Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Январ, 2025   |   18 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:45
Пешин
12:38
Аср
15:41
Шом
17:25
Хуфтон
18:43
Bismillah
18 Январ, 2025, 18 Ражаб, 1446

Салавотнинг вақти, жойи ва тартиби

30.11.2017   54059   9 min.
Салавотнинг вақти, жойи ва тартиби

Савол: Салавот  қачон ва қандай айтилади?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Алҳамдулиллаҳи Роббил ъаламийн! Вассолату вассаламу ъала ашрофил мурсалийн!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишга Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло амр қилган. Бу ҳақда Аҳзоб сурасининг 56-оятида қуйидагича марҳамат қилинган:  

 إِنَّ اللَّهَ وَمَلائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

 «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга салавот айтинг ва салом юборинг».

Аллоҳнинг амри бандалар учун фарз-вожиб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам уламоларимиз ҳар бир киши умри давомида бир марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиши фарздир, дейдилар.

Шофеъий мазҳабида намознинг сўнгида (ташаҳҳудда) салавот айтмоқлик вожиб амал ҳисобланади. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи: «Ташаҳҳудда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилмаса, намоз намоз бўлмайди» деганлар. Ҳанафий мазҳабида эса, бу амал суннат ҳисобланади.

Намоздан ташқарида барча вақтларда салавот айтиш мустаҳабдир. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари, кунялари [1] (Абул Қосим) ёки Расулуллоҳ, Пайғамбаримиз, Набий каби лафзлар билан у зот алайҳиссалом зикр қилинсалар, салавот айтиш лозим бўлади. Бир мажлисда исмлари бир неча марта тилга олинса, бошида бир марта саловот айтмоқлик вожибдир, қолганлари эса суннат. Баъзи уламолар ҳар сафар салавот айтмоқ вожиб деганлар. Салавот айтиш «Солаллоҳу алайҳи васаллам», «алайҳиссалом» ёки бошқа лафзлар билан бўлади.

«Соллаллоҳу  алайҳи  васаллам»   дегани «Унга Аллоҳнинг салавоти ва саломи бўлсин!» деганидир.

Араб тилида «Салавот» сўзи «салот»нинг жаъми бўлиб, «дуо» маъносини англатади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи «Салот» Аллоҳ таоло томонидан бўлганда «дуо» маъносини йўқотади. Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиши у зот солаллоҳу алайҳи ва салламга Ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади, деганлар.

Сийрат илми бўйича мутахассис бўлган Абдул Азим Зиёуддин домла «Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» деган китобида қуйидагиларни келтиради: Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга салавот айтиши ҳақида уламоларимиз бир қанча таъриф берганлар. Ўша таърифларнинг  энг  яхшиси  ва кенг қамровлиси  улуғ  тобеъин  Абул  Олия  айтган мазкур таърифдир: «Соллаллоҳу  алайҳи  васаллам» дегани «Аллоҳ Ўз  Пайғамбарини фаришталари ҳузурида мақтасин ва салом юборсин», деганидир. Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримизга айтадиган салавотини «Унинг  раҳматидир» деб, тафсир қилиш заифдир. Зеро, Аллоҳнинг раҳмати ҳар бир мўминга бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам уламоларимиз: «Фалончига  Аллоҳнинг  раҳмати  бўлсин»,  дейишнинг  жоиз  эканига  иттифоқ қилган. Аммо «фалончига Аллоҳнинг салавоти бўлсин», дейиш ҳақида ихтилоф қилган. Бу эса салавот бошқа, раҳмат бошқа нарса эканини билдиради.

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари зикр қилинганда салавотни ичда айтиш жоиз. Лекин овоз чиқариб айтган афзалдир. Албатта, сўзловчи Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмларини одамларга эштиладиган қилиб зикр қилса, уларга эшитиладиган тарзда салавот айтади. Ўзи эшитадиган даражада зикр қилса, салавот ҳам шундай айтилади.

Уламолар барча анбиёларга салавот айтиш жоизлигини таъкидлаганлар. Бир Пайғамбарнинг исми зикр қилинганда «алайҳиссалом» (Унга салом бўлсин) дейилса, бир неча пайғамбарларнинг исмларини кетма-кет зикр қилиб, алайҳумуссалом (Уларга салом бўлсин) дейиш ҳам мумкин.

Шу ўринда бир эслатма: Муҳаммад, Иброҳим, Исо ва бошқа пайғамбарларнинг исмлари ила исмланган оддий инсонларнинг исми тилга олинганда салом ва салавотлар айтилмайди. Чунки бу исмни айтиш билан пайғамбар алайҳумуссаломлар эмас оддий инсонлар қасд қилинган бўлади. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари зикр қилинган оятларни намозда ўқилганда ҳам салавот айтилмайди, соқит бўлади.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак исмлари Маданий суралардан бўлмиш 5 та сурада зикр қилинган:

  • Оли Имрон сураси, 114-оят.
  • Аҳзоб сураси, 40-оят.
  • Муҳаммад сураси, 2-оят.
  • Фатҳ сураси, 29-оят.
  • Соф сураси, 6-оят.

Юқоридагиларнинг дастлабки тўрттасида Муҳаммад исмлари зикр қилинган бўлса, бешинчисида Аҳмад исмлари зикр қилинган.

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишнинг фойдаси ва самаралари:

  • Аллоҳнинг амрига бўйсуниш.
  • Аллоҳ таолонинг салавотига мувофиқ иш қилиш.
  • Фаришталарнинг салавотига мувофиқ иш қилиш.
  • Бир салавот учун Аллоҳдан ўн салавот олиш.
  • Бир салавот учун ўн даража кўтарилиш.
  • Бир салавот учун ўн ҳасана[2]ёзилиши.
  • Бир салавот учун ўн гуноҳнинг ўчирилиши.
  • Дуонинг қабул бўлиши.
  • Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига мушарраф бўлиш.
  • Гуноҳларнинг мағфират[3]қилишиниши.
  • Ғам-ғуссадан фориғ бўлиш.
  • Қиёмат куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлиш.
  • Салавот камбағал учун садақа ўрнига ўтиши.
  • Ҳожатларнинг раво бўлиши.
  • Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтган одамга Аллоҳ таоло ва Унинг малоикалари салавот айтадилар.
  • Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтувчи покланади.
  • Салавот айтиш бандага жаннатнинг башоратини беради.
  • Қиёмат кунининг даҳшатларидан нажот беради.
  • Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам салавот айтувчига жавоб берадилар.
  • Бандага унутган нарсасини эслатади.
  • Мажлисни поклашга сабаб бўлади.
  • Салавот фақирликни кетказади.
  • Салавот бандадан бахиллик сифатини кетказади.
  • Салавот дуои баддан қутилишга сабаб бўлади.
  • Салавот ўз эгасини жаннат йўлига элтади.
  • У ўз эгасини мажлис нохушлигидан сақлайди.
  • Ҳамду сано билан бошланган дуони тамомлайди.
  • Банданинг сиротдаги нурини тўлиқ қилади.
  • Банда у билан жафодан чиқади.
  • Салавот баракага сабаб бўлади.
  • У бандани Аллоҳ таолонинг раҳматига эриштиради.
  • Салавот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатнинг бардавомлиги сабабчисидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиладиган ҳол ва жойлар:

  • Намознинг биринчи ташаҳҳудида[4].
  • Намознинг охирги ташаҳҳудида.
  • Жаноза намозининг иккинчи такбиридан кейин.
  • Ийд, жума намозлари хутбасида ва бошқа хутбаларда.
  • Муаззиннинг азонига жавоб бераётганда.
  • Иқомага жавоб бераётганда.
  • Дуо пайтида.
  • Масжидга кираётганда ва чиқаётганда.
  • Сафо ва Марвада.
  • Одамлар тўпланган ва тарқалганда.
  • Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари зикр қилинганда.
  • Лаббайка тамомланганда.
  • Ҳажарул Асвадни истилом – қўл билан ушлаб ёки узоқдан ишора қилиб ўпганда.
  • Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида.
  • Бозорга ёки бирор жойга чиққанда.
  • Кечасидаги уйқудан турганда.
  • Қуръони Каримни хатм қилгандан кейин.
  • Жума куни.
  • Мажлисдан турганда.
  • Масжидларни кўрганда ва уларнинг олдидан ўтганда.
  • Ғам-ғусса босганда.
  • Бошига мушкул иш тушганда.
  • Мағфират сўралганда.
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари ёзилганда.
  • Одамларга илм етказилганда.
  • Наҳорнинг аввали ва охирида.
  • Гуноҳдан кейин каффорот исталганда.
  • Фақирлик ва ҳожатмандликка тушганда ёки уларнинг хавфи бўлганда.
  • Совчилик қилинганда.
  • Акса урганда.
  • Таҳорат қилиб бўлганда.
  • Манзилга кираётганда.
  • Аллоҳнинг зикрига жамланган жойларда.
  • Унутган нарсасини эсламоқчи бўлганда.
  • Ҳожатмандлик ориз бўлганда.
  • Қулоқ шанғиллаганда.
  • Намозлардан кейин.
  • Сўйиш бошланганда.
  • Садақага моли йўқ одам салавот айтса, садақа бўлади.
  • Уйқудан олдин.
  • Аҳамиятли гапни бошлашдан олдин.
  • Ийд намози жараёнида.
  • Таяммум ва ғуслдан кейин.
  • Тонг отгандан ва кун ботгандан кейин.
  • Тонгги намозга турганда.
  • Таҳажжуд намозини ўқиб бўлганда.
  • Мактуб ёзганда ва бошқаларда.

Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф тайёрлади

 

[1] Куня деб отага фарзандининг исмига «Абу» қўшиб айтилиши, «Абу Фалончи» дегани «Фалончининг отаси» дегани. Онага фарзандининг исмига «Умму» қўшиб айтилиши. «Умму Фалончи» дегани «Фалончининг онаси» дегани. Куня фақат бош фарзанднинг исми билан бўлиши шарт эмас, шунингдек, ўзини фарзанди йўқ киши яқин кишисиининг боласи билан ҳам куняланиши мумкин. Оиша онамиз жиянларининг исми билан «Умму Абдуллоҳ» деб куняланганлар.

[2] Ҳасана – яхшилик.

[3] Мағфират авфдан кўра анча юқори нарсадир. Мағфират қилиш гуноҳдан кечиб савоб бериш бўлгани учун ҳам фақат Аллоҳга хос ҳисобланади.

[4] «Ат-таҳийяту»даги «Ассаламу алайка айюҳан набийю...»  жумласи.

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳадиси шарифда Ватан тушунчаси

14.01.2025   3402   4 min.
Ҳадиси шарифда Ватан тушунчаси

Муқаддас динимизнинг иккинчи манбаси бўлган Суннатда ҳам ватан тушунчаси ва унга бўлган муҳаббат борасида талайгина ҳадислар келган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтаётиб Мадина кўчаларини кўрган вақтларида туяларини тезлатардилар. (От, хачир каби) уловда бўлсалар, уни ниқтардилар”.

Абу Абдуллоҳ айтади: «Ҳорис Ибн Умайр Ҳумайднинг “Уловни уни (Мадинани) севганларидан ниқтардилар” ривоятини зиёда қилган» (Имом Бухорий ривояти).

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз ҳажини адо қилса, аҳлига қайтишга шошилсин. Чунки шундай қилиши ажрини кўпайтиради”, дедилар» (Имом Дорақутний, Ҳоким ва Байҳақий ривояти).

Шарҳ: Аллома Муновий[1] раҳматуллоҳи алайҳ “Файзул Қодир” китобида ҳадисни қуйидагича шарҳлаган: “(Ватанга) шошилиш – мустаҳаб. “Аҳл”дан мурод эса ватандир, гарчи у ерда аҳли (оиласи) бўлмаса-да, келиши билан дўстлари, аҳлларига сурур бағишлагани учун “шундай қилиши ажрини кўпайтиради”. Ватанда истиқомат қилишда бошқа жойга қараганда ибодатга (оид) вазифаларни бажариш осон бўлади. Бу Ислом асосларидан бири бўлган ҳаж борасида шундай дейилган бўлса, бошқа, айниқса, мустаҳаб (араб. – “севилган”, “ёқтирилган”) – шаръий амал; уни бажарган киши савоб олади, бажармаган киши гуноҳкор бўлмайди) ва мубоҳ (араб. – “умумий”, “ихтиёрий” иш-ҳаракат) – шариат томонидан мукаллаф кишига қилиш ёки қилмаслик ихтиёри тенг берилган амал) сафарларда (ўз ватанига шошилиши биринчи навбатда) талаб қилинади. Мана шу ҳадисдан Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Маккани қўшни тутиш макруҳ (араб. – “рад этилган”, “қораланган”, “номақбул”) шариат ҳукмларидан бири. Қатъиян тақиқланмаган, бироқ номақбул ҳисобланган ва рад этилган амал. Макруҳ икки хил бўлади, деган ҳукмни олганлар”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сафар азобнинг бир бўлагидир. Сизларни таом, шароб ва уйқудан тўсади. Қай бирингизнинг сафардан мақсади ҳосил бўлса, аҳлига шошилсин”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч кишининг: ота, мусофир ва мазлумнинг дуоси ижобат қилинади”, дедилар» (Имом Табароний ривояти).

Шарҳ: Аллома Муновий раҳматуллоҳи алайҳ “Файзул Қодир” китобида ёзади: “Уч кишининг: отанинг фарзандга, мусофирнинг ва мазлумнинг золимга қилган дуоси ижобат бўлади. Сафар ватандан узоқ, ғурбатда бўлиш, машаққатларни бошдан кечириш сабабли қалбда синиқлик пайдо қилади. Синиқлик дуо ижобат бўлишининг энг катта сабабларидан бири. Мазлум эса ночордир”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга меванинг аввали келтирилар эди. Шунда у зот: “Аллоҳумма барик лана фи мадинатина ва фи самарина ва фи муддина ва фи соъина барокатан маъа барока” дуосини айтардилар. Сўнгра уни ҳозир бўлган болаларнинг энг ёшига берардилар» (Муслим ривояти).

Дуонинг таржимаси: “Аллоҳим! Бизнинг шаҳримизга, мевамизга, муддимизга ва соъимизга барака устига барака бер“. (Муд ва соъ – ҳажм ўлчов бирликлари).

"Исломда ватан тушунчаси" китобидан


[1] Аллома Муновий. Тўлиқ исми: Зайнуддин Муҳаммад Абдуррауф ибн Тожулорифин ибн Али Зайнул Обидин Ҳаддодий Муновий Қоҳирий. Милодий 1545, ҳижрий 952 йилда туғилган. Милодий 1622, ҳижрий 1031 йилда Қоҳирада вафот этган. Қомусий олимлардан. Аллома Муновий парҳезкор, кам овқат, кам уйқу зотлардан эди. 80га яқин китоб муаллифи. Ёзган китоблари: “Кунузул ҳақоиқ” (ҳадис ҳақида), “Файзул Қодир шарҳу жомеис сағир” ва бошқалар.

МАҚОЛА