frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Қиш– мўминнинг баҳори (2-мақола): Ибодатнинг роҳати

07.12.2017   5986   4 min.
Қиш– мўминнинг баҳори (2-мақола):                                                           Ибодатнинг роҳати

Қиш. Тунлар ҳамон узайишда давом этмоқда. Мўмин-мусулмонлар шу кунларга: яна қорларни, музларни кўрадиган кунларга етказганига шукр қилиб, зикрларини ва ибодатларини кўпайтирмоқда.

Динимиз покликни талаб этгани боис кишиларимиз намозга бораётганда ёки бошқа иш билан юрганда кийимига лой сачраган бўлса, уни нима қилиш керак, ўша лой сачраган жойин ювиш керакми ёки кийимнинг ҳамма жойин ювиш зарурми дея ўйланиб қолади. Бу иккисининг қайси бирини қилса ҳам жамоатдан қолиб кетади. Аммо Аллоҳ таолонинг меҳрибонлигини қарангки, бу ишнинг иккаласини ҳам қилиш шарт эмас экан. Чунки унинг асли пок экан. “Мусаннаф”да бир қатор тобеинлардан бундай ривоят қилингани келтирилган: “Улар ёмғирдаги сув ва лойни кечиб, масжидга кирар ва намоз ўқир эдилар”.

Қиш фаслида шаҳарда таҳорату ибодат унчалик қийинчилик туғдирмайди. Чунки масжидларимизнинг таҳоратхоналаридаги қулайликлар таҳорат қилаётган кишига роҳат-фароғат бағишлайди. Ҳамма жой топ-тоза, чароғон, жўмракни бир тарафга қаратиб сал қиялатсангиз, иссиқ сув келади; аксини қилсангиз, совуқ сув; ўртасига қўйсангиз, илиқ сув. Муаттар ҳидли совунларни айтмайсизми. Юз-қўл учун, оёқ артиш учун алоҳида сочиқлар, яна шамоллатиб қуритгичлар ҳам бор. Яна таҳоратни тугатиб чиқаётганингизда масжид ходимлари  мушки анбар ҳам суриб қўйишади.

Намозхонага кирсангиз, юмшоқ гиламлар тўшалган, иссиққина, кўплаб масжидларда иссиқ пол қилинган. Ўша ерда ўтириб намоз бошлангунча токчаларга териб қўйилган китобларни мутолаа қиласиз, ҳатто намоз тугагандан кейин ҳам кетгиси келмайди одамнинг. 

Фақат шу фаслда сафарга чиқиб қолган киши ёки қишлоқ жойда яшайдиган намозхонларнинг ҳозирча бир оз машаққатлари бор. Бироқ  ана шу машаққат учун аслида жуда катта савоблар олар эканмиз. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Оллоҳ у билан хатоларни ўчириб, даражаларни кўтарадиган нарсага кўрсатма берайми?" дедилар. Саҳобалар: "Ҳа, кўрсатма беринг", дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қийинчилик пайтида таҳоратни мукаммал тарзда адо этиш, масжидга қадамни кўпайтириш ва намоздан кейин намозни кутишдир. Мана шу риботдир (марғуб бўлинган нарса)", дедилар (Имом Муслим ривояти).   

Қозий Иёз: "Қийинчилик пайтида таҳоратни мукаммал тарзда адо этишдаги машаққат дейилганда, қаттиқ совуқ, жасаднинг совуқ қотиши ва шунга ўхшаш нарсалар назарда тутилган", деган.

Буни қарангки, намознинг вақти ичида ҳам вақти бўлар экан. Ёзнинг жазирамасида пешинни бир оз салқинлатиб ўқиганимиздек, қишнинг қаҳратонида пешинни вақти киргани заҳоти ўқиб олсак фойдали бўлар экан. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб деди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам совуқ қаттиқ бўлса, намозни эрта ўқирдилар. Агар иссиқ қаттиқ бўлса, намозни совутардилар (яъни аввалги вақтидан кечиктирардилар)". (Имом Бухорий ривоят қилган). 

Имом Термизий ана шу ҳадиснинг маъносини тушунтириб: "Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари ва улардан кейинги аҳли илмлар ихтиёр этган нарсадир, зеро, намоздан қасд қилинган нарса хушуъ ва қалбнинг ҳузуридир, қаттиқ совуқ ва қаттиқ иссиқ намозхонни машғул қиладиган нарсалар жумласидандир", деган экан.

“Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё” деганларидек, қиш фаслининг ҳам ҳикматлари жуда кўп ва уларни ўрганилиб борилаверса, совуқни ҳам, узун тунларни ҳам ёқтириб қоларкан одам. Айниқса, қиш фасли рўза тутишга ғоят қулай фасл. Зотан,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қишдаги рўза, салқин (роҳатли) ғаниматдир", дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Бинобарин, қиш кунларида рўза тутиш тушликни бир оз кечикиб қилишдек гап. Энг муҳими, чанқамайсиз, жигарингиз куймайди, қорнингиз очадиган вақтда ўзи ифтор вақти кирган бўлади.

Шундай экан, ана шундай қулай фурсат, ғанимат дамлардан фойдаланиб қолайлик, азизлар!

 

ЎМИ матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳижрий янги йилингиз муборак бўлсин!

20.06.2025   25722   3 min.
Ҳижрий янги йилингиз муборак бўлсин!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

2025 йилнинг 26 июнь куни – янги 1447 ҳижрий йил – Муҳаррам ойи бошланишининг 1 кунидир. Ашуро куни 2025 йилнинг 5 июль, шанба кунига тўғри келади.

Муҳаррам ойи қандай ой?
Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.


Ашуро қандай кун?
Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).


Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).


Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”, деганлар.


Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).


Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).

Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ниятларига эътиборан, Ашуро кунига қўшиб бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутмоқ афзал дейдилар.

Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар