Аллоҳ таоло инсон зотини жуфт қилиб яратди ва улардан насл тарқалиши ва кўпайишини ирода қилди. Қуръони каримнинг Наҳл сурасида шундай дейилади: "Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантиради " (72-оят).
Инсон зотининг эркак ва аёл қилиб яратилишининг ҳикмати шундаки, у ҳалол йўл билан никоҳ орқали оила қуриши, ўзидан фарзанд ва набиралар қолдириб, наслининг давом этишини таъминлаши керак. Аллоҳ таолонинг Ўз бандасига фарзанд бериши улкан неъматдир. Шунингдек, жигаргўшасининг фарзанд кўриши, яъни набирали бўлиш ҳам инсон учун улкан неъмат ҳисобланади. Шу тариқа ер юзида инсон насли сақланиб, давом этиб боради.
Эркак билан аёлнинг ҳалол йўл билан бир оила бўлиб яшашининг самараларидан бири фарзанддир. Исломда фарзандларнинг ҳақ-ҳуқуқларига қатъий риоя қилинган бўлиб, булар ота-она ёки яқин қариндошлар, яшаётган жамиятларига вазифа қилиб юклатилган. Бу ҳақларни адо этиш вожиб бўлиб, унга амал қилиш мажбурийдир.
Уламолар фарзандларнинг ҳақ-ҳуқуқларини икки қисмга бўлган:
Динимизда “фарзанд ҳақлари ҳали у туғилмасидан олдин бошланади” деган қоида бор. Аввало, ота ўзининг бўлғуси фарзандларига солиҳа, диёнатли ва уларнинг ҳуқуқларига риоя қиладиган омонатдор онани, она ҳам фарзандларига уларнинг таълим-тарбияси ва яхши инсонлар бўлиб вояга етишига аҳамият қиладиган солиҳ отани танлаши керак.
Эр-хотиннинг Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд тилаб, дуода бўлиши ҳам ҳомила вужудга келгунча бўлган ҳақларнинг иккинчисидир. Бу иш пайғамбарлардан суннат бўлиб қолган. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:
"Ўша жойда Закариё Раббига илтижо қилиб, деди: «Раббим, менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитувчидирсан" (Оли Имрон сураси, 38-оят).
Энди фарзанд ҳомила ҳолига келганида унинг қандай ҳақлари борлигини кўриб чиқайлик:
Биринчидан, Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд тилаб, дуода бўлишни давом эттириш тавсия қилинади. Аллоҳ таоло лутфи карам кўрсатиб, она юкли бўлгандан кейин ҳам ота-онаси унинг солиҳ фарзанд бўлиши ҳақидаги дуоларини давом эттириши зарур. Зотан, бу иш Одам алайҳиссалом ва момо Ҳавводан мерос бўлиб қолган.
Иккинчидан, ҳомиланинг жисмоний ва руҳий зўриқишларсиз, яхши ривожланиб боришини таъминлаш зарур. Ҳомила ҳар тарафлама яхши ўсиб бориши учун унинг онасини жисмоний ва руҳий жиҳатдан толиқтириб қўймасликка шариатда катта эътибор берилган. Бу эътибор шу даражага етганки, ҳатто Аллоҳ фарз қилган ва Исломнинг рукнларидан бири бўлган рўзани ҳомиладор аёллар тутмасдан, кейин қазосини тутиб бериши жоизлиги шариатга киритилган. Чунки ҳомиладор аёл рўза тутса, унинг толиқиши орқали ҳомиласининг ҳам толиқиши бор. Шунинг учун ҳомилани толиқтирмаслик мақсадида унинг онасига рўза тутмасликка рухсат берилган.
Анас ибн Молик Каъбийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:“Аллоҳ мусофирдан рўзани ва намознинг ярмини, ҳомиладор ва эмизикли аёлдан рўзани кечди”.
Фарзандини солиҳ, ахлоқли, одобли, тақводор инсон қилиб тарбиялаш ота-онанинг биринчи галдаги вазифаларидандир. Исломда бола тарбияси ота-онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчи экани айтилган. Бошқа бурчлар баъзи ишларни қилиш ёки мулкни сарфлаш билан охирига етади. Аммо тарбия масъулияти бардавом бўлади. Зотан, ота-онанинг фарзанд неъматига ҳақиқий шукрлари ҳам айнан тарбия масъулиятини шараф билан адо этиш орқали юзага чиқади. Амалий шукр – берилган неъматни неъмат берувчи Зотни рози қиладиган тарзда тасарруф қилиш билан бўлади.
Тарбиянинг биринчи қисми болага одоб ўргатишдир. Аввало тарбия ва одоб масаласида ота-онанинг ўзи болаларга яхши намуна бўлиши керак.
Саъд ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота ўз фарзандига яхши одобдан кўра афзалроқ нарса ҳадя қила олмайди”, деганлар” (Термизий ривояти).
Бола ёшлигидан гўзал хулқ, чиройли тарбия билан сайқаллаб борилса, унинг тоза ва мурғак қалби барча яхши нарсаларни осонликча қабул қилади. Унинг савобига ота-онаси ва мураббийси шерик бўлади. Агар ёмонликка ўргатилса, ёмон бўлиб ўсади. Унинг гуноҳига ота-онаси ва мураббийси шерик бўлади. Валий уни сақлаши, таълим-тарбия бериши лозим. Унга яхши ахлоқларни ўргатсин, уни ёмон болалардан ҳимояласин, ўткинчи лаззатларга қизиқишга одатлантирмасин, уни зебу зийнатга ружу қўйишга қизиқтирмасин. Токи катта бўлганда зебу зийнат ортидан юриб, умрини зое қилмасин.
Тарбиянинг иккинчи қисми болага таълим бериш, илм ўргатишдир. Илм эса бир нарсани воқеликда қандай бўлса, ишонч билан ўшандай идрок қилишдир. Илм ўрганиш эса ҳар бир мусулмон учун фарздир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деганлар” (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти).
Керакли бўлган ҳунар ва илмларни талаб қилиш эса фарзи кифоядир.
Тарбиянинг учинчи қисми болага жисмоний тарбия беришдир. Шунинг учун бу ишга масъул бўлган ҳар бир киши фарзанд тарбиясига ўта эътибор ва аҳамият билан ёндашиши, бу йўлда бефарқлик ва лоқайдлик каби иллатлардан четланиши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, фарзандларимиз ватанимиз, миллатимиз, динимиз учун хизмат қиладиган инсонлар бўлиб етиши учун биз ота-оналар бор куч-ғайратимиз билан ҳаракат қилмоғимиз лозим экан. Бу билан ҳам ота-оналик ҳам Яратганни олдидаги бандалик вазифамизни тўлиқ адо этган бўламиз.
Абдулазиз БОБОМИРЗАЕВ,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти мудири.
1. Диний ибодатларни бажариш
1.1. Намозларни ўз вақтида ўқиш. Ибодатлар ичида энг афзали – вақтида ўқилган фарз намози саналади.
1.2. Рўза тутиш. Қазо ва нафл рўзаларни тутиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиш кунидаги рўза қийинчиликсиз топиладиган ғанимат (ўлжа)дир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
1.3. Қуръон ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг энг афзал ибодати Қуръонга қараб тиловат қилишдир”, деганлар. Қуръонни ёддан ўқишдан кўра, унга қараб ўқиш афзалдир. Чунки Қуръонга қараш ҳам ибодатдир.
1.4. Таҳажжуд намозларини ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
1.5. Дуо ва зикрни кўпайтириш. “...Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз” (Жума сураси, 10-оят).
2. Оилага яхшилик қилиш
2.1. Ота-онага яхшилик қилиш. Ўз вақтида ўқилган фарз намоздан кейин энг афзал амал бу – ота-она хизматида бўлиш саналади. Зеро, “Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди” (Исро сураси, 23‑оят).
2.2. Фарзанд ва аҳли аёлга хурсандчилик улашиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муомала қилганингиздир. Мен ўз аҳлига яхши муомала қилувчироғингизман”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
3. Илм олиш, китоб ўқиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир”, деганлар.
4. Тафаккурга вақт ажратиш
Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бир соат тафаккур қилиш бир кечани бедор ўтказишдан яхшидир”.
5. Муҳтожларга ёрдам бериш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради” (Имом Муслим ривояти).
6. Силаи раҳм қилиш
Дам олиш кунлари қавм-қариндошлар ҳолидан ҳеч бўлмаса телефон орқали бўлсада хабар олиш учун қулай фурсат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни ризқи кенг, умри узоқ бўлиш хурсанд этса, силаи раҳм қилсин (қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин)” (Имом Бухорий, имом Термизий ривояти).
7. Спорт билан шуғулланиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кучли мўмин Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир”, деганлар.
8. Дўст ва яқинлар ҳолидан хабар олиш
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни: “Қайсики мусулмон бошқа бир мусулмонни эрталаб зиёрат қилса, то кеч киргунича унга етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кеч кирганида зиёрат қилса, то тонг отгунича етмиш минг фаришта унга салавот айтади. Унга жаннатда бир боғ бўлади”, деб айтганларини эшитдим (Имом Термизий ривояти).
Дам олиш кунларингиз хайрли ва баракали ўтсин!
Даврон НУРМУҲАММАД