Карами кенг Парвардигоримиз марҳамати билан бугун бир инсон муқаррар ўлимдан, бир оила оғир мусибатдан сақлаб қолинди. Яна қанақа ўлим денг – суиқасддан.
Гап шундаки, бугун Сурхондарё вилояти бош имом-хатибининг Хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Хосият Қосимова ҳузурига 1983 йилда туғилган М.К. исмли йигит мурожаат қилиб келиб, оилавий можаролар оқибатида тушкунликка тушиб қолган М.К. ҳаммаси жонига тегиб кетганини билдириб, ўзини ўлдирмоқчи эканини айтди. Хосият Қосимова унга ўз жонига қасд қилиш оғир гуноҳ эканини, оилада хотиржамлик бўлиши учун соғлом муҳит яратиш зарурлиги ҳақида ибратли воқеаларни айтиб бериб кўп насиҳатлар қилди.
Панду насиҳатлардан тўғри хулоса чиқарган М.К. ўз жонига қасд қилиш фикридан қайтиб, оиласи бағрига қайтди.
Ҳа, бугун унинг хонадонида ҳам, Хосият Қосимованинг ишхонасида ҳам росмана шодиёна бўлди. Ахир бир инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш қанчалик улуғ савоб, қандай ажойиб иш, бундан севинмай бўлар эканми!..
2024 йил 30 октябрь куни Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида Тошкент вилоятининг Тошкент тумани “Ҳасанбой ота” жоме масжидида амалий тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари, Тошкент вилояти вакиллиги раҳбарияти ва ходимлари, вилоят туман ва шаҳарларининг бош имом-хатиблари ҳамда отинойилари, шунингдек, “Ҳаж-2024” зиёратчилари, МФЙлар раислари иштирок этди.
Йиғилишда имом-хатиб ҳамда отинойиларнинг “Ҳаж – 2024” зиёратчиларини маънавий-маърифий тадбирларга фаол жалб этиш ишига кўмаклашиш, тумандаги масжидлар фаолияти ўрганиш, пешин намозида масжидларда долзарб мавзуда маъруза қилиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Шу мақсадда Ишчи гуруҳ аъзолари Тошкент туманининг 18 та масжиди ҳамда 20 та маҳалласига бириктирилиб, хонадонларга кирилиб, турли йўналишлар бўйича суҳбатлар ўтказилди.
Хусусан, имом-хатиблар 100 та оилага, отинойилар 14 та оилага, умумий ҳисобда 114 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирлари олиб бордилар.
Шунингдек, эр-хотин, ака-ука, ота-бола, қайнона-келин, ўртасидаги келишмовчилик ва жанжаллар сабабли нотинч бўлиб турган 32 та оила ўрганилиб, уларга насиҳат қилинди. Нотинчлик сабабларини бартараф этиш, аразлашганларни яраштириш чоралари кўрилди. 36 та ҳолатда оилавий ажримларнинг олдини олишга ҳаракат қилинди, 4 та оилани яраштиришга муваффақ бўлинди, 7 оилани яраштириш жараёнини давом эттириш белгиланди. 23 та хонадонда ЖИЭМда жазо муддатини ўтаётганларнинг оила аъзолари, жазо муддатини ўтаб қайтганлар, муқаддам судланганлар билан юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар борасида суҳбатлашилди. Шунингдек, ногирон ва касалманд фуқаролар яшайдиган 2 та оилага кирилиб, улардан кўнгил сўралди, даволаниш ва дори дармон, 3 та кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат, кийим-кечак ҳамда моддий ёрдам кўрсатилди.
Тадбир сўнгида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Тошкент туманида масжидлардаги камчиликларни бартараф этиш, имом-хатибларнинг маънавий-маърифий ҳамда масжид бошқарувидаги фаолиятида кузатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати