Инсоният тарихидаги биринчи шифохона мусулмон оламида пайдо бўлган. Дастлабки очилган шифохоналарда иккита бўлим бўлган. Улардан бирида талабаларга тиббиёт илмидан дарс берилган, иккинчисида эса беморлар ётиб даволанишган.
Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида қадимда ҳам даволаш муассасалари фаолият юритган. Хусусан, Амир Темур бошқа мамлакатларнинг машҳур табибларини пойтахт Самарқандга олиб келиб, махсус шифохоналар очган. Мовароуннаҳр ва Хуросонда шифохоналар учун алоҳида бинолар қурилган. Шифохоналар очишга Алишер Навоий ҳам катта аҳамият берган. Туркистоннинг баъзи вилоятларида махсус шифохоналар бўлгани манбаларда қайд этилган.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА
тайёрлади
Бир сафар аэропортдан меҳмонхонага такси олдим. Машина тоза, ҳайдовчи хушмуомала эди. Ўзини Аҳмад деб таништириб, қўлимга карточка берди: “Вақтингиз хайрли ўтсин. Менинг вазифам – сизни манзилингизга энг тез, энг хавфсиз, энг кам харажат ва энг муҳими – ҳалол хизмат ила етказиш”.
Йўлда менга яна турли қулайликларни таклиф этди.
— Ҳамма мижозлар билан шундай илтифотлимисиз? – деган саволимга бироз тин олиб деди:
— Ростини айтсам, бу тарзда ишлашни икки йил олдин бошлаганман. Ундан олдин кўпчилик ҳайдовчилар қатори эдим. Вақти-вақти билан ҳақни ошириб юбориш, мижозга ёлғон гапириш, нолиш ва шикоят қилиш оддий ҳол эди. Машина ҳам, қалб ҳам тоза эмас эди.
— Кейин нима бўлди?
— Бир куни машинам радиосидан “танлаш кучи” ҳақида эшитиб қолдим. Ҳаётимдаги кўп нарса танловимга боғлиқ экан. Ишимни юзаки, нолиб эмас, виждон билан, ҳалол бажарсам, мижозларим кўп, кўнглим хотиржам бўлади. Осон йўлни танласам — пул бўлиши мумкин, лекин барака бўлмайди. Шунда ўзимга сўз бердим: энди ишимни ҳалол қиламан. Йўлни айлантириб ҳақни оширмайман. Вақтни ўғирламайман. Мижозга у истагандай хизмат қиламан.
Натижасини Аллоҳ кўрсатди. Биринчи йилнинг ўзида даромадим икки баробар ортди. Бу йил эса тўрт баробарга етди. Энг муҳими, қалбим хотиржам. Энди мижозлар ўзлари менга қўнғироқ қилиб, олдиндан банд қилишади. Чунки одамлар ҳалол хизматни зумда англайди ва қадрлайди.
Бу сўзлар мени ўйга толдирди. Шунда англадим: ҳалоллик — катта шиор эмас, кундалик энг оддий одат ва қўйиладиган энг тўғри қадам экан. Айнан шу фазилат инсонга барака ва хотиржамлик олиб келар экан.
Абдулҳай ХУШВАҚТОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими