Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Ноябр, 2024   |   01 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:36
Қуёш
06:56
Пешин
12:12
Аср
15:35
Шом
17:20
Хуфтон
18:34
Bismillah
02 Ноябр, 2024, 01 Жумадул аввал, 1446

Оломон маданияти – маънавий хасталик сабабчиси

5.12.2017   7558   6 min.
Оломон маданияти – маънавий хасталик сабабчиси

Маънавий жиҳатдан етук, юксак маданиятли инсонгина жамиятда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, амалга тадбиқ этилаётган кенг кўламдаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тўғри англай олади, бу жараёнларда иштирок этишни фуқаролик бурчи санайди; тақдим этилаётган ахборотларга холисона баҳо беради; бузғунчиликларга тарғиб қилувчи ёт ғояларга қарши тура олади.

Инсон ақл ва эътиқод воситасида яхшилик ва ёмонликни фарқлайди. Ана шу фарқлаш унинг онгида маънавий таҳдидга қарши иммунитет ҳосил қилади. Банда айни шу танлаш орқали жаннатга ёки дўзахга киради – савоб олади ёки осий бўлади.

Тан касаллиги оғиздан кирса; руҳий, маънавий касаллик кўз, қулоқдан кириб, эгасини йўлдан оздиради. Четдан кириб келаётган тубанлик иллатлари уларни кўрган, эшитган, тақлид қилган ёшларни маънавий бемор қилади. Маънавий касалликнинг иситмаси одамнинг ниятларида, айтган гапларида, қилиқ-қилмишларида ошкор бўла бошлайди. Ўз қадрдонлари орасида ўзини ўзгача, ётларча тута бошлайди. Ота-боболарининг миллий урф-одат, маънавий қадриятларига беписанд қарайди.

Ота-боболаримиз эътиқод қилиб келган Ислом дини ҳар бир мўминни ўз миллий қадриятларини қадрлашга, бировлар сирти ялтироқ қадриятларни кўз-кўз қилса, ўзи уларга эргашиб кетмасликка чақирган: “Ва сизлар бир миллат бошқа миллатдан (сон ё бойлик жиҳатдан) ортиқроқ бўлгани учун қасамларингизни (бузиб) алдов воситасида қилишингиз билан (яъни бошқа бойроқ ва кучлироқ қавмни топсангиз, аввалги қасамларингиздан кечиб кетаверишингиз билан) худди ўзи тўқиган нарсасини пишиқ-пухта бўлганидан сўнг парча-парча бузиб-чуватиб ташлаган хотинга ўхшаб қолмангиз! Албатта, Аллоҳ бу (аҳдга вафо қилишга буюриш) билан сизларни имтиҳон қилур ва албатта қиёмат кунида сизларга ихтилоф қилиб ўтган нарсаларингизни баён қилиб берур”[1].

Ана шу даъват   XXI асрда қайта янгради. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида: “Табиийки, «оммавий маданият» деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди”,  деб бизни огоҳлантирди.

Ақл нафсга бўйсундирилса, жиноятлар, бузуқликлар урчийди. “Оммавий маданият” шунинг тарафдори. Нафс ақлга бўйсундирилса, фазилатлар, яхшиликлар, одамнинг инсонлиги камолга етади. Ота-боболаримиз, миллий маънавиятимиз ана шунинг тарафдори.

“Оммавий маданият”ни истеъмол қилган кишилар бузуқлик, зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм, маънавий негизларга беписандлик каби миллийлигимизга хос бўлмаган маънавий касалликларга чалинади.

Инсонлар орасида “оммавий маданият”нинг авж олиши шахсни қимматли умрини зое кетказишга, вақтини беҳуда нарсаларга сарфлашга одатлантирмоқда; унга чалинган инсонларни жамиятдаги муҳим сиёсий воқеа-ҳодисалардан чалғитиб, компьютер, телевизор кабилар орқали тарқатилаётган турли кўриниш ва савиядаги кўнгилочар томошаларига боғланиб қолишига сабаб бўлмоқда.

“Оммавий маданият” тарғиботчиларининг қарашларига кўра, инсон эмас, аксинча, нарсалар эъзозда, қадрли; маънавий дунё эмас, балки маиший-истеъмолчилик туйғулари азиз. Бу ҳар қандай шахсда истеъмолчилик кайфиятининг қарор топишига замин яратади. Инсон ҳаётида моддий бойлик бирламчи аҳамият касб этади. Дунёдаги ҳеч бир миллий қадрият ёки бирор дин беҳаёликни тарғиб қилмайди. Аммо “оммавий маданият” инсон ўз истаклари, ҳавойи нафсига эрк бериши лозимлиги, кўнгли тусаган ишни истаган пайтда бажариши кераклигини тарғиб қилади. “Оммавий маданият” мактабидан ўтган авлод учун ҳаётнинг маъноси – автомобил, телевизор, музлаткичга эга бўлиш. Шунингдек, “оммавий маданият” шахс қизиқишлари, эҳтиёж ва манфаатларининг характерига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Унинг натижаси ўлароқ, энг олий мақсад, улуғвор ниятлар ўрнини енгил-елпи туйғулар, кўнгилочар машғулотлар эгалламоқда.

“Оммавий маданият” маркетинг қоидалари асосида ишлайди. Аҳолининг маданий эҳтиёжларини сегментлаштиради. Болалар, ёшлар, ўрта ёшлилар, катталарнинг эҳтиёжларини ўрганиб, бузиб, ўзига мослайди.

Эсингизда бўлса, “оммавий маданият” асримиз бошларидаёқ кириб кела бошлаганини намоён этувчи бир деталь бор: “Шум бола” фильмида бир европалик Тошкент бозорларидан бирида ўзбекларнинг бир тангасини олиб, эвазига “ойнаи жаҳони”дан яланғоч аёл суратини кўрсатади. Ҳозир ўша жанобнинг неваралари боболари касбини давом эттираётир. Бу ишни индустрияга айлантиришди. Уни одамларнинг инстинктларини уйғотиб, уларга хизмат қилувчи, ҳаммабоп, яъни ҳамманинг пулларини чиқариб, келтириб берувчи “оммавий маданият”, деб аташди. Шунинг учун уни “оммавий маданият бўлса, бу ҳаммабоп, яхши нарса экан-да”, деб тушунганлар ҳам йўқ эмас. Аслида, бу ном ҳам атайлаб, асл ният ва мазмунни ниқоблаш мақсадида шундай қўйилган.

“Оммавий маданият” замонавий, технократик ҳодиса, лекин миллий эмас. Шунинг учун унинг мухлислари муҳаббатни – кўнгилхушлик, меҳнатни – бизнес, бировга яхшилик қилишни – зарарли инвестиция, “ресурсларни мақсадсиз сарфлаш”, ҳаё, андишани – имкониятни бой бериш, ота-боболар ўгитларини – эскилик сарқити, деб билади.

Ижтимоий ҳаётимизнинг асосий пойдевори бўлмиш оиладек муқаддас қўрғоннинг бузилиши – маънавий бузилиш, маънавий айнишдан бошланиши маълум. Чунки олимлар оилаларни: шошиб, ўйламасдан ёки ҳисоб-китоб асосида турмуш қуриш; хиёнат; характер, қарашларнинг тўғри келмаслиги; оила қуришга психологик, амалий тайёр эмаслик, инфантилизм, турмуш масалаларида нўноқлик, бир-биридан ҳафсаласи пир бўлиш; ичкиликбозлик каби иллатлар парчалаётганини аниқлашган.

Ўзбекистон дунёда бошланаётган оила институти инқирози таъсиридан миллий маънавият қўрғони бўлмиш оилаларни ҳимоялаш, мустаҳкамлаш, оиланинг нуфузини ошириш масаласига давлат сиёсатининг устувор йўналиши деб билади. Бу ҳар бир ориятли ўзбекистонликда ифтихор уйғотади.

“Оммавий маданият” барча миллатларнинг маданиятларига хуруж қилмоқда. Бундай вазиятда ўзлигига содиқ ва замонавий миллат ютади. “Оммавий маданият” гирдобига тушган миллат ундан чиқа олмайди.

Ўзбекнинг ўзлигига садоқати Ўзбекистонни ХХI асрнинг маънавий пойтахтига айлантиради, иншоаллоҳ!

Муҳаммадюсуф ҲАМИДОВ,

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

 

[1]. Қуръони карим маънолари таржима ва тафсири. Абдулазиз Мансур. – Т.: Шарқ, 2013 й.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“Ислом фиқҳи асослари” ўқилиши шарт бўлган китоб

31.10.2024   2781   3 min.
“Ислом фиқҳи асослари”  ўқилиши шарт бўлган китоб

Сўнгги пайтларда “Мазҳаб нимага керак?”, “Ўзимиз Қуръон ва суннатдан ҳукм олсак бўлмайдими?” дегувчи тои­фаларга раддиялар берадиган китоб­ларга юртимизда эҳтиёж катта эди. Алҳамдулиллаҳ, ана шу эҳтиёж ажойиб асарлар билан тўлдириб бориляпти.


Яқинда Ўзбекистон мусул­монлари идораси раиси­нинг биринчи ўринбо­сари Ҳомиджон қори Ишмат­бе­ковнинг “Ислом фиқҳи асослари. Тўрт мазҳаб имомлари” китоби чоп этилди.


Муаллиф ёзади: “Кейин­ги йилларда мавжуд мазҳаб­ларни инкор этиб, уларни бидъатга чиқариб, мўмин-мусулмонлар фикрини чал­ғитишга уринаётган бузғунчи тоифаларнинг ғаразли ташвиқот-тарғиботларига алданиб қолиш ҳолатлари ёшларимиз ўртасида кузатилмоқда. Гўёки мазҳаблар Қуръон ва суннатга хилоф ва улардан йироқ деган даъво билан мазҳабга эргашишдан қайтаришга уринмоқдалар. Ушбу китобда мавжуд тўрт мазҳабнинг айнан Қуръон ва суннатга асослангани ва динимизнинг замонлар оша юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда айнан мазҳаб уламолари жорий қилган усул ва қоидаларга асосланиши ҳам баён этилган”.


Устозлардан бири Қуръон ва суннатни юқори кучланишга эга электр энергиясига қиёслаган. Тасаввур қилинг, уйингизга розетка бўла туриб, чой қайнатиш учун тефални юқори кучланишга эга электр энергиясига уламайсиз-ку, шундайми? Мабодо, шундай қилинса, оқибат қандай бўлиши ҳаммага аён. Бугун “Қуръон ва суннат турганда нега мазҳабга эргашишимиз керак?” дейдиган тоифаларнинг қилаётган ишларини худди юқоридаги ҳолатга ўхшатиш мумкин.


Араб тилини чала-чулпа билиб олиб, Қуръон илмларидан бехабар, шариатни ­тушунмайдиган кимсалар бир ёки бир нечта рисолани ўқиб олиб, ўзларича Қуръондан ҳукм олишга ошиқишлари жу­да катта хатодир.


Иш ўз устасига топширилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ҳ. Ишматбеков ана шу масалаларга ҳам эътибор қаратиб, ҳатто саодат асрида ҳам Набий алайҳиссалом саҳобаларнинг гапларига қу­лоқ солганларини келтирган.


Бадр куни жанг бошланишидан олдинроқ Набий алайҳиссалом ижтиҳод қилди­лар. У зот саҳобалари билан жанг қилиш учун бир жойни белгилаб, ўша ерга тушдилар. Саҳобалардан бири Ҳаббоб ибн Мунзир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Бу жойни сизга Аллоҳ тайин қилиб бердими, ундан бошқа жойга кўчиш мумкин эмасми? Ёки бу ерни ўзингиз душманга ҳийла қўллаш учун танладингизми?” деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, Аллоҳ эмас, ўзим душманга ҳийла қўллаш учун бу ерни танладим”, дейдилар. Шунда Ҳаббоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошқа жойни кўрсатиб, ўша ерда туриш ғалаба қозонишга янада қулайроқ бўлишини маслаҳат беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг маслаҳатини олиб, у кўрсатган ерга кўчиб ўтишади, натижа ғалаба қозониш билан якунланади.


Хуллас, “Ислом фиқҳи асослари” китобини ҳар бир мўмин-мусулмон ўқиб чиқиши шарт бўлган китоблар сирасига киритиш мумкин. 

Т.НИЗОМ

МАҚОЛА