Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Жидда шаҳри шу йилнинг 5-7 декабрь кунлари Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Соғлиқни сақлаш вазирлари иштирокидаги VI анжуманини ўтказишга мезбонлик қилади. Мазкур анжуман “Барча сиёсатларда саломатлик” мавзуида бўлиб, унда ИҲТга аъзо давлатлар Соғлиқни сақлаш вазирлари раҳбарлигидаги делегация, шунингдек, ИҲТга қарашли кузатувчи халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари иштирок этади.
Анжуманда соғлиқни сақлаш фаолиятини мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш борасидаги стратегик дастур мақсадларига эришиш йўлида соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга доир мавзулар муҳокама қилинади.
Халқаро алоқалар бўлими
Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани аҳолиси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маънавий-маърифий тадбирлар, юзма-юз мулоқотлар ва жонли савол-жавоблар ўтказмоқдалар.
Суҳбатларда сўнгги йилларда барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам жуда катта ўзгаришлар амалга оширилгани, 100 та янги жоме масжид очилгани, кўплари ҳавас қиладиган даражада обод бўлгани, Қуръони карим курсларида бир неча ўн минг фуқаро Қуръони каримни мутолаа қилишни ўргангани, ҳаж-умра сафарига борган кишилар сони сезиларли ошгани кабиларни айтиш баробарида оят ва ҳадислар асосида мана шундай неъматларга шукр қилиш зарурлиги билдирилди.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда илм ва ҳунарга тарғиб қилувчи кўрсатмаларни мисол сифатида келтириб, ҳар бир ота-она фарзандига элу юрт учун керакли бўладиган ҳунар ва фойдали илмларни ҳам ўргатиши лозимлиги тушунтирилди. Шунингдек, ёш авлод онгига она юртга муҳаббат, тинч-осойишта ҳаётимизни қадрига етиш ҳамда шукроналик туйғуларини сингдириш кабиларга урғу қаратилди.
Учрашувларда риё-хўжакўрсин иллатлари, илмсиз фатво бериш, шаръий масала айтиш, жамоада тафриқа, бўлинишлардан сақланиш ва бидъат-хурофотларни тарк этиш кабиларга ҳам тўхталинди.
Иштирокчиларнинг мурожаат-таклифлари эшитилди, оилавий, ижтимоий ва ибодатга оид саволларига батафсил жавоб берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати