Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Феврал, 2025   |   13 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:22
Пешин
12:42
Аср
16:11
Шом
17:56
Хуфтон
19:10
Bismillah
12 Феврал, 2025, 13 Шаъбон, 1446

Индонезия бош имоми: “Мен Ўзбекистоннинг туризм соҳаси бўйича Индонезиядаги вакили бўлишга тайёрман”

7.12.2017   7999   3 min.
Индонезия бош имоми: “Мен Ўзбекистоннинг туризм соҳаси бўйича Индонезиядаги вакили бўлишга тайёрман”

Бугун, 7 декабрь куни Индонезиянинг Жакарта шаҳридаги “Истиқлол” жоме масжиди имом-хатиби Насаруддин Умар бошчилигидаги делегация диний идорага ташриф буюрди. Меҳмонларни Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қабул қилдилар.

Дастлаб О.Юсупов Ўзбекистонда дин соҳасида амалга оширилаётган ишлар, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ташкил этилаётгани, ихтисослашган илмий мактаблар ўз фаолиятини бошлагани ҳақида сўзлаб берди. У ўз сўзида зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қилинаётган саъй-ҳаракатлар тўғрисида алоҳида тўхталиб, индонезияликларни руҳий озуқа оладиган ва инсон қалби ором топиб, маънавий юксалишига хизмат қиладиган табаррук қадамжоларимизни зиёрат қилишга таклиф этди.

Мулоқотда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўз олиб, Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги ҳамкорлик кўп йиллардан давом этиб келаётганини билдирдилар. Индонезия давлатининг собиқ президенти жаноб Сухарто 1989-1996 йиллар оралиғида бир неча бор юртимизга ташриф буюргани, хусусан, Самарқанд вилоятига сафарини Имом Бухорий ҳоки поки қўним топган масканга юксак эҳтиром кўрсатиш билан бошлаганини муфтий ҳазратлари алоҳида эҳтимом билан эсга олдилар.
Учрашувда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов сўз олиб, Президентимиз ташаббуси билан сайёҳлик соҳасига катта эътибор қаратилаётгани, Индонезия билан туризм йўналишида жуда катта ишлар режалаштирилгани ҳақида сўзлади. Бу борада барча чора-тадбирларни уюштириш, чартер рейсларни ташкил этиш ва виза тартибларини соддалаштириш борасида Ўзбекистон томони тайёр эканини А.Абдуҳакимов маълум қилди.
Шундан сўнг, мартабали меҳмон Насаруддин Умар жаноблари ўзининг фикр-мулоҳазаларини қуйидагича баён қилди:
– Мен Жакарта шаҳридаги “Истиқлол” жоме масжиди имом-хатиби ҳисобланаман. Ушбу масжид имом-хатиби мамлакат Президенти томонидан тайинланади ва у барча Индонезиядаги масжидлар фаолиятини мувофиқлаштиради. Биз Ўзбекистондаги зиёратгоҳларни кўриб ҳайратландик ва юқоридаги гаплардан илҳомланиб, албатта, мен Индонезиядаги Ўзбекистоннинг туризм соҳаси бўйича вакили бўлишга тайёрман. 

Бизда умра сафарлари айни пайтда Туркия орқали амалга оширилади. Зиёратчилар ушбу мамлакатда уч кун бўлишида. Агар юртингизни Туркия билан қиёслаш мумкин бўлса, мамлакатингизда жуда ҳам катта зиёрат туризми учун имконият бор. Айниқса, тарихий обидалар, осори атиқалар ва тарихий воқеаларнинг адоғи йўқ, – деди жаноб Насаруддин Умар.

Мартабали меҳмон сўзида давом этиб, Индонезия давлатидан бир ойда 300 минг зиёратчи Туркия орқали умра сафарига бориши, агар улар мамлакатимиздаги табаррук жойлар тўғрисида хабар топишса, албатта, ҳеч иккиланмай Ўзбекистонни танлашларини таъкидлади.

Мулоқот давомида зиёрат туризмини ривожлантириш учун Жакарта–Тошкент йўналишида тўғридан-тўғри рейс очиш, сайёҳлик визаси беришни жорий этиш, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини билдирадиган ихчам ва лўнда шиор танлаш, тажрибали мутахассислар иш услубидан фойдаланиш жуда катта натижа бериши алоҳида қайд этилди.
Ташриф самимий ва дўстона руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Навоий ижодида Расулуллоҳ ﷺ васфи

9.02.2025   4573   1 min.
Навоий ижодида Расулуллоҳ ﷺ васфи

Бугун буюк мутафаккир, шоир ва давлат арбоби Мир Алишер Навоий таваллуд топган кун. 

У зотнинг ижодидан бир шингил: 

 Қаро кўзум, келу, мардумлиғ эмди фан қилғил,
Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил.

 
Шарҳ: Ҳазрат қалблари маҳбубига мурожаат этиш учун, аввало, сўз, ибора ёхуд ташбеҳ излайдилар. Инсон танасининг энг зарур ва азиз бўлган аъзоси кўз неъмати экан, улуғ шоир севимли маҳбубнинг кўзларини тасаввур этадилар. Исломий манбаларни мукаммал билган Ҳазрат Навоий Расули акрам саллоллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари тим қора эканлигини таъкид этароқ, бевосита ийҳом санъати билан - ҳам севимли Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хаёлан мурожаат этадилар, ҳам ул зоти бобаракотни ўзларининг кўзлари ўрнида тасаввур қилиб, улуғлайдилар.

Дарҳақиқат, “Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг кўзлари қораси тим қора эди”.

Мардумак – кўзнинг гавҳари. Маълумки, кўз қабул қилган тасвирлар ана шу мардумакда, гавҳаракда акс этиб туради. Фан – касб, ҳунар маъносини англатади. Улуғ шоир Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга илтижо билан: “Эй қаро кўзли Расулуллоҳ, кўзларимдек азизим, Сизни тушларимда кўрай, кўзларим мардуми ичида доимо сиймонгиз акс этиб турсин, менинг кўзларим мардуми бўлишингиз бир ҳунардек такрор-такрор бўлсин. Ватан – тарк этиб бўлмайдиган маскан, Кўзим мардумини фақатгина Сизнинг аксингиз эгалласин, ё Расулуллоҳ, бу ватанга бошқа ҳеч ким кирмасин”, демоқдалар.  

Филология фанлари доктори, профессор Дилором Салоҳий

Мақолалар