Ҳазрати Ойиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳузурига бир аёл келди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрини зиёрат эттиришини илтимос қилди. Ойиша онамиз қабр турган муборак ҳужрани очди ва аёл зиёрат этди ва йиғламоқни бошлади, йиғлаб-йиғлаб жон таслим қилди.
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан: “Сиз Расулуллоҳни қанчалик севасиз?” деб сўрашди. Ҳазрати Али: “Қасам ичиб айтаманки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг молимиздан, фарзандимиздан, ота-онамиздан ва жазирама иссиқда қўлимизга етган совуқ сувдан-да севимлидир”, деди.
Мен ҳам Сизни севаман, ё Расулуллоҳ. Ишқини айта олмаган Увайс каби, ул Ҳабаши Билол каби, ошиқман Сизга, ошиқман, девонаи Мажнун каби мен ҳам Сизни севаман ё Расулуллоҳ, Мен Сизни севаман ё Ҳабибуллоҳ.
Сиз жонимсиз, сиз гулимсиз, томиримдаги қонимсиз,
Ота-онам фидо бўлсин, севаман, ё Расулуллоҳ.
Шул яманлик Увайс каби, ул ҳабашлик Билол каби,
Ошиқдурман Мажнун каби севаман, ё Расулуллоҳ.
****
Раббим Ҳабибимсан демиш, тоғу тошлар тилга кирмиш,
Умматингиз кўнгил бермиш, севаман ё Расулуллоҳ.
Шул яманлик Увайс каби, ул ҳабашлик Билол каби,
Ошиқдурман Мажнун каби севаман, ё Расулуллоҳ.
****
Ким жонини бермас сизга, оқар кўнглим сизга яна,
Речели қурбон бўлсин изингизга, ё Расулуллоҳ.
Шул яманлик Увайс каби, ул ҳабашлик Билол каби
Ошиқдурман Мажнун каби севаман, ё Расулуллоҳ.
Исмоил Байхон Абдураҳмон ва Речели Булбул дуэти
Таржимон: Робия ЖЎРАҚУЛОВА
Ўқув йили тугаб, ота-онани зиёрат қилиш, уларнинг хизматига бориш вақти келгач, дарслар тугаб, имтиҳонлардан фориғ бўлгач, «Энди бутунлай бўшман, илмдан фориғ бўлдим», деб тасаввур қилманг. Ота-онанинг хизматида бўлиб, дуоларини олинг. Таътил пайти ҳам сиз учун муҳим бир вақт ҳисобланади.
Ота-онангиз, ака-укангиз, опа-синглингиз, қариндош-уруғларингиз нималарни ўрганганингизга, одобингиз қандай бўлганига қизиқишади. «Ўғлимиз нималарни ўрганиб келди экан-а, устозларидан нималарни таълим олди экан» деб, ҳавас кўзлари билан қарай бошлашади. Ана шунда сиз уларни одобингиз, камтарлигингиз, хизматингиз билан хушнуд қилсангиз, нафақат ўзингизни, балки устозларингизни, нафақат устозларингизни, балки Ислом динини ҳам барчага севдирасиз.
Бунинг натижаси ўлароқ одамларда дин илмига рағбат ошиб, улар ҳам фарзандларини аҳли илм қилишга, қори қилишга шошиб қоладилар. Аксинча, намозлар қазо бўла бошласа, хулқ-атвор ёмон бўлса, «Бу бола ўқиб юриб шу аҳволда бўлса, бундан кўра ўқимаганимиз яхши экан», дейишади. Одамларнинг илм олишдан ҳафсаласи пир бўлади, устозларни ҳурмат қилмай қўйишади. Бу ҳолатда динга фойдангиз эмас, зарарингиз кўпроқ тегади. Бундай толиби илмлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин!
Бир нарсани яхши билиб олинг: сиз маконлар, ҳолатлар ўзгариши билан ўзгариб қолаверманг. Ҳолатлар сизни ўзгартирмасин, сиз ҳолатларни ўзгартиринг. Доимо истиқоматда бўлинг, сабот билан туринг. Аллоҳ таоло ҳар ҳолатда ҳам сизни кўриб турганини асло ёдингиздан чиқарманг.
«Талабалик даврини қандай ўтказмоқ керак?» китобидан