Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳга тақво қил. Гуноҳнинг ортидан, уни ўчирадиган яхшилик қилгин. Инсонларга гўзал хулқ билан муомала қил”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Ҳадиси шарифда “тақво” деб таржима қилинган сўздан луғатда ҳимоя, тўсиқ деган маънолар тушунилади. Шариат истилоҳида банда билан у қўрқадиган азобнинг ўртасидаги ҳимояловчи тўсиқ тақводир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мазкур ҳадисни айтишларига Абу Зар ва Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳумо)лар сабаб бўлишган. Муоз (розияллоҳу анҳу) Яманга кетаётганида Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Муоз, Аллоҳга тақво қилгин. Одамлар билан гўзал муомалада бўлгин. Гуноҳ иш қилиб қўйсанг, ортидан яхшилик қилгин”, дедилар. Муоз: “Ё Расулуллоҳ, “Ла илаҳа иллаллоҳ” яхшиликми”, деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У яхшиликларнинг энг буюгидир”, дедилар” (Ибн Абдулбир тамҳидда келтирган). Абу Зар (розияллоҳу анҳу): “Ё расулуллоҳ мени жаннатга яқин қилиб, дўзахдан сақланишимга сабаб бўладиган амални ўргатинг”, деди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Гуноҳ қилиб қўйсанг, ортидан яхшилик қилгин. Чунки битта яхшиликнинг ўнта мисли бор”, дедилар. У: “Ё Расулуллоҳ “Ла илаҳа илллаллоҳ”, яхшиликми”, деб сўради. Набий (алайҳиссалом): “У яхшиликларнинг гўзалидир”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Инсон Аллоҳ таолонинг ердаги халифаси. Аллоҳ таоло бандаларни яратиб, уларга ҳисобсиз неъматлар ато қилди. Башариятга яхшилик ва саодат йўлларини кўрсатиш учун, уларнинг орасидан пайғамбарлар чиқарди. Аллоҳ таоло бандаларни Ўзига ибодат қилиш ва буйруқларига бўйсунишга буюрди. Одамларнинг бир-бирларига ёрдам беришлари, меҳр-оқибатли бўлишлари ва ўзаро яхшиликлар қилишлари саодатга эришишнинг муҳим омилларидан эканини баён қилди. Бу йўлда Аллоҳга тақво қилишнинг ўрни беқиёсдир.
Тақво нажот йўли. Мазкур ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тақво банда учун саодат эшиги ва Аллоҳ таолонинг розилиги калити эканини баён қилдилар. Тақво барча яхшиликларни жамлайди ва инсони ёмонликлардан ҳимоя қилади. Мўминлар тақво билан абдаий нажот топадилар ва Аллоҳ таолонинг ёрдамига эришадилар. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Зотан, Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан (ҳамиша) биргадир” (Наҳл, 128). Бошқа оятда Аллоҳ таоло тақволи бандаларга гўзал ризқ беришни ва қийинчилик, машаққатлардан халос қилишни ваъда қилди: “Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур” (Талоқ, 2-3). Банда тақво қилса ёмонларнинг ҳийла-найранрларининг зараридан халос бўлади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Агар сизларга яхшилик етса, бу уларни хафа қилади. Борди-ю, сизларга ёмонлик етса, бундан улар хурсанд бўладилар. Агар сабр билан тақвода бўлсангиз, уларнинг макрлари сизларга ҳеч қандай зарар етказмайди. Албатта, Аллоҳ уларнинг қилмишларини иҳота қилувчи зотдир” (Оли Имрон, 120).
Банда тақво қилиб дунё ва охиратда ғалаба қилади ва Аллоҳ таолонинг чексиз инъомлари ва даражаларига эга бўлади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Албатта, тақводорлар (жаннатдаги) боғларда ва дарёлар узрадирлар. (Улар) қудратли подшоҳнинг (Аллоҳнинг) ҳузуридаги садоқат мақомида бўлурлар” (Қамар, 54-55).
Тақво сўзидан Ислом динидаги ақида, ибодат, муомала ва хулқ каби амaллар тушунилади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига буришингиз (ибодат қилишингиз-нинг ўзи тўла) яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар яхшилик (аҳли)дир. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар ва айнан ўшалар тақводордирлар” (Бақара, 177).
Тақво айтиладиган сўз ёки ҳужжатсиз талаб қилинадиган даъво эмас. Балки, у Аллоҳга итоат этиш ва гуноҳларни тарк қилишга ундовчи солиҳ амалдир. Уламолар: “Аллоҳ таолога итоат этиб, осий бўлмаслик, Уни ёдга олиб, унутмаслик ва Раббига шукр қилиб, кўрнамаклик қилмаслик тақводир”, дейишади. Мўминлар мазкур маънода амал қилишлари ва сийрат-у суратда тақво билан зийнатланишлари лозим. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан чинакам қўрқув билан қўрқингиз ва мусулмон бўлмай дунёдан ўтмангиз!” (Оли Имрон, 102).
Банда шубҳали нарсалардан сақланиб, мукаммал тақвога эришади. Шубҳадан сақланиш инсонни поклайди. Ҳаром нарсаларни бажариб қўйишдан қўрқиб, мубоҳ ишлардан сақланиш ҳам шунинг жумласидан ҳисобланади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банда зарарли нарсадан қўрқиб, зарарли нарсалардан тийилмагунча тақводор бўлолмайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти). Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Инсон ҳаромдан хавф қилиб, ҳалолни тарк қилмагунча тақвога эришолмайди”.
Гуноҳларга тавба қилиш тақводорларнинг хулқидир. Гоҳида инсон унутади ёки ғафлат қолади. Натижада, нафси ғолиб келиб ёки шайтон васавасаси сабаб гуноҳ қилиб қўяди. Шу онда тавба қилиш ва Аллоҳ таолога истиғфор айтиш тақводорлик белгисидир. Аллоҳ таоло тақволик бандаларни бундай сифатлайди: “Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни эслаб, истиғфор айтадилар. Ваҳоланки, гуноҳларни фақат Аллоҳгина мағфират этар. Яна, улар била туриб, қилмишларида давом этмайдиган кишилардир” (Оли Имрон, 135). Бошқа оятда бундай марҳамат қилинади: “Тақво қилганларга шайтондан (бирор) мусибат етса, (дарҳол Аллоҳни) эслайдилар. Бас, ўшанда улар (ҳақни) кўрувчидирлар” (Аъроф, 201). Тақволик банда тавба ва истиғфордан кейин, яхшилик қилиш ва солиҳ амалларни бажаришга шошилади. Аллоҳ таолонинг ваъдаси билан яхшиликлар ёмонликларни ўчиради. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Албатта, савобли ишлар гуноҳларни кетказади. Бу ёд этувчилар учун ёдномадир” (Ҳуд, 114).
Гўзал хулқ мўминнинг зийнати. Инсон чиройли хулқ билан олий даражаларга етади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) барча билан гўзал муомалада бўлишга буюриб: “Имконинг борича хулқингни гўзал қилгин”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти). Инсон Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг гўзал хулқларига эргашиб, чиройли одобни ўрганади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб, 21). Аллоҳ таоло бошқа ояти каримда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни бундай сифатлаган: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз” (Қалам, 4).
Қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш, хато қилган одамни кечириш, инсонларга меҳр-муҳаббатли ва оқибатли бўлиш, уларга очиқ юз, ҳалимлик, тавозелик ва камтарлик билан муомала қилиш гўзал ахлоқнинг кўринишларидир.
Манбалар асосида Юнусобод туманидаги
"Юнусобод" жоме масжиди имом-хатиби
Абдулғани ТОШПЎЛАТОВ тайёрлади
Inson yaratilgan vaqtdan buyon jamiyat o‘rtasida uning huquqlari va majburiyatlari birga shakllandi. Huquq va majburiyatlar insonlar o‘rtasida paydo bo‘ladigan nizolarni oldini olish uchun yuzaga kelgan. Asrlar osha inson takomillasha borgan sari uning huquq va majburiyarlari ham shunga monan rivojlanib bordi. Shuning uchun ham Alloh taolo turli zamonlarda va turli millatlarga turli xil shariat mezonlarini nozil qilgan. Boshlang‘ich bosqichda islom davlatida huquqiy institutlar rivojlanmagan shaklda mavjud bo‘lib, islomning axloqiy vazifalari va mazhabiy figurasi bir-biri bilan hamohang va uyg‘unlashgan edi.
Shuni ta’kidlash kerakki, har bir jamiyatda, uning qanday sharoitda yashashidan qat’i nazar, unga tegishli bo‘lgan ishlar, muammolar, shaxsiy va ijtimoiy munosabatlarni tartibga solish, jamiyatda tinchlikni ta’minlab, jinoyatning oldini olish va boshqa ko‘p hayotiy muammolarini yechish uchun bir miqdor qonun-qoidalarga zarurat bo‘lgan. Islom dinini birinchi bo‘lib qabul qilgan arablar jamiyati yetarli darajada rivojlangan bo‘lmasa ham, o‘ziga xos qoidalar va an’analarga ega edi. Ularda salam (pulni oldindan to‘lab, pishib yetmagan mol, masalan, bug‘doyni keyinroq olish bitimi), muzoraba (sheriklik asosida pulni foydaga ishlatish uchun birovga berish), xilma-xil nikoh shakllari, hakamiyat (hakamlik), savdo va muomalotga tegishli bir qator urf-odatlar mavjud bo‘lib, jamiyatda qonun tusini olgan edi. Lekin mazkur udum va qoidalar yetarli darajada o‘sib rivojlanmagani tufayli, butun jamiyat hayoti sohalarini qamrab olib, birlashgan jamiyat va umumiy huquqiy tizim qurish uchun yetarli emasdi. Arablar qabilaviy sharoitda yashaganliklari uchun ularda markazlashgan hokimiyat yo‘q edi, bu esa yagona sud tizimini tashkil etish uchun imkon bermasdi. Makka shahri eng muhim tijorat markazi bo‘lgan. Savdo va tijorat sohasidagi qonunlarni savdogarlar o‘zaro ijro etardilar.
Oilaviy munosabatlar (qarindoshlik va meros)ga oid qonunlar, shuningdek, jazo qonuni,ham ko‘chmanchilar va ham shaharlarda yashovchi aholi orasida eski qabilaviy tuzum ta’siri ostida edi. Unga binoan biron-bir qabilaga mansub bo‘lmagan kishi qabilaviy qonun himoyasidan chetda qolardi[1]. Arablar orasida nizo va kelishmovchiliklar paydo bo‘lganda, tomonlar muzokara yo‘li bilan kelisha olmasalar, hakamlarga murojaat qilinardi. Hakamlar biron-bir xos firqaga mansub bo‘lmay, keng ma’lumotli, zukko va yaxshi nom chiqargan kishilar hamda ilohiy kuchga ega hisoblangan kohinlar ichidan tanlanardi.
Payg‘ambarimiz Muhammad sollallohu alayhi vasallam (payg‘ambarligidan ilgari) Ka’bani ta’mirlash ishlari olib borilganda Qoratosh (Hajarul-asvad)ni o‘rniga qo‘yish bo‘yicha urug‘lar orasida yuzaga kelgan nizoni hakam sifatida hal qilishga muvaffaq bo‘lgan edilar. Islom dini o‘z huquqiy tizimi va qonunchiligini rivojlantirar ekan, Qur’on va Sunnaga asoslangan holda arablar jamiyatida qonun darajasiga ko‘tarilgan urf-odatlar va an’anaviy udumlardan ham foydalandi. Shu ma’nodaki, ularning ayrimlari Qur’on oyatlari yoki hadislar orqali bekor qilindi, ayrimlariga o‘zgartirishlar kiritib qabul qilindi va ba’zilariga qonuniy tus berildi. Shuningdek, muzoraba va shirkat me’yorlari qabul qilinib, ribo (sudxo‘rlik) butunlay harom deb e’lon qilindi.
Hijriy I asrda islom huquqi shakllana boshlab, hijriy II va III asrlarda taraqqiyot bosqichlariga ko‘tarildi. Hijriy II asr boshlarida ilk huquqiy maktablar (mazhablar) yuzaga kela boshladi va yangi shakllangan islom jamiyati o‘zining boshlang‘ich huquqiy va qonuniy institutlari-muassasalarini qurishga muvaffaq bo‘ldi[2]. Arab xalifaligida ijroiy faoliyatlar va qonun tuzish ishlari bir-biri bilan chambarchas bog‘liq edi va uning maqsadi yangi tasarruf qilingan mamlakatlar idoralarini islom qonunlari asosida tashkil etib, boshqarish edi. Hijriy I asr o‘rtalariga kelib islom siyosiy qarama-qarshiliklarga duch keldi. Xavorij (xorijiylar) va shia firqalari ko‘pchilikni tashkil etgan ahli sunna val-jamoaga qarshi turdilar. Keyinroq shialar sunniylikning buyuk olimlari tomonidan asos solingan va takomillashtirilgan huquqiy tizimlarni iqtibos etib, hijriy II asrning ikkinchi yarmida ularga ayrim o‘zgartirishlar kirgizdilar[3]. Hijriy I asr asosan tasarruf etilgan mamlakatlar huquqiy normalarini ko‘rib chiqib, ularning urf-odatlarini shariat qonunlariga moslashtirish jarayoni bilan o‘tdi. Islom huquqining yaratilib, tartibga solinishi hijriy II asr o‘rtalarida boshlandi va o‘z taraqqiyot yo‘lini bosib o‘tdi. Islom huquqi o‘z rivojlanish bosqichlarini shu yo‘sinda bosib o‘tdi. Asli arab bo‘lmagan ko‘p xalqlar, ayniqsa, Movarounnahr faqihlari va muhaddislari uning rivojiga beqiyos darajada katta hissa qo‘shib keldilar. Islom tarixchilarining fikrlariga ko‘ra, islom huquqi (fiqh) o‘z taraqqiyot jarayonida quyidagi olti davrni bosib o‘tgan:
Birinchi bosqich: Payg‘ambarimiz Muhammad sollallohu alayhi vasallam davrlari;
Ikkinchi bosqich: Sahobalar davri;
Uchinchi bosqich: Tobeinlar davri;
To‘rtinchi bosqich: Mujtahidlar davri;
Beshinchi bosqich: Muharrijlar davri;
Oltinchi bosqich: Muqallidlar yoki taqlid davri[4].
Abdulhay Laknaviy rahimahulloh hanafiy mazhabi faqihlarini tabaqalashtirishda muharrijlar davridan so‘ng as’hobut-tarjih, ya’ni buyuk faqihlar tomonidan yozib qoldirilgan hukmlardan ayrimlarini zaruratga binoan bir-biridan ustun qo‘yish vakolatiga ega bo‘lgan olimlar davrini ham ko‘rsatib o‘tadi. Lekin bizning fikrimizcha, muharrijlar va as’hobut-tarjih davrini bir bosqich deb hisoblash mumkin, chunki ular ko‘pincha bir davrda yashab, o‘z vazifalarini bajarib kelganlar. Zamon o‘tishi va davr taqozosi bilan islom huquqi, ya’ni fiqh ilmi rivojlanib, asta-sekin tafsir, hadis va boshqa islomiy ilmlardan ajralib bordi. Payg‘ambarimiz hazrat Muhammad sollallohu alayhi vasallam vafotlaridan keyin sahobalar davri va undan keyin tobeinlar davri qaror topdi.
Hijriy II asrning dastlabki o‘n yilliklarida ilk huquqiy maktablar yuzaga kela boshladi. “Islomda huquq” kitobida ular “qadimiy huquqiy maktablar” deb atalgan. Biz ularni “ilk huquqiy maktablar” deb atadik. Mazkur maktablar hech qanday mushaxxas va konkret tashkilotni ko‘rsatmaydi, ularning foydalanadigan usul va qoidalari tizimga solinmagan va hech qanday rasmiy tus olmagan edi[5]. Ushbu maktablar vakillari bo‘lgan faqihlar o‘z sohalari bo‘yicha iqtidorli kishilar bo‘lib, islom ta’limotiga asoslangan barcha ilmlar, masalan, tafsir, hadis va fiqh ilmlariga qiziqardilar va ular bo‘yicha keng ma’lumot va yuksak malakaga ega edilar. Ular o‘z shaxsiy qiziqishlari asosida musulmonlar jamoasi orasida yuksalib, o‘z ilmu fazilatlari bilan barcha xalq tomonidan ishonch va hurmatga sazovor bo‘lgan edilar.
Ahli sunna val-jamoaga tegishli bo‘lgan ilk huquqiy maktablar quyidagilardan iborat edi:
1. Madina huquqiy maktabi;
2. Makka huquqiy maktabi;
3. Basra huquqiy maktabi;
4. Kufa huquqiy maktabi;
5. Shom huquqiy maktabi.
Basra va Kufa huquqiy maktablari Iroq maktabini tashkil etadi.
Misr o‘ziga xos huquqiy maktabga ega bo‘lmay, boshqa huquqiy maktablar, ayniqsa, Madina maktabi ta’siri ostida edi .
Ilk huquqiy maktablarning mashhur vakillari quyidagilardan iborat edi:
1. Madina maktabi namoyandalaridan Umar ibn Xattob, Ali ibn Abu Tolib, Abdulloh ibn Umar, Zayd ibn Sobit, Said ibn Musayyib, Zuhriy, Yahyo ibn Said va boshqalar.
2. Makka maktabidan Abdulloh ibn Abbos, Sufyon ibn Uyayna, Muslim ibn Xolid.
3. Iroq maktabidan Alqama ibn Qays, Qozi Shurayh, Ibrohim Naxaiy, Hammod ibn Sulaymon, Ibn Abi Laylo.
4. Shom maktabining vakili Abdurahmon Avzo’iy edi.
Fiqh tarixi mutaxassislari ta’kidlashlaricha, Iroq islom huquqining muhim markazlaridan biri edi. Hijriy II asr davomida ham Iroq bu sohada o‘z ustunligini saqlab qoldi[6]. Faqat doktor Muhammad Yusuf Muso turli shaharlarda tashkil topgan huquqiy maktablar qatorida Misrda ham shunday maktab bor ekanligini qayd etib o‘tadi . Ilk huquqiy maktablarning eng muhim jihatlari shundan iborat ediki, birinchidan, ular Qur’onga asoslanar edi va Sunnaga katta e’tibor qaratardi. O‘sha davrlarda qiyos, shariatning asosiy manbai sifatida o‘z rivojlanish bosqichlarini bosib o‘tmagani uchun, ular ushbu metoddan keng ko‘lamda foydalanmasdilar deyish mumkin[7].
Xulosa:
Zamon o‘tishi bilan islom dini keng miqyosda tarqalib, turli dinlarga mansub kishilar unga o‘tgani, ayrim siyosiy, ijtimoiy va aqidaviy sabablarga ko‘ra musulmonlar orasida yuzaga kelgan qarama-qarshiliklar oqibatida Islom muxoliflari tomonidan ko‘p to‘qima hadislar ishlab chiqilib tarqatila boshlandi va bu hodisa ushbu manbadan qat’iy ishonch bilan foydalanishni og‘irlashtirdi. Shu vaqtlarda hadislarni chuqurroq o‘rganib, tahlil qilish, ular orasidan to‘qima hadislarni chiqarib tashlash va faqatgina haqiqiy hadislar, ya’ni Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamdan rivoyat qilingan hadislardan huquqiy manba sifatida foydalanish zarurati yuzaga keldi. Bunday yondashuv bir tomondan hadisshunoslik ilmining rivojlanishiga sabab bo‘lgan bo‘lsa, ikkinchi tomondan, yangi huquqiy maktablarning yuzaga kelishi uchun zamin yaratib berdi. Ilk huquqiy maktablarning ish uslubiga tanqidiy yondashilib, har bir maktab tarkibida yangi uslub tarafdori bo‘lgan olimlar yuzaga keldi. Shunday qilib, ilk huquqiy maktablar negizida to‘rtta asosiy sunniy huquqiy maktab shakllandi va har biri o‘z muhitidagi sharoitga muvofiq rivojlandi. Shu yo‘sinda ahli sunna val-jamoa fiqhi, ya’ni islom huquqi bir mukammal va rivojlangan huquqiy tizim sifatida o‘z taraqqiyot bosqichlarini bosib o‘tdi.
Ro'zimuhammad VAHOBOV,
Surxondaryo viloyati, Sho'rchi tumani
“Abu Bakr Siddiq” jome masjidi imom-xatibi.
[1]Islomda huquq./ To‘plovchilar: Majid Xadduriy va Herbert J.Libesni. (Mualliflar guruhi: Sharq va G‘arbning 12 ta mashhur huquqshunos, islomshunos va sharqshunos olimlari jumlasidan Muhammad Abu Zahra, Subhiy Muhassamoniy, Shukriy Qardoshiy, Abul’alo Mordin, Jozef Shaxt va boshqalar). Tehron–Nyu-York, 1955 y. B.37.
[2]O‘sha asar. B.40.
[3]I.Tabariy. Erondagi dunyoqarashlar va ijtimoiy harakatlar haqida tekshirishlar. Kobul: Davlat chop va nashr qo‘mitasi, 1361 h.y. B.221.
[4]Shayx Muhammad Xuzariybek.Tarixut tashri’il islomiy.Bayrut: 1988. B.14-6.
[5]Vahba Zuhayliy. Islom fiqhi va uning manbalari. J.1. Bayrut: Dorulfikr. 1984. 30-b.
[6]Shayx Muhammad Xuzariybek, Tarixut tashri’il islomiy.Bayrut: 1988. B.149-b.
[7]Vahba Zuhayliy. Islom fiqhi va uning manbalari. J.1. Bayrut: Dorulfikr. 1984. 29-b.