Қуръони каримнинг ўзига хос тавсифини қилишга инсоннинг тили ҳам, қалами ҳам ожиз. Бу улуғ китобнинг энг олий васфи уни нозил қилган Зот Аллоҳ таолонинг китобида келган ояти карималаридир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят этур ва эзгу ишларни қиладиган мўминларга катта мукофот борлиги ҳақида башорат берур», (Исро сураси, 9-оят).
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганларингиздир”, дедилар.
Амр ибн Осс айтадилар: “Қуръондаги ҳар бир оят жаннатда бир даража ва хонадонингизда чироқ бўлади”.
Яна: “Ким Қуръон ўқиса, бас, у нубувватни кўксига жойлабди, фақатгина унга ваҳий қилинмаган”, деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Қуръон тиловат қилинган хонадон аҳли учун кенгаяди, хайриятлар кўпайиб, фаришталар у ерда ҳозир бўладилар ва шайтонлар у ердан чиқиб кетадилар. Аллоҳнинг китоби тиловат қилинмайдиган хонадон эса аҳли учун тор, хайриятлари кам, фаришталар ундан чиқиб кетиб, шайтонлар эса ҳозир бўладиган маконга айланади”.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳнинг китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир ҳасана ёзилади. Ўша ҳасана ўн баробар зиёда қилинади. Мен: “Алиф лам мийм”ни бир ҳарф демайман, балки “алиф” бир ҳарф, “лам” бир ҳарф ва “мийм”бир ҳарфдир”, деганлар.
Ушбу ҳадисга кўра, Аллоҳ таоло Қуръони каримни тажвид қоидаларига амал қилиб тиловат қилувчи қорига ҳар бир ҳарфни ўқигани учун ўнта савоб ва яхшилик ато қилади.
Бу ерда Аллоҳнинг китобини тиловат қилиш фазилатли амаллардан бўлиши айтилмоқда. Аллоҳ таоло бандаларига Ўз китобини ўқиш орқали кўп ажр ва мукофатларга эришиш имконятини берган. Бу имконятдан ҳар биримиз унумли фойдаланишимиз керак. Бунинг учун Қуъони каримни ўқиш қоидалари ҳисобланмиш тажвид илмидан дарс қилиш ва уни пухта ўзлаштириб олиш керак.
Қуръони каримнинг ҳар бир ҳарфини ўқиш орқали ўнта савоб олиш учун Каломуллоҳни тажвид қоидаларига мувофиқ холда қироат қилиш талаб этилади. Қуръон маъноларининг бошқа тилларга қилинган таржималарини ўқиш ҳам савобли иш, лекин ҳадисда келган ваъдалар айнан тажвид илми талабларига мувофиқ холда, соф араб тилида тиловат қилган кишиларгагина тегишлидир.
Қатода Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан, у зот Абу Мусо Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қуръони ўқувчи мўмин утружжа (мандарин)га ўхшайди. Унинг ҳиди ҳам, таъми ҳам яхши. Қуръон ўқимаган мўмин эса, хурмо кабидир, унинг мазаси яхши, аммо ҳиди йўқ. Қуръон ўқувчи фожирнинг мисоли райҳонга ўхшайди, унинг ҳиди яхши, таъми аччиқ. Қуръон ўқимайдиган фожирнинг мисоли ҳанзалага ўхшайди, мазаси ҳам аччиқ, ҳиди ҳам йўқ”.
Уқба ибн Омир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар. У зот айтдиларки: “Қуръонни ичида ўқувчи сирли ҳолда садақа қилувчи кабидир, овоз чиқариб ўқувчи садақани ошкор берувчи кабидир”. Демак, жахр билан қироат қилишлик жуда яхши, аммо махфий ўқиш ундан афзалдир.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни маҳорат билан тиловат қилувчи қори элчи, ёзувчи ва фаришталар билан бир мақомдадир. Тили қийналиб тиловат қилувчига икки баробар кўп ажр бўлади”, деганлар.
Ушбу ривоятда Қуръони каримни тщлиқ ёдлаб, уни бирон қийинчиликсиз ўқий оладиган, Қуръон қироатига моҳир қори Аллоҳнинг улуғ фаришталари билан бир мақомда экани айтилмоқда.
“Қуръонни маҳорат билан қироат қилиш” деганда, уни тўлиқ ёдлаш, муттасил ўқиб туриш, унга муҳаббат қўйиш ва эътиборли бўлиш тушунилади. Қуръонни тўлиқ ёд олмаган бўлсада, уни бошидан охиригача маҳорат билан бирон хато ва камчиликсиз ўқийдиган қорилар ривоятига ваъда қилинган фазилатга эришадилар, иншааллоҳ!
Уламолар: “Қуръонни маҳорат билан тиловат қилувчи қори элчи, ёзувчи ва фаришталар билан бир мақомдадир” ҳадисини икки хил таъвил қиладилар:
“Тили қийналиб тиловат қилувчига икки баробар кўп ажр бўлади”. Ривоятнинг давомида айтилишича, Қуръонни қийналиб ўқийдиган қори икки марта кўпроқ ажр олади. У Қуръонни ўқигани ва қироатда машаққат чеккани сабаб савобга эришади. Қозий ва бошқалар: “Бу ҳадис тили қийналиб тиловат қиладиган банда Қуръонни маҳорат билан ўқийдиган қоридан кўра афзаллигини англатмайди, балки моҳир қори афзал ва унга кўпроқ савоб берилади. Сабаби улар фаришталар билан бир мақомдадир”, дейишган.
Аслида Қуръони карим тилларга осон қилиб қўйилган. Аммо баъзи ҳолларда маълум жумла ёки сўзлар талаффузи тилга оғирлик қилиши мумкин. Ана шундай ҳолларда мазкур ривоят ёдга олинса, бу йўлда чекилган ҳар бир машаққат чексиз роҳатга, ҳар бир қийинчилик беҳисоб савобга айланади.
Ибн Масъуд Ансорий Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳу васаллам бундай деганлар: “Қавмга улар ичида Аллоҳ таолонинг китобини яхши ўқийдиган киши имомликка ўтади”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Умар розияллоҳу анҳунинг мажлисидаги асҳоблари ва маслаҳатгўйлари ёши улуғ кекса ва ёш қорилардан иборат эди”.
Имом Нававий айтади: “Уламоларнинг фикрича, Қуръон тиловати тасбеҳ, таҳлил ва шу каби бошқа зикрлардан афзалдир”.
Абдуллоҳ ПАРПИЕВ
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Шариъати исломияда муқаррарки, инсон бажарадиган ҳар қандай амал Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳузурида мақбул бўлиши учун иккита шарт топилиши лозим:
Биринчиси, амал Аллоҳ учун холис бўлмоғи зарур, у билан риё ва сумъа, шунингдек, бирон дунёвий манфаат кўзланган бўлмаслиги лозим. Аллоҳ таоло айтади: “Ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин!” (Каҳф, 110).
Иккинчиси, амал тўғри бўлиши яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ бўлиши лозим. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига хилоф бўлса мақбул бўлмайди.
Ҳамма даврларда ҳам айрим одамлар тушуниб олиши қийин бўлган масалалардан бири – тавассул (восита қилиш) масаласидир. Шу боис кўпчилик тавассулнинг таъқиқланган ва бидъат бўлган ҳамда Ислом асосларига ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳидоятларига зид бўлган турларига аралашиб қолиб, уларнинг амаллари қабул бўлишидаги шартларнинг иккинчисидан маҳрум бўлади.
Васила – дуонинг мақбул бўлиш даражасини кўтариш мақсадида қилинади. Бу иш Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра, жоиз амал ҳисобланади.
Васила сўзи луғатда “У билан ўзгага яқин бўлинадиган нарса” маъносини англатади.
Истилоҳда эса, “Дуо ижобат бўлиши учун Аллоҳ таолога Унинг ҳузурида қадрли экани билинган нарсани айтиб дуо қилиш “васила” деб аталади”.
Соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари, Пайғамбарлар, саҳобалар ва солиҳ бандалар, шунингдек, яхши амалларни восита қилиб Аллоҳ таолога дуо қилиш – васила дейилади.
Василанинг моҳияти ўзи нима? Моҳияти шундаки, банда Роббисидан сўраётган нарсасига Роббисига суюкли, унинг ҳузурида қадрли бўлган бирор нарса ёки солиҳ кишилардан бирини восита қилиш орқали эришмоғидир.
Ҳозирги кунда баъзи инсонлар билимсизлик туфайли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёки солиҳ инсонларни дуоларига васила қилганларни кофирга чиқариб, уларга “мушрик” номини тамға қилмоқдалар.
Аҳли сунна уламолари ўз асарларида васила қилишнинг жоиз эканига оят ва ҳадислардан қатор далилларни келтиришган. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин инсонларни васила қилишга амр қилиб бундай дейди: “Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга васила ахтарингиз” (Моида сураси, 35-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсонларга Ўзига васила излашларини буюрмоқда. Тафсир китобларида ушбу оят ҳақида васила Аллоҳнинг исм ва сифатлари, яхши амаллар, пайғамбарлар ва солиҳ бандалар экани айтилган.
Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу оят Аллоҳга исён қилишдан сақланиш билан Унга муқарраб бўлишга урининглар” маъносини англатади”, деганлар.
Ҳофиз Имомуддин ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ оятдаги: “Унга васила ахтарингиз”, деган сўзининг тафсирида қуйидагиларни ёзган: “Васила у билан мақсадни ҳосил қилишга эришиладиган нарсадир”.
Муршидул олам Шайх Хожа Ғулом Ҳабиб маърузаларининг бирида ушбу оят ҳақида қуйидагиларни айтган эди: “Осмондан ёмғирни ким туширади? Ёмғирни осмондан Аллоҳ туширади, лекин булут васила бўлади. Гўдакларга ким ризқ беради? Гўдакларга Аллоҳ ризқ беради, лекин ота-она васила бўлади. Қабрларга нурларни ким ташлайди? Қабрларга нурларни Аллоҳ ташлайди, лекин шайх васила бўлади. Аллоҳ таоло бандаларига: “Унга васила ахтарингиз”, деган.
Усмон ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир кўзи ожиз киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Аллоҳга дуо қилинг, менга шифо берсин”, деди. “Хоҳласанг дуо қиламан. Хоҳласанг сабр қил. Бу сен учун яхшидир”, дедилар. “Дуо қилинг”, – деди.
Уни яхшилаб таҳорат қилишга ва ушбу дуони ўқишга амр қилдилар: “Аллоҳим! Албатта, мен Муҳаммад – раҳмат Пайғамбари ила Сендан сўрайман ва Сенга юзланаман. Эй Муҳаммад! Албатта, ушбу ҳожатим раво бўлиши учун Роббимга сизни восита қилиб юзландим. Аллоҳим! У Зотнинг мен ҳақимдаги шафоатини қабул қил!” Шундан сўнг унинг кўзи очилган ҳолда қайтиб кетди (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривоят қилган).
Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўзи ожиз инсонга дуо қилаётганда Пайғамбарни восита қилиб сўрашни ўргатдилар. Шунга биноан инсонлар дуоларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўртага қўйиб истакларини сўрашлари мана шу ҳадисга мувофиқ бўлади.
Афсуски, бугунги кунда айнан Расулуллоҳ алайҳиссаломни равзаларида туриб у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламни васила қилишни ҳам бидаът ва куфр дейдиганлар ҳам бор.
Мана василанинг далилларини нақлий ва ақлий жиҳатдан ўрганиб олдик. Энди унинг турлари, жоиз ва ножоиз ўринларини билиб оламиз.
Аҳли суннанинг тўрт мазҳаб уламолари томонидан васила қилишнинг жоиз экани, унинг турлари ҳамда мумкин бўлмаган тавассул масаласини кенг ёритиб берганлар. Унга кўра василанинг бешта тури бўлиб, улардан тўрттасининг жоиз эканида бирор ихтилоф йўқдир:
Замон. Арофат куни, Рамазон ойи, Зул ҳижжанинг ўн куни, ҳар кечанинг охирги қисми ва ҳакозо васила қилинадиган маълум бир вақтлар бўлиб, уларни васила қилиб дуо қилиш мумкин ҳисобланади. Масалан, “Ё Аллоҳим, Рамазон ойини васила қилиб сўрайман”, дейиш мумкин.
Макон. Каъба, Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг равзалари, Масжидул Ақсо ва ҳоказо каби васила қилинадиган маълум бир маконлар бўлиб, уларни васила қилиб дуо қилиш мумкин ҳисобланади. Масалан, “Аллоҳим, Каъбани васила қилиб сўрайман”, дейиш мумкин.
Ҳол. Яъни васила қилинадиган маълум бир ҳолатлар бор. Масалан, суянадиган ҳамма нарсасидан умиди узилиб, ҳеч илож топа олмай чорасиз қолган киши ўзининг ночор ҳолатини васила қилиб сўраши мумкин ҳисобланади. Бундай ҳолатга тушган кишининг дуолари қабул бўлиши Қуръони каримда баён қилинган: “Ёки ноилож одам дуо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (ундан) ёмонлик (мусибатни) йўқ қиладиган ҳамда сизларни Ернинг ўринбосарлари қиладиган зот (яхши)ми?! Аллоҳ билан бирга (яна биров) илоҳ борми?! (Насиҳатдан) камдан-кам эслатма олурсиз” (Намл сураси 62-оят).
Оятнинг “ноилож одам дуо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган…” жумласида Аллоҳ таоло музтар бўлган инсоннинг дуосини қабул қилишини эслатмоқда. Зеро, суянадиган ҳамма нарсадан умид узилиб, чорасиз қолган пайтда беихтиёр Аллоҳ таолога илтижо қилишга ўтиш барча инсонларнинг табиатида бор бўлган хусусиятдир.
Амаллар. Яъни васила қилинадиган маълум бир амаллар бор. Масалан, намоз ўқиб, рўза тутиб, садақа бериб, ҳаж қилиб, умра қилиб, Қуръон тиловат қилиб, зикр ва тасбеҳ айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиб, истиғфор айтиб, дуо қилиб, мўминларнинг дуоларини олиб, Аллоҳ таолонинг гўзал исмларини айтиб, савоб ишлар қилиб ва ҳаром ишлардан воз кечиб васила қилиш мумкин:
Василанинг юқоридаги тўртта турининг жоизлигида ихтилоф йўқ. Аммо қуйидаги бешинчи тури ҳақида ихтилоф қилинган.
Маълум шахсларни васила қилиш. Яъни маълум шахсларни васила қилиш мумкин. Аммо бундай васила қилиш мумкин эмас деганлар ҳам бўлган. Василанинг шу тури ҳақидаги ихтилофларни умумий уч қисмга ажратиш мумкин:
Муътазила ва хавориж фирқалари ҳар қандай шахсни васила қилишни инкор қилишган. Ўзларининг бу даъволарига Қуръон ва суннатда келган умумий хабарларни далил қилиб келтиришган. Масалан, Қуръони каримда фақатгина Аллоҳдан ёрдам сўраш баён қилинган: “Ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз”.
Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай хабар берганлар: “Агар сўрасанг, Аллоҳдан сўра, агар ёрдам сўрасанг, Аллоҳдан ёрдам сўрагин” (Имом Термизий ривоят қилган).
Аҳли суннанинг жумҳури бирор улуғ шахсни васила қилиш жоиздир, васила қилиш учун у зотнинг тирик бўлиши шарт эмас, деганлар. Шунингдек, юқоридаги ҳадисни далил қилиб келтирганларга бир қанча радиялар қилишган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, шаръан жоиз бўлган восила – “Ё Аллоҳим! Мен Сендан фалон яхши амалим ёки фалон инсоннинг Сени ҳузурингдаги ҳурмати ила сўрайман” шаклида бўлади. Валлоҳу аълам.
Зоиржон ЖУРАБОEВ,
Тошкент ислом институти талабаси.