Баъзида инсон гуноҳ қилиб қўяди. Шунда иймони унга буни қайтиб қилмасликка буюради. Шайтони эса ундан яна бир марта лаззатланиб, кейин бутунлай тарк этишига чақиради. Инсон унинг гапига кириб, ўша гуноҳни яна бир бор қилади. Шайтон-чи?! У тўхтамайди. Яна ва яна келиб, ҳалиги гуноҳга ундайверади, унинг “яна бир гал”и тугамайди. Охир оқибат тавба кейинга сурилиб қолиб кетади.
Ҳа, шайтоннинг мўминларни тузоққа тушириш йўлида ишлатган хатарли ҳийлаларидан бири мана шу, яъни улар гуноҳларни бутунлай тарк этишларига йўл қўймаслигидир. Балки, ўша гуноҳларни зийнатли кўрсатиб, қалбда ҳасрат қолмасин дея яна бир бор қилиб кўришлари, такрор қўл уриб, кейин тавба қилса бўлишини қалбига солади. Шу боис гуноҳ қилган инсон учун муносиб йўл шуки, нафсига қаттиқ босим ўтказиб бўлса-да, ўша гуноҳ ишни дарров тарк қилимоғи лозим.
Шайх Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар: “Бу ўта хатарли алдовдир. Чунки мўмин киши иймони ва тақвоси туфайли маъсият яқинига боришга журъат қилмайди. Лекин, агар бирор гуноҳни бир марта қилиб кўрса, ундаги маъсиятларни тўсиб турган иймоний оташ ўчади. Шу билан у бошқа ва бошқа гуноҳларга қўл ура бошлайди. Маъсият ҳеч қачон инсонни тўйдирмайди. Инсон гуноҳни яна қайта қилиш билан ундан тўйгани ёки зерикканидан тарк қилишга бормайди. Балки, маъсиятнинг табиати, у ёнига бошқа кўпгина гуноҳларни чақиради. Уни теридаги қўтирга ўхшатиш мумкин. Инсон уни қашлаб роҳатланади-ю, лекин бу қашлаш қўтирларни кўпайтириб, касалликни кучайтириб юборади”.
Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг асар ва мақолалари асосида
Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси Абдулҳодий Ғиёс тайёрлади.
Ҳурматли юртдошлар, muslim.uz портали ижодкорлари сиз азиз мухлисларимизга янги "Мушоҳада" номидаги лойиҳани тақдим этмоқда. Унда бугунги ҳаётимиздаги долзарб муаммолар, турли ижтимоий иллатларга динимиз таълимотидаги ечимлар ҳақида уламолар, соҳа мутахассисларининг фикр-мулоҳазалари бериб борилади, иншааллоҳ.
Тўй – деса халқимиз борини беришга тайёр. Тўй куни тўйхонага дабдаба билан кириб келган икки ёшнинг бахтли онларини кўриб ҳамманинг севинчи ичига сиғмайди. Қани энди, мана шу хурсандчилик билан бошланган янги ҳаёт остонаси, бир умр мустаҳкам бўлса. Минг афсуски не не умидлар билан боғланган никоҳ ришталари гоҳида йил, гоҳида ой баъзида эса кун ўтмай узиляпти. Турли арзимаган сабаблар билан ёш оилалар барбод бўляпти...
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати