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.

Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ибратли ҳикоялар