Масжид – Аллоҳнинг байти. Масжидда Аллоҳ таолога ибодат қилинади, зикр ва тасбеҳ айтилади, Каломи тиловат қилинади. Масжидга кирган ҳар бир мусулмон бутун вужуди, борлиғи, қалби ва фикрини Аллоҳ таолога ибодат қилишга қаратиб, Роббил оламинга ҳақиқий банда эканини изҳор қилади. Масжид – ана шундай муқаддас макон. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилган:
وَأَنَّ الْمَسَاجِدَ لِلَّهِ فَلَا تَدْعُوا مَعَ اللَّهِ أَحَدًا
яъни: “Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз! (Жин сураси, 18-оят).
إِنَّمَا يَعْمُرُ مَسَاجِدَ اللَّهِ مَنْ آَمَنَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآَخِرِ وَأَقَامَ الصَّلَاةَ وَآَتَى الزَّكَاةَ وَلَمْ يَخْشَ إِلَّا اللَّهَ فَعَسَى أُولَئِكَ أَنْ يَكُونُوا مِنَ الْمُهْتَدِينَ
Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин.
Масжидни обод қилиш деганда, уни моддий ва маънавий обод қилиш тушунилади. Намозхонлар учун барча шароитлари яратилган тарзда масжидни барпо этиш, уни озода ва покиза сақлаш, нураган ёки яроқсиз ҳолга келган бўлса уни таъмирлаш ёки янгидан қуриш кабилар моддий обод қилиш дейилади. Алҳамдулиллаҳ, юртимизда масжидларни обод этиш борасида асрларга татигулик ишлар амалга оширилди. Кўплаб янги масжидлар қурилди. Эскилари таъмирланди, яроқсизлари қайтадан барпо этилди. Айниқса, охирги йилларда бу соҳадаги ишлар янада ривожланиб, барча масжидлар энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Бу борада қанча фахрлансак арзийди, Ҳозир ҳар қандай шаҳар ва қишлоқдаги энг кўркам ва ҳашаматли, ҳар тарафлама шароитлари яхши намунали бинолари – масжидлардир, десак хато бўлмайди. Бундай ютуқ ва мувофақиятларга эришиш осон бўлгани йўқ. Бу ишлар неча йиллар давомида қанчадан-қанча заҳматлар, қийинчиликлар эвазига, тинимсиз ҳаракатлар қилиниб ҳомийларга, оддий халқга мурожаат қилиш орқали ҳашар йўли билан бўлса-да, имом хатиблар ва масжидга холис хизмат қилишга астойдил бел боғлаган саховатпеша инсонлар ёрдами қолаверса, раҳбариятнинг қўллаб-қувватлаши самараси ўлароқ амалга оширилди.
Дарҳақиқат, битта масжид қуриш ёки уни обод этишнинг савоби динимизда энг катта савобли иш саналади. Бу ҳақда кўплаб ҳадисларда баён этилган. Жумладан,
عَنْ عُثْمَانَ بْنَ عَفَّانَ رضي الله عنه قَالَ سَمِعتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ
"من بَنَى مَسْجِدًا يَبْتَغِي بِهِ وَجْهَ اللَّهِ بَنَى اللَّهُ لَهُ مِثْلَهُ فِي الْجَنَّةِ"
яъни: Усмон ибн Аффондан ривоят қилинади, у киши: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким Аллоҳдан савоб умидида битта масжид қурса Аллоҳ таоло унга жаннатда шунга ўхшаган бино қуради”, деганларини эшитганман”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ҳазрати Усмон розияллоҳ анҳу масжид ан-Набавийни кенгайтириб қайта қуришни бошламоқчи бўлганларида баъзи саҳобийлар эътироз билдириб: “Расулуллоҳнинг даврида бўлмаган бу ишлар, агар мумкин бўлганида Расулуллоҳнинг ўзлари кенгайтириб ҳашаматли қилиб қайта қурган бўлар эдилар” деганлар. Ҳазрати Усмон розияллоҳ анҳу эса уларга мазкур хадиси шариф ила жавоб берганлар. Шундан кейин масжидларни кенгайтириб қайта қуриш, таъмирлаш ва ҳашаматли қилишга умумий рухсат берилган. Лекин бу борада ҳам чегара бўлиши керак. Акс ҳолда ким ҳашаматли, кўркам, баланд, савлатли, ҳайбатли ва гўзал қилиб қуриш баҳонасида бир-бири билан мусобақалашиб, натижада масжид қуришдан асосий мақсад нима эканини унутиб қўйишади, холислик, самимият ва Аллоҳнинг розилиги эса эътибордан четта қолади. Нафақат дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги масжидлар, балки ўзимизнинг юртдаги баъзи масжидларда ҳам айнан ана шундай салбий оқибатлар кўзга ташланиб қолаяпти. Кимгадир бу фикрларимиз ёқмаслиги мумкин, лекин биз бу гапларни чуқур мулоҳаза қилганимиздан кейингина айтаяпмиз. Чунки масаланинг иккинчи тарафи ҳам бор, аввало, масжид ўта қимматбаҳо безаклар, ранг-баранг нақшлар, ҳаттоки тилла суви юритилган ҳошиялар ила безатилган бўлса, намозхоннинг хаёлини чалғитади, қалбини ва бутун фикрини Аллоҳнинг зикридан, намоздан ва ундаги хушуъдан чалғитиб машғул қилиб қўяди. Масжидга кирган намозхон худди музейга киргандай бўлиб атрофни тамоша қилишдан бошқа нарсани ўйламай қолади. Энди ўйлаб кўринг-чи, ана шу салбий ҳолатларга сабабчи бўлаётган кишилар қанчадан-қанча маблағ сарф қилиб, ёки масжидга тушган пулларни ана шундай безакларга ишлатиб бирор савоб олармикан? Аслида шундай ишларга масъул бўлганлар масжид маблағи омонат эканини унутмасликлари ва бунинг жавобгарлиги ўта оғир эканини доимо ёдда тутишлари керак. Қолаверса, чекка ҳудудларда кўпгина масжидлар ночор аҳволда қолиб, ҳаттоки баъзи бир тўловлар борасида қарзга ботаётганларини ҳам унутмаслик керак.
Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсинки охирги пайтларда ҳурматли юртбошимиз ташаббуслари билан юртимизда кўплаб масжидларнинг шароитларини яхшилаш мақсадида қайта қуришга рухсат бериляпти. Ундан ташқари, янги масжидлар ҳам қад кўтаряпти. Келажакда эса иншаАллоҳ яна кўплаб масжидлар бино қилиниши режалаштириляпти. Олдимизда шунча хайрли ва буюк ишлар турганида бир неча масжид қурса бўладиган маблағни манманлик, риёкорлик ёки яна қандайдир мақсадлар ила исроф қилиб юбориш инсофданмикан? Шу ўринда бир ҳаётий воқеани эътиборингизга ҳавола этмоқчиман: вилоятлардан бирида (қайси вилоят экани сир бўла қолсин) янги ишга жойлашган имомлардан бири масжидни ўта ночор аҳволда бўлгани учун қайта таъмирлашга қасд қилган. Лекин ҳеч қанча ўтмасдан бутун умидлари пучга чиқаёзган. Чунки биласиз, баъзи вилоятларда ҳар хил сабабларга кўра ҳомийлар топиш амримаҳол. Ҳашар йўли билан ҳам ҳеч нарса қилишнинг имкони йўқ. Нима қилиш керак? Имом домла Тошкентдаги устозлардан катта масжидлардан бирор ёрдам бўлиб қолар деган умидлар билан пойтахт сари йўлга чиққан. Келса пойтахтдаги бир неча катта масжидларда қайта қуриш ёки тъмирлаш ишлари бўлаётган экан. Шу масжидлардан бориб Аллоҳ йўлида бирор ёрдам сўрасам, иншоаллоҳ, кўмак беришади деб ўйлаб не умидлар ила имомнинг қабулига кирибди. Масжидда ишлар қизғин шу даражада катта таъмирлаш ишлари бўлаяптики томоша қилиб тўймайсан. Лекин бир томонини ўйлаб ҳайрон ҳам қоласан”. Шу даражада безаш, аслида масжид учун ҳеч кераги бўлмаган нақшнигорлар гўёки, миллион-миллион маблағларни бекордан бекорга деворга чаплаш эмасмикан?” деб ўйлаб қоласан. Демак, шунча таъмир қилинаётган экан бизнинг масжидга ҳам бир четидан ёрдам бериб юборар деган умид билан имомдан кўмак беришини сўрабди. Имом, албатта, ёрдам берган деб ўйлаётгандирсиз. Йўқ, аксинча, ёрдам беришдан мутлақо бош тортибди. Тарвузи қўлтиғидан тушган вилоятлик имом бир оз хафа бўлибди-да яна бир масжидга ёрдам сўраб борибди. Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, у ернинг имоми ҳеч иккиланмай ўзининг масжидида таъмирлаш ишлари бўлаётганига ҳам қарамай, катта миқдорда ёрдам берибди.
Ҳа азизлар, бу биргина мисол, холос. Аслида бундай ҳолатлар жуда ҳам кўплаб учрайди. Агар ҳаддан ортиқ безашга берилиб кетмасдан, энг зарурий шароитларнигина амалга оширишга ҳаракат қилсак, киёмат куни ҳам юзимиз ёруғ бўлади. Қолаверса, юртимиздаги барча масжидлар ҳам ҳар тарафлама обод бўлади. Масжидларни обод қилиш тўғрисидаги маълумотларни ўрганиб чиқадиган бўлсак, юқоридаги бизнинг таклиф ва фикрларимиз нақадар тўғри эканини тушуниб етамиз
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ، قَالَ، قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ
مَنْ أَسْرَجَ فِي مَسْجِدٍ مِنْ مَسَاجِدِ اللَّهِ سِرَاجًا لَمْ تَزَلِ الْمَلائِكَةُ وَحَمَلَةُ الْعَرْشِ يَسْتَغْفِرُونَ لَهُ مَا دَامَ فِي ذَلِكَ الْمَسْجِدِ ضَوْءٌ مِنْ ذَلِكَ السِّرَاجِ
رَوَاهُ الإِمَامُ ابْنُ أَبيِ شَيبَةَ
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким Аллоҳнинг масжидларидан бирига чироқ ўрнатса, модомики ўша чироқнинг ёруғлиги шу масжидни ёритиб турар экан унинг ҳақига Аршни кўтариб турувчи ва барча фаришталар истиғфор айтиб турадилар” (Имом Ибн Абу Шайба ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда масжид учун зарур бўлган ёритиш воситаси тўғрисида гап боряпти. Масжидларни чироқларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам уни ёритганларга мазкур башорат ваъдаси бериляпти.
Шуни ҳам билишимиз керакки, масжидни ёритиш керак дегани фақат чироқлар олиб келиб масжидларга бераверинг дегани эмас. Балки баъзи масжидларда ўнлаб катта-катта қандиллар, юзлаб кичкина чироқлар бутун масжидни ёритиб турган бир пайтда, баъзи масжидлар электр пулини тўлай олмай қарзга ботиб бораяпти. Ана шундай масжидларнинг қарзини тўлаб бериш ва келажакда ҳам ҳомийлик қилиш айнан масжидларни ёритиш эканини унутмайлик. Ё имомлар ва масжидларга хайрихоҳ бўлган азизлар! Фақат бир масжидни, яъни ўзингиз ишлаб турган ёки маҳаллангиздаги масжидни ўйламанг! Балки жонажон юртимиздаги барча масжидлар сиз билан бизники, барчамизники. Зотан, уларнинг ҳар бирида яккаю ёлғиз бўлган Роббил оламинга ибодат қилинади. Демак, уларнинг қай бирига бўлса ҳам эҳсон қилиб ёрдам берсангиз, албатта, масжидларнинг эгаси бўлмиш Аллоҳ сизни ҳеч қачон қуруқ қўймайди.
Исҳоқжон домла БЕГМАТОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими ходими
1. Диний ибодатларни бажариш
1.1. Намозларни ўз вақтида ўқиш. Ибодатлар ичида энг афзали – вақтида ўқилган фарз намози саналади.
1.2. Рўза тутиш. Қазо ва нафл рўзаларни тутиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиш кунидаги рўза қийинчиликсиз топиладиган ғанимат (ўлжа)дир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
1.3. Қуръон ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг энг афзал ибодати Қуръонга қараб тиловат қилишдир”, деганлар. Қуръонни ёддан ўқишдан кўра, унга қараб ўқиш афзалдир. Чунки Қуръонга қараш ҳам ибодатдир.
1.4. Таҳажжуд намозларини ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
1.5. Дуо ва зикрни кўпайтириш. “...Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз” (Жума сураси, 10-оят).
2. Оилага яхшилик қилиш
2.1. Ота-онага яхшилик қилиш. Ўз вақтида ўқилган фарз намоздан кейин энг афзал амал бу – ота-она хизматида бўлиш саналади. Зеро, “Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди” (Исро сураси, 23‑оят).
2.2. Фарзанд ва аҳли аёлга хурсандчилик улашиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муомала қилганингиздир. Мен ўз аҳлига яхши муомала қилувчироғингизман”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
3. Илм олиш, китоб ўқиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир”, деганлар.
4. Тафаккурга вақт ажратиш
Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бир соат тафаккур қилиш бир кечани бедор ўтказишдан яхшидир”.
5. Муҳтожларга ёрдам бериш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради” (Имом Муслим ривояти).
6. Силаи раҳм қилиш
Дам олиш кунлари қавм-қариндошлар ҳолидан ҳеч бўлмаса телефон орқали бўлсада хабар олиш учун қулай фурсат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни ризқи кенг, умри узоқ бўлиш хурсанд этса, силаи раҳм қилсин (қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин)” (Имом Бухорий, имом Термизий ривояти).
7. Спорт билан шуғулланиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кучли мўмин Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир”, деганлар.
8. Дўст ва яқинлар ҳолидан хабар олиш
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни: “Қайсики мусулмон бошқа бир мусулмонни эрталаб зиёрат қилса, то кеч киргунича унга етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кеч кирганида зиёрат қилса, то тонг отгунича етмиш минг фаришта унга салавот айтади. Унга жаннатда бир боғ бўлади”, деб айтганларини эшитдим (Имом Термизий ривояти).
Дам олиш кунларингиз хайрли ва баракали ўтсин!
Даврон НУРМУҲАММАД