6 декабрь куни Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Бухоронинг қадимий меъморий обидалари билан танишгани ҳақида маълум қилинди.
Хабарга кўра, Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани бошчилигидаги делегация аъзолари куннинг иккинчи ярмида Бухоро шаҳрининг тарихий марказига ташриф буюрган.
Меҳмонлар кўҳна Арк қалъаси, Пойи Калон мажмуаси таркибига кирувчи Минораи Калон, Масжиди Калон ва Мир Араб мадрасаси ҳамда шаҳарнинг бошқа диққатга сазовор жойлари билан танишди.
Мажмуадаги 10 минг кишига мўлжалланган Масжиди Калон тарихий обидаси, унинг тарихи, бинонинг меъморий улуғворлиги, ибодат қилувчилар учун яратилган қулайликлар Афғонистон Президентини лол қолдириб, делегация аъзоларида катта таассурот уйғотган.
Афғонистон делегацияси аъзолари Когон тумани ҳудудида жойлашган буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасида бўлиб, Нақшбандия тариқатининг йирик намояндаси қабрини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.
Шунинг билан Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг мамлакатимизга ташрифи ниҳоясига етгани айтиб ўтилган.
Савол: Ҳозирги кунда айрим одамлар қабристонлардан ўзлари, оиласи учун ер сотиб олиб, сағана қилдириб қўйишмоқда. Бу ишлари тўғрими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қабристонлар омма фойдаланиши учун ҳукумат тарафидан берилган умумий жой ҳисобланади, ҳеч кимнинг шахсий мулки эмас.
Шунга кўра унга кимдир эгалик қилиши, у жойдан ер сотиши ёки сотиб олиши мумкин эмас. Биздан аввалги авлодлар, ота-боболаримиз қабристондан бирор нарсани олишга, ҳатто қуриган гиёҳ олишдан ҳам чўчиганлар.
Ҳозирда ҳам айрим одамлар қабристондаги мева ва ўт-ўланлардан фойдаланиш ҳақида кўп савол беришлари бежизга эмас, ана шу ҳадикдан пайдо бўлган. Аммо минг афсуски, айрим одамлар томонидан кимлар биландир тил бириктириб, ер сотиб олиш ҳолати оз бўлса-да, пайдо бўлмоқда. Бундан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки бу ноҳақдан ер олиш ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ огоҳлантириб, бундай деганлар: “Ким бир қарич ерни ноҳақдан олса, қиёмат куни уни етти қават ер ютади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир қарич ерни зулм ила олса, қиёмат куни унинг бўйнига етти қават ер осиб қўйилади”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Бу ишнинг қанчалик оғир эканини тушунмаган одамлар турли воситалар билан бир қарич бўлса ҳам бировнинг ерини ўзига қўшиб олишга ҳаракат қиладилар. Исломда бу иш зулм ҳисобланади ва катта гуноҳ сифатида қораланади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.