Қиш. Тунлар ҳамон узайишда давом этмоқда. Мўмин-мусулмонлар шу кунларга: яна қорларни, музларни кўрадиган кунларга етказганига шукр қилиб, зикрларини ва ибодатларини кўпайтирмоқда.
Динимиз покликни талаб этгани боис кишиларимиз намозга бораётганда ёки бошқа иш билан юрганда кийимига лой сачраган бўлса, уни нима қилиш керак, ўша лой сачраган жойин ювиш керакми ёки кийимнинг ҳамма жойин ювиш зарурми дея ўйланиб қолади. Бу иккисининг қайси бирини қилса ҳам жамоатдан қолиб кетади. Аммо Аллоҳ таолонинг меҳрибонлигини қарангки, бу ишнинг иккаласини ҳам қилиш шарт эмас экан. Чунки унинг асли пок экан. “Мусаннаф”да бир қатор тобеинлардан бундай ривоят қилингани келтирилган: “Улар ёмғирдаги сув ва лойни кечиб, масжидга кирар ва намоз ўқир эдилар”.
Қиш фаслида шаҳарда таҳорату ибодат унчалик қийинчилик туғдирмайди. Чунки масжидларимизнинг таҳоратхоналаридаги қулайликлар таҳорат қилаётган кишига роҳат-фароғат бағишлайди. Ҳамма жой топ-тоза, чароғон, жўмракни бир тарафга қаратиб сал қиялатсангиз, иссиқ сув келади; аксини қилсангиз, совуқ сув; ўртасига қўйсангиз, илиқ сув. Муаттар ҳидли совунларни айтмайсизми. Юз-қўл учун, оёқ артиш учун алоҳида сочиқлар, яна шамоллатиб қуритгичлар ҳам бор. Яна таҳоратни тугатиб чиқаётганингизда масжид ходимлари мушки анбар ҳам суриб қўйишади.
Намозхонага кирсангиз, юмшоқ гиламлар тўшалган, иссиққина, кўплаб масжидларда иссиқ пол қилинган. Ўша ерда ўтириб намоз бошлангунча токчаларга териб қўйилган китобларни мутолаа қиласиз, ҳатто намоз тугагандан кейин ҳам кетгиси келмайди одамнинг.
Фақат шу фаслда сафарга чиқиб қолган киши ёки қишлоқ жойда яшайдиган намозхонларнинг ҳозирча бир оз машаққатлари бор. Бироқ ана шу машаққат учун аслида жуда катта савоблар олар эканмиз. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Оллоҳ у билан хатоларни ўчириб, даражаларни кўтарадиган нарсага кўрсатма берайми?" дедилар. Саҳобалар: "Ҳа, кўрсатма беринг", дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қийинчилик пайтида таҳоратни мукаммал тарзда адо этиш, масжидга қадамни кўпайтириш ва намоздан кейин намозни кутишдир. Мана шу риботдир (марғуб бўлинган нарса)", дедилар (Имом Муслим ривояти).
Қозий Иёз: "Қийинчилик пайтида таҳоратни мукаммал тарзда адо этишдаги машаққат дейилганда, қаттиқ совуқ, жасаднинг совуқ қотиши ва шунга ўхшаш нарсалар назарда тутилган", деган.
Буни қарангки, намознинг вақти ичида ҳам вақти бўлар экан. Ёзнинг жазирамасида пешинни бир оз салқинлатиб ўқиганимиздек, қишнинг қаҳратонида пешинни вақти киргани заҳоти ўқиб олсак фойдали бўлар экан. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб деди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам совуқ қаттиқ бўлса, намозни эрта ўқирдилар. Агар иссиқ қаттиқ бўлса, намозни совутардилар (яъни аввалги вақтидан кечиктирардилар)". (Имом Бухорий ривоят қилган).
Имом Термизий ана шу ҳадиснинг маъносини тушунтириб: "Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари ва улардан кейинги аҳли илмлар ихтиёр этган нарсадир, зеро, намоздан қасд қилинган нарса хушуъ ва қалбнинг ҳузуридир, қаттиқ совуқ ва қаттиқ иссиқ намозхонни машғул қиладиган нарсалар жумласидандир", деган экан.
“Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё” деганларидек, қиш фаслининг ҳам ҳикматлари жуда кўп ва уларни ўрганилиб борилаверса, совуқни ҳам, узун тунларни ҳам ёқтириб қоларкан одам. Айниқса, қиш фасли рўза тутишга ғоят қулай фасл. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қишдаги рўза, салқин (роҳатли) ғаниматдир", дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Бинобарин, қиш кунларида рўза тутиш тушликни бир оз кечикиб қилишдек гап. Энг муҳими, чанқамайсиз, жигарингиз куймайди, қорнингиз очадиган вақтда ўзи ифтор вақти кирган бўлади.
Шундай экан, ана шундай қулай фурсат, ғанимат дамлардан фойдаланиб қолайлик, азизлар!
ЎМИ матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этади. Фарзандларимизнинг илмли, ахлоқли бўлиб камолга етишларига уйда ота-оналар, ўқув юртларида эса муаллим ва устозлар астойдил жон куйдиришлари керак. Ўғил-қизларимизни илм-маърифатга ошно қилишдан ҳеч ким четда турмаслиги лозим. Жадидчи алломаларимиздан бирлари: “Фарзанд тарбиясига лоқайд қараган миллат инқирозга маҳкумдир”, деб бежизга айтмаган.
Исломда болалар тарбияси ота-онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчларидир. Бошқа бурчлар баъзи ишларни қилиш ёки мулкни сарфлаш билан охирига етади. Аммо тарбия масъулияти бардавом бўлади. Зотан, ота‑онанинг фарзанд неъматига ҳақиқий шукрлари ҳам айнан тарбия масъулиятини шараф билан адо этиш орқали юзага чиқади. Амалий шукр – берилган неъматни неъмат берувчи зотни рози қиладиган тарзда тасарруф қилиш билан бўлади. Бинобарин, фарзанд неъматига амалий шукр қилиш ўша фарзандни Аллоҳ таолога итоат қиладиган банда қилиб тарбиялаш билан юзага чиқади. Фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни қанчалар катта эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларидан билиб оламиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар.
Сўнгра Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу «Агар хоҳласангиз: «(Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл фитратдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу тўғри диндир», деган оятни ўқинг», дер эди» (Тўртовлари ривоят қилишган).
Ушбу муборак ҳадиси шарифда Аллоҳ таоло инсонларни яратиш пайтида соф табиат билан яратса ҳам, кейинчалик инсонлар, хусусан, ота-она тарбияси сабабли бу софликка футур етиши, унинг бузилиши ҳақида сўз кетмоқда.
“Фитрат” соф табиат, динни тўғри қабул қилишга бўлган қобилият деганидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда туғиладиган ҳар бир бола соф табиат билан, Аллоҳ таолонинг динини қабул қилиш қобилияти билан туғилиши ҳақида хабар бермоқдалар.
Демак, Аллоҳ таоло ҳеч кимни аввалдан сен яҳудий бўласан, сен насроний бўласан, сен мажусий бўласан, деб мажбур қилмайди. Одамларнинг турли динга мансуб бўлишига сабаб бор:
«Бас, ота-онаси уни яҳудий, насроний ёки мажусий қилади».
Яъни, ота-оналар болаларини ўз динларида тарбиялашлари оқибатида болаларнинг соф табиати бузилиб, яҳудий, насроний ва мажусий бўлиб қоладилар.
Шу жойда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маънони тўлиқроқ тушунтириш мақсадида саҳобаи киромларга ҳиссий бир мисол келтирмоқдалар.
«Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?».
Яъни ҳар бир ҳайвон боласи онасидан бус-бутун туғилади. Бирортасининг қулоғи ёки бурни кесилмаган бўлади. Аммо, эгалари белги қўйиш мақсадида ва яна бошқа ниятда уларнинг қулоқларини, бурунларини кесадилар ва ҳоказо. Шунга ўхшаб, инсон ҳам онадан соф табиат билан туғилади, у яҳудий, насроний ёки мажусий бўлиб туғилмайди. Ота-онасининг тарбияси туфайли яҳудий, насроний ёки мажусий бўлади.
Аллоҳ таоло бу дунёдаги нарсаларни сабабият қонуни ила бир-бирига боғлаб қўйган. Оч инсон таом емаса, қорни тўймайди. Ота-она қўшилмаса, бола туғилмайди. Худди шунингдек, тарбия бўлмаса, инсон тарбия кўрган бўлиб вояга етмайди. Шунинг учун ҳам Исломда бола тарбиясига алоҳида эътибор берилади.
Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд-дин» китобида бундай дейилади: “Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Авлодларингизни, биринчидан: “Аллоҳни севадиган қилиб тарбияланглар...” Чунки Аллоҳ таоло уни йўқдан бор этиб, ота-онани унинг дунёга келишига сабабчи қилди. Ва уларнинг қалбларига фарзанд меҳру муҳаббатини солди. Агар Аллоҳ таоло фарзанд муҳаббатини қалбга солмаганида, уни бағрига босмасди, раҳм-шафқат қилмасди, кўчага ташлаб кетган бўларди. Шунинг учун фарзанд Аллоҳ таолони севиб, унга шукрлар қилиши лозим.
Иккинчидан: “Аллоҳнинг Расулини севадиган қилиб тарбияланглар”. Чунки Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни халқ орасидан танлаб олиб, халққа Пайғамбар қилиб юборган. Қуръони каримнинг Анбиё сураси 107-оятида ул зотни “Биз сизни (бутун) оламларга раҳмат қилиб юборганмиз”, дейилган. Пайғамбаримиз инсонларга ота-онасидан ҳам меҳрибонроқ бўлган, дунёдаги барча яхшиликларни ўргатган зот, бутун дунё аҳлининг устози саналади.
Учинчидан: “Аллоҳнинг Китобини севадиган қилиб тарбияланглар...”. Чунки бу Китоб инсониятни ҳидоятга чорлайди.
Бу учта талаб инсон фарзандига ўргатилиши лозим бўлган қоидалардан саналади.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоху алайхи васаллам айтдилар: “Ота-она ўз боласига гўзал одобдан кўра афзал нарса бера олмайди”.
Албатта, фарзанд илмли ва одобли бўлса ота–она ҳурматини ва ҳақ-ҳуқуқларини яхши адо қилади. Оилада яхши тарбия топган фарзанд яхши ва ёмонни фарқлай олади. Қайси оилада, қайси маҳаллада ёшлар тарбияси яхши йўлга қўйилар экан, ўша оила, ўша маҳалла, ўша юрт гуллаб яшнайди. Бу эса жамиятнинг равнақ топишига олиб келади.
Давоми бор...
Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.