Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари 1950 йилда Самарқанд вилояти Иштихон туманида зиёли оилада таваллуд топганлар. 1982-1983 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, 1983-1987 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида, 1989-1990 йилларда эса Марокашнинг “Каравийн” дорилфунунида таҳсил олганлар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Самарқанд вилояти Пайариқ туманида жойлашган Имом Бухорий номидаги жоме масжидида 1980-1982 йилларда имом ноиби вазифасида, 1987-1989 йилларда, сўнгра яна 1990-2006 йиллар мобайнида ушбу масжиднинг имом-хатиби сифатида фаолият юритганлар. Шу билан бирга, 2000-2006 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби лавозимида ишлаганлар.
Усмонхон Алимов ҳазратлари 2006 йил 8 августда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига тайинланиб, 13 йилдан буён шу лавозимда самарали фаолият олиб бормоқдалар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари нафақат мамлакатимиз, балки дунё миқёсидаги обрў-эътиборли уламолардан биридир. 2012 йилда Диний идора тарихида илк бор Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутун дунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайланганлар.
Ислом дини маърифатини кенг тарқатиш, бузғунчи кучларга қарши биргаликда курашиш ва ўзаро ҳамкорликдаги кенг кўламли ишлар учун У.Алимов Россия Федерацияси Свердловск вилояти мусулмонлари идораси томонидан “Кумуш ярим ой” медали билан тақдирланган.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Марказий Осиё мусулмонлари маънавий тараққиётига кўп йиллар хизмат қилгани, тинчлик-осойишталик, фаровонлик каби исломий тамойилларга содиқлиги, урф-одатларни тиклаш ва асраб-авайлашга қўшган ҳиссаси учун Қирғизистон мусулмонлари идорасининг 1-даражали «Ынтымоқ» медали («Иттифоқ») билан тақдирланган.
Сўнгги йилларда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари халқаро эътибор ва эҳтиром сабаб Уммон Султонлиги Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан 2019 йил 30 сентябрда эълон қилинган “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгалладилар. У ўтган 10 йилдан буён ушбу рўйхатдан мустаҳкам жой олиб келмоқдалар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистон халқаро ислом академияси (аввалги Тошкент ислом университети) фахрий доктори унвонига эга бўлганлар.
Муфтий ҳазратлари Ислом дини маърифатининг толмас тарғиботчиси ҳамдир. У киши юртимиз масжид ва мадрасалари диний таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш, ўқув режалари ва дастурларини тайёрлаш ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этиш ишларига бевосита бошчилик қилмоқдалар.
Бундан ташқари, хорижий мамлакатларда бўлиб ўтадиган халқаро анжуманларда илмий асосланган мазмунли маърузалари билан мунтазам иштирок этмоқдалар. Жумладан, 2019 йил давомида 10 дан зиёд хорижий мамлакатлардаги нуфузли анжуманларда долзарб мавзуларда нутқ сўзладилар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари йигирмадан ортиқ китоб ва юздан зиёд илмий-оммабоп мақола муаллифи ҳисобланади ҳамда теле, радио дастурларда долзарб мавзуларда чиқишлар қилган. Жумладан, унинг “Тафсири Ирфон”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Имом Бухорий баракоти ”, “IX-X асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши”, “Ҳазрати Имом”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари”, “Расулуллоҳ мўъжизалари”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Сўраган эдингиз” каби асарлари чоп этилган.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари томонидан таълиф этилган Қуръони карим маънолари таржимаси ва тафсири китоби – “Тафсири Ирфон” бугунги воқелигимизга мослаб, халқчил тилда, айни чоғда, юксак илмий маҳорат билан таржима ва тафсир этилгани билан янада аҳамиятлидир.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари даврларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан қўшни ва хориж давлатлари мусулмонлари диний идораси ўртасидаги дўстона муносабатларни ўрнатишга эришилди.
Аллоҳ таолонинг инояти ила мана шундай салмоқли ишлар муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларида бардавом бўлмоқда.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳамду сано оламлар Парвардигори, биз яшираётган ва ошкора қилган нарсаларимизни билувчи Аллоҳ таолога бўлсин. Ундан ҳеч нарса махфий эмас — ерда ҳам, осмонда ҳам. Уни шукр ва ҳамдлар билан ёд этамиз. Кимки ўз айблари билан машғул бўлса, бошқаларнинг айбларига қарамайди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, У зотнинг оила аъзолари ва саҳобаларига Аллоҳнинг салому дуолари бўлсин.
Эй мусулмонлар! Аллоҳдан қўрқинглар ва ўзингизни ғийбат ва чақимчилик ҳалокатига ташламанглар. Чунки бу икки иллат биродарлик алоқалари ва исломий бағрикенглик учун катта хавф солувчи, жирканч сифатлардандир. Улар қайси жамиятда кенг тарқалса, ўша жамиятнинг бирлиги парчаланади, диллар орасида муҳаббат ўрнига адоват пайдо бўлади, душманга қарши мададсиз қолинган бўлади.
Чақимчилик — бир одамнинг гапини бошқасига етказиб, улар ўртасини бузишга ҳаракат қилишдир. Бу иллат қанча фалокатлар келтириб чиқарган, қанча дўстликни парчалаган, муҳаббатни нафратга айлантирган! Шундан келиб чиқиб уламолар буни сеҳр деб атаганлар.
Чақимчиликдан сақланайлик! У пасткаш инсонларнинг одатидир. У ёмонликларни тарқатади, сирларни фош қилади, катта исёнларга сабаб бўлади. Кимки сизга чақимчилик қилса, билингки, у сиз ҳақингизда ҳам бошқаларга чақимчилик қилади.
Ғийбат — биродарингизни уни йўқлигида ўзининг ёқтирмайдиган нарсалари билан тилга олишдир — унинг хулқи ёки қиёфаси ҳақида бўлса ҳам. Ҳатто ўша нарса унда ҳақиқат бўлса ҳам, бу — ғийбат. Агар унда бўлмаса, бу туҳмат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ғийбат ҳақида сўралганда: Ғийбат — биродарингизни у ёқтирмайдиган ҳолатда тилга олишингдир, дедилар. — Агар мен айтганим у кишида бўлса-чи? — деб сўралди. — Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилгансан. Агар бўлмаса, унга туҳмат қилгансан, — дедилар.
Ғийбатдан сақланайлик! Бу гуноҳни кичик деб билмайлик. Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Сафия онамиз ҳақида бир сўз айтганлар, яъни — “У пакана”, деганлар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен ҳозир шундай сўз айтдингки, агар уни денгиз сувига аралаштирсанг, уни булғашга етар эди!”, деганлар.
Ғийбат ва чақимчилик — қабр азобининг сабабларидандир. Расулуллоҳ алайҳиссалом айтдилар: «Мени меърожга олиб чиқишганида, тирноқлари мисдан бўлган инсонларни кўрдим, ўз юзлари ва кўкракларини тирнар эдилар. Жаброилдан сўрадим: “Булар кимлар?” Жаброил: “Булар инсонларнинг гўштини еганлар ва уларнинг шарафларига тажовуз қилганлардир”, дедилар».
Бошқа мусулмонларнинг обрўларини ҳурмат қилайлик! Расулуллоҳ алайҳиссалом Хажжатул Вадоъда: “Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз — бир-бирингизга ҳаром, бу кун, бу ой, ва бу шаҳарингизнинг ҳурмати каби” деб айтдилар.
Аллоҳ бундай дейди: “Албатта, мўминлар орасида фаҳш ишлар тарқалишини хоҳлайдиганларга дунё ва охиратда аламли азоб бўлади. Аллоҳ билади, сизлар билмайсизлар”.
Аллоҳ таоло бизларни Қуръони карим ва Расулининг суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришимизни насиб этсин.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ