Аллоҳ азза ва жалла белгилаган вақтда ва мавсумда ҳажга бориш ҳамда ота-онага яхшилик қилиш санаб адоғига етолмайдиган фазилатларга тўладир. Бунга доир бир неча ибратли воқеалар бор.
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу айтадики: Биз Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу билан у кишини халифалигининг илк даврида бирга ҳаж қилдик. Мўминлар амири Байтуллоҳга кирганида тавоф вақтида Ҳажар ал-асвадни ўпар экан, бундай деди: “Сени ўпаяпман, ҳолбуки, сен оддий тошсан. Сен на фойда ва на зарар ҳам етказа оласан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени ўпгани учун ўпмоқдаман. Агар бундай бўлмаганида эди, сени ҳаргиз ўпмаган бўлардим!” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Динордан ривоят қилинади: “Ибн Умар Маккага қараб йўлга чиққанда туяга минишдан малолланиб қолса ўшани минар эди. Яна бошига ўраб юрадиган салласи бўлар эди. Бир куни ўша эшагида кетаётган эди, бир аъробий ўтиб қолди.
– Сен фалончининг ўғли фалончи эмасмисан? – сўради Ибн Умар.
– Ҳа шундай, – деб жавоб берди аъробий.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумо унга эшагини бериб:
– Мана буни миниб ол! – деди ва салласини ҳам бериб:
– Буни бошингга ўраб олгин, – деди.
Шунда у кишининг баъзи ҳамроҳлари:
– Аллоҳ Сизни мағфират қилсин! Нега бу аъробийга миниб келаётган эшагингизни ва бошингизга ўраб юрган саллангизни бериб юбордингиз – деб сўрашди.
У киши:
– Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Яхшиликларнинг энг эзгуси кишининг oтаси вафoт этганидан кейин унинг дўстлари билан яхши муносабатда бўлишидир”, деб айтганларини эшитганман. Унинг oтаси менинг oтам Умар ибн ал-Хаттобнинг (розияллоҳу анҳу) дўсти эди, – деди (Имoм Муслим ривoяти).
Мазкур икки қиссадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, у зотнинг суннатларига амал қилиш қандай бўлиши ва вафот этган ота-онасига фарзанднинг яхшилик қилиши қай ҳолатда бўлишини англаб олишимиз мумкин. Бу ўрнак олишга арзигулик ибратли дарслардандир.
Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади: “Ривоят қилинишича бир киши онасини елкасида кўтариб Байтуллоҳни тавоф қилдирибди.
Тавофни тугатгач, бу амалини она учун қилинган катта хизмат, беқиёс хайру эҳсон деб, ўйлаган ўғил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
– Онамнинг мендаги ҳаққини адо этдимми? – деб сўрабди.
Расулуллоҳ унга:
– Йўқ! Сен бир маротаба оҳ уришининг ҳаққини ҳам адо этолмадинг, – дедилар (Яъни, онасини кўтариб тавоф қилдириши унинг ҳомиладорлик вақтидаги қийинчилик лаҳзаларидан бирига ҳам тенг эмаслигини айтдилар).
Агар биз Аллоҳ азза ва жалланинг розилигини топиш учун бор кучимизни ота-онамизнинг хизматига сарфласак, нақадар бахтли инсон бўлар эдик!.
Ҳотам бин ал-Асам фарзандларини чақириб, шундай деди: “Мен бу йил ҳажга боришни истайман”. Унинг болалари йиғладилар ва айтдиларки: “Эй отажон, сиз ҳаж сафарига бормоқчи бўлсангиз, бизларни кимга қолдириб кетмоқчисиз?”
Шунда Ҳотам бин ал-Асамнинг қизларидан бири: “Йиғидан тўхтанглар, отамизни ҳажга боришлари учун уни ўз ҳолига қўйинглар. Аллоҳ азза ва жалланинг ризқ берувчи зот эканини билмайсизларми, бу хусусда Қуръони каримда шундай дейилган-ку:
إِنَّ اللَّهَ هُوَ الرَّزَّاقُ ذُو الْقُوَّةِ الْمَتِينُ
Зеро, Аллоҳнинг ўзи Раззоқ (ризқ берувчи), қувватли ва Матин (қудратли)дир”.
Шундан сўнг болалар опасини койиб оч ҳолида ухлагани ётишди. Кунларнинг бирида бу уй ёнидан ўша мамлакатнинг амири ўтиб қолди. Амир чанқоғини бостириш учун яқиндаги уйлардан биридан сув сўради. Унга Ҳотам бин ал-Асам уйидан янги кўзада сув келтиришди, у сувдан ичиб олди ва сўрадики: Бу кимнинг уйи?. Шунда унга аёнлари: “Бу Ҳотам бин ал-Асамнинг уйи”, деб жавоб бердилар. Шунда амир бу уйга бир тилла танга ташлади ва дедики: Агар ким мени ҳурмат қилса мен қилган ишни бажаради. Сўнгра амирнинг аъёнлари Ҳотам бин ал-Асамнинг уйига бир неча тилла танга отдилар. Буни кўриб Ҳотам бин ал-Асамнинг қизи йиғлаб юборди. Унинг онаси: “Нимага йиғлаяпсан, қизим?” деб сўради. Шунда у: “Аллоҳ азза ва жалла ризқимизни мўл қилди. Онажон, бизга Аллоҳнинг бандаси назарини қаратди, бизни беҳожат қилди ва бизга ташаккур айтди. Агар Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи бизга назар солса нима бўлишини тасаввур қилинг!”
Илёс Аҳмедов тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Кишилик тарихини кузатсак, киши ҳар бир замон ва жамиятнинг салоҳияти, равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанишини билиб оламиз. Мусулмонлар ҳам Аллоҳнинг буйруқлари ва Унинг Расули кўрсатмаларига амал қилиб, илму ирфонни ўрганган, маърифатга талпинган даврларида қўллари узун, тиллари ўткир, мартаба-мақомлари баланд бўлган. Аксинча, илм-фандан юз ўгириб, лоқайдлик ва танбаллик туфайли жаҳолатга юз буришганида қўлларидан нусрат, салтанат, сарват кетган, ўзлари хўрланишган.
Илм инсонга нима фойда-ю, нима зарар эканини билдиради, киши орзу-мақсадларига фақат илм орқали етишади. Илму ирфондан юз ўгирган ёки илм олишга лаёқати паст бўлган жамият эса ҳамиша кимгадир юкуниб яшашга маҳкум бўлди. Зеро, Аллоҳ таоло ҳам Қуръони Каримда: «...Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» (Зумар сураси, 9-оят) деб бу борада аниқ мезонни белгилаб берди.
Азал-азалдан бу юртнинг нури бутун дунёга таралиб, порлаб тургани сир эмас. Масалан, Имом Бухорийни ким билмайди? Имом Термизийни, имом Доримийни-чи? Ёки Бурҳониддин Марғиноний, Абу Муъийн Насафий каби улуғ зотларни ким эътироф этмайди? Бу улуғ имомларнинг илмий мерослари асрлар давомида ушбу заминнинг буюк тарихидан далолат бериб келмоқда. Бутун Ислом олами Бухоро сўзини эшитганда чексиз ҳурмат бажо келтириши ҳаммамизга маълум. Бундай эҳтиром, аввало буюк ватандошимиз – Имом Бухорий ҳазратлари, қолаверса, юртимизда етишиб чиққан уламолар шарофатидан.
Мовароуннаҳр диёри ҳар бир асрда Ислом оламига буюк алломаларни, дунё тан олган олимларни етказиб бергани тарихий ҳақиқат. Масалан, ҳижрий II асрда атоқли фиқҳ олими Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва улуғ муҳаддис Абдуллоҳ ибн Муборак яшаб ўтишган бўлса, кейинги аср Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ва Абу Ийсо Термизийларнинг даври бўлди. Тўртинчи асрда Абу Мансур Мотуридий, бешинчи юзйилликда Абул Муъин Насафий, олтинчи асрда Абул Қосим Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний, Алоуддин Косоний, еттинчи асрда Абул Баракот Насафий каби улуғ Ислом олимлари етишиб чиқди.
Илм-фаннинг бошқа соҳаларини олиб кўрсак, бу борадаги ютуқлар ҳам илғор бўлган. Масалан, Косинуслар теоремасини биринчи бўлиб Абу Райҳон Беруний кашф қилган бўлса-да, олти юз йилдан кейин Оврупада француз олими Веитга нисбат берилди. Палеонтология ва седиментология соҳасида илк марта тажриба ўтказиб, бу бўйича китоб ҳам ёзган Абу Али ибн Сино бўлса-да, Албертга «Буюк Алберт» унвони берилди.
Биргина тиббиёт соҳасида юртимиздан чиққан улуғ олим ва ҳаким Абу Али ибн Синони бутун дунё замонавий медицинанинг отаси деб тан олгани, унинг тиббиётга оид «Ал-Қонун» каби шоҳ асари XVI асргача Ғарбдаги барча тиббиёт дорилфунунларида дарслик қилиб ўқитилгани, замонавий тиббиёт жуда кўп жабҳада Ибн Синодан ўрганганини гапириб ўтирмаймиз. Чунки бу далилларни Шарқу Ғарбда ҳамма жуда яхши билади.
Улуғ ватандошимиз Мусо Муҳаммад Хоразмий биринчи бўлиб алгебра фанига асос солган, «алгебра» истилоҳи унинг «Ал-жабр вал-муқобала» рисоласидан олинган, олимнинг номи эса «алгоритм» шаклида фанга кирган, унинг арифметикага оид рисоласи XII асрдаёқ Испанияда таржима қилиниб, шу асосда дарслик ёзилган. Яна бир улуғ олимимиз Аҳмад Фарғоний фалакшуносликнинг (астрономия) отаси саналади, унинг «Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум» китоби XII асрда Оврупа тилларига таржима қилиниб, «Алфраганус» деган лотинча ном билан бир неча аср мобайнида Ғарб университетларида астрономиядан асосий дарслик сифатида ўқитилган. Дунёда биринчи ҳисоблаш маркази Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек раҳбарлигида қурилган. XV асрда Мирзо Улуғбекнинг машҳур расадхонасида ишлаган Ғиёсиддин Жамшид Коший биринчи бўлиб ўнли касрларни кашф этган. Оврупада эса ундан 175 йил кейин Симон Стевин бундай сонлар ҳақида илк фикрларини оммага тақдим этди.
Яна бир атоқли қомусий олимимиз Абу Райҳон Беруний Христофор Колумбдан анча олдин уммон ортида номаълум қитъа борлигини айтган, Галилейдан 600 йил аввал Ернинг айланишини исботлаб ва изоҳлаб берган, биринчи глобусни ясаган, Ер билан Ой ўртасидаги масофани ўлчаган, конуслар теоремасини француз олими Вентдан 500 йил олдин кашф этган.
IX асрнинг 1-ярмида халифа Маъмун томонидан Бағдодда ташкил этилган «Байт-ул ҳикма» («Билим уйи») деб аталган академияга ҳам марвлик Абу Али Яҳё ибн Мансурдан кейин Муҳаммад Хоразмий раҳбарлик килган эди. Бу даврда Хоразмий насаби шу даражада машҳур бўлиб кетдики, кимнинг Хоразмий насаблик шогирди бўлса, обрў ҳисобланар эди.
Энди шу жойда озгина бугунги кунимизга назар ташлайлик. Бугунги кунда илм олиш учун ҳеч қандай монелик йўқ, аксинча, чорлов бор, имконият бор. Аммо бизда рағбат йўқ, ихлос суст, ғайрат-ҳаракат етишмаяпти. Қанчалаб вақтимизни беҳуда амалларга, номақбул ўтиришларга, ношаръий маросимларга сарфлаб юборяпмиз. Илм олишга, ҳеч бўлмаса, дунё ҳаяжон билан воқиф бўлаётган хабар-маълумотлар билан танишиб қўйишга эса вақт-имкон «топа олмаяпмиз». Яқин ўтмишимиздаги оила дастурхони устида хонадон каттасининг эрталаб ва кечқурунлари илмий-ахлоқий мавзуларда ихчамгина маърифий суҳбат қилгани, тожир, ҳунарманд ва зироатчилар узоқ қиш оқшомларида бир устоз этагини тутиб, илм мажлислари ташкил этишгани, ёшларнинг илм талабида ҳатто қўшни юртлардаги устозларникига қатнашгани каби ҳолатлар бугун эриш туюладиган бўлиб қолди.
Кундалик ташвишларни бир чеккага суриб туриб, ўтмиш ва бугунимизни қиёслаб кўрайлик. Кеча ким эдик, кимларнинг ворисларимиз деган саволни бериш билан бирга унга ечимни излайлик. Ажаб эмаски, шунда инсоният тамаддунида ўз сўзи ва ўрнига эга бўлган аждодларимизга муносиб фарзанд бўлиш билан бир қаторда дунё пешқадамларига айлансак.
Маҳмуд Маҳкам