2017 йил 3 декабрь куни Самарқанд шаҳрида юртимизда меҳмон бўлиб турган Доктор Насриддин Умар бошчилигидаги Индонезия делегацияси билан Самарқанд вилояти масъуллари ўртасида зиёрат туризмини йўлга қўйиш ва ривожлантириш бўйича музокаралар ташкил этилди.
Музокарада Самарқанд вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Мунис Восеев ҳамда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов иштирок этди.
Доктор Насриддин Умар Индонезиядаги 900 минг масжидни назорат қилувчи “Истиқлол” масжиди имом-хатиби бўлиб, мазкур масжид имом-хатиби бир вақтнинг ўзида Индонезия Президентининг дин ишлари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади.
Музокора давомида Насриддин Умарга Индонезия туризм вазирининг турмуш ўртоғи ҳамроҳлик қилди.
Насриддин Умарнинг айтишича, Индонезиядан ҳар йили 2 миллиондан ортиқ киши Умра зиёратига боради. Илгари Ироқ ва Сурия орқали амалга оширилган сафар, ушбу давлатлардаги нотинчликлар сабаб ҳозирда Туркия орқали амалга ошмоқда.
Меҳмоннинг таъкидлашича, юртимиздаги мавжуд шарт-шароитларни ҳисобга олганда Умрага Самарқанд орқали бориш кўп томонлама маъқул танловдир. Алломалар, буюк тарихий шахслар яшаб ўтган заминга келиб, зиёратларни амалга оширгач, Саудия Арабистонига учишни хоҳловчилар Индонезияда кўпчиликни ташкил этади.
Аҳамиятли масалалар муҳокама этилар экан Насриддин Умар сўзида қуйидагича давом этади:
“Мен ўйлайманки, Ўзбекистонга келиш биз учун фойдали ва ушбу заминда биз хоҳлайдиган нарсалар кўп. Ҳукуматингиздан Жакартадан Ўзбекистонга тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиб беришларини сўрайман. Шундай қилинадиган бўлса биз томондан келадиган туристлар оқими сезиларли даражада кўпаяди.
Биз Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги алоқаларнинг ривожланишидан манфаатдормиз. Чунки иккала давлатнинг мусулмон аҳолисининг деярли барчаси суннийлардир. Бизда 2000 дан ортиқ Имом Бухорий номи билан боғлиқ таълим йўналишлари бор. Ислом билим юртларида "ашъарий ва мотуридий ақидавий йўналишлари" бўйича билим берилади. Юртимизда Мотуридий ақидавий мазҳабига эътиқод қилувчилар 40 миллиондан ошади”.
“Юртимиз мусулмонлари ҳозирда шу диёрдан етишиб чиққан олимлар тўплаган ҳадисларни ўрганмоқда. Бундан ташқари нақшбандий таълимотига эргашадиганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Уларни жуда ҳурмат қиламиз.
Биз юртингизда Индонезиядан келувчилар учун барча шарт-шароитлар муҳайё бўлишини хоҳлар эдик” дейди Президент маслаҳатчиси.
Бугунги кунда Индонезия халқи 250 миллиондан ошди ва уларнинг 90 фоизини мусулмонлар ташкил этади. Агар 2 миллион нафар умрага борувчиларнинг 50 фоизини Ўзбекистон орқали олиб ўтишга эришилса, туризмни ривожланиши учун жуда катта ўзгариш бўлади.
Ўзбекистонда тинчлик-осойишталик ҳукмронлиги, тартиб-интизом, қонун-қоидалар яхши йўлга қўйилганлиги, терроризм хавфининг паст даражада экани мамлакатимизга бўлган қизиқишни орттирмоқда.
Сулаймон ибн Сурад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Икки киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида сўкишиб қолди. Иккисидан бирининг кўзлари қизариб, томирлари бўртиб чиқа бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен агар у айтса, ундаги бу нарса кетадиган калимани биламан. У “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм”дир», дедилар. Бас, у: «Менда жиннилик бор деб ўйлайсанми?» деди» (Тўртовлари ривоят қилишган).
Ғазаби чиқишининг олдини олиш ниятида бўлган одам «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм»ни айтиб юрмоғи лозим. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: “Сизлардан кимда-ким ғазабланса, тик турган бўлса, ўтириб олсин, ғазаби кетса кетди, бўлмаса ёнбошласин”, дедилар (Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).
Албатта, бу ишларнинг ғазабни сўндириши тажрибада ҳам собит бўлган.
Имом Абу Довуд Абу Воил Оссдан қуйидаги ривоятни келтиради: «Урва ибн Муҳаммад Саъдийнинг олдига кирган эдик. Бир одам гапириб, унинг ғазабини қўзғади. Шунда у ўрнидан туриб, таҳорат қилди. Сўнгра: “Отам менга бобом Атийя розияллоҳу анҳудан ушбу ривоятни айтиб берган эди”, деб қуйидагиларни айтди: Атийя Саъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилгандир. Олов сув билан ўчирилади. Кимнинг ғазаби келса, таҳорат қилиб олсин”, дедилар (Абу Довуд ривояти).
Албатта, мазкур ва шунга ўхшаш чоралар ғазабни қайтариш учун қўлланиладиган ёрдамчи чоралардир. Ғазабнинг асосий чораси эса Аллоҳга бўлган иймон, қиёматдан умидворликдир. Ғазаби чиққан одам дарҳол Аллоҳ таолони эслаши, У Зот ҳар бир нарсани кўриб-билиб турганини ва ҳамма нарсани ҳисоб-китоб қилиши шубҳасизлигини ёдга олиши зарур.
Шунингдек, ғазабни ишга солиб ёмонлик қилса, қандай жазо олишини, ғазабини ютиб ортга қайтса, қандай савоблар олишини ўйлаши лозим.
“Руҳий тарбия” китоби асосида тайёрланди