Жорий йилнинг 6 декабрь куни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида талаба ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш, уларни ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишдан ҳимоялаш ҳамда диний билимларини мустаҳкамлаш мақсадида “Диний экстремизм, терроризм ва унинг салбий оқибатлари” мавзусида учрашув ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Бобомурод Рустамов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири Раҳимберди домла Раҳмонов ўз маърузалари билан иштирок этишди.
Тадбирда бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган каттадан-катта ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари ва диний соҳада амалга оширилаётган янгиликлар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, тинчликка рахна солувчи ёт ғояларни илгари сураётган террорчи ташкилотларнинг фаолиятларии ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Маълумки, ислом дини ҳамиша инсонларни покликка, эзгуликка, яхшилик қилишга чақиради. Зулм‑зўрлик, тажовузкорлик, бузғунчилик каби салбий иллатлар ислом динига мутлақо ёт бўлган тушунчалардир. Аммо, афсуски, ислом динидан, умуман, диндан баъзи инсонлар маънавий такомилида эмас, балки ўз манфаатлари, мақсадлари йўлида фойдаланаётганлиги ачинарли ҳолдир. Энг ёмони, янгича кўринишдаги дин ниқоби остида юзага келаётган турли гуруҳ ва ташкилотлар томонидан кўплаб хунрезликларнинг амалга оширилиши ҳамда бу муаммо дунё миқёсида сиёсий кўриниш тусини олаётганлиги тинч давлатларни ташвишлантирмай қолмаяпти. Бу ўринда, инсонларни маънавий етукликка бошловчи ислом динининг эзгу ғоялари манфур кимсаларнинг қуролига айланаётганлигини кўриш мумкин. Шундай экан, онгу тафаккури ҳали шаклланиб улгурмаган ёшларни бундай зарарли, бузғунчи ғоялардан фақатгина маърифат орқалигина ҳимоялашимиз лозим. Бу борада, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида “… муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда”, деб бежиз таъкидламаган эди. Тадбир давомида ана шу масалалар борасида талаба ёшларга атрофлича маълумотлар берилди.
Тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистондаги 2025 йилги Ҳаж мавсуми шу йил 13 майдан бошланади. 28 майга қадар ҳар куни юртимиздан Саудия Арабистонига авиақатновлар амалга оширилади.
Зиёратчилар юртимизнинг 9 та ҳудудидаги Тошкент, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Қарши, Термиз, Урганч, Навоий ва Нукус шаҳарларидаги аэропортлар орқали Мадина шаҳрига тўғридан-тўғри учади.
Авиапарвозлар Uzbekistan Airways билан бирга FlyNas ва FlyAdeal авиакомпаниялари томонидан амалга оширилади.
Ҳаж тадбирларини ташкил этиш бўйича тайёргарлик ишлари жадал давом этмоқда:
– Зиёратчилар тиббий кўрикдан ўтказилди;
– Эмлаш ишлари олиб борилди;
– Гуруҳ раҳбарлари ва шифокорлар бириктирилди;
– Сафар олдидан амалий машғулотлар ташкил этилди;
– Ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Шунингдек, ҳар бир зиёратчига қуйидагилар тақдим этилмоқда:
– "Ҳаж – буюк ибодатдир" қўлланмаси, сумка, нимча, термос, соябон, сим-карта ва қувватлагич.
Айни пайтда гуруҳ раҳбарлари зиёратчилар билан Ҳаж амаллари бўйича суҳбатлар олиб бормоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг веб-сайти ва ижтимоий тармоқларида Ҳаж амаллари ҳақидаги суҳбатлар, тавсиялар ва мақолалар тақдим этилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати