Cавол: Опамни фарзанди йўқ. Кўп йил даволандилар. Кимдир бола асраб олса ва унга меҳр берса ўзи ҳам фарзанд кўришини айтибди. Сўрамоқчи бўлганим динимизда бола асраб олишга рухсат берилганми? Рухсат бўлса қандай ҳукмлар бор?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Динимизда бола асраб олишга рухсат берилади, аммо унга қуйидаги шартлар қўйилган:
Болани ўз отасини номи билан чақириш (яъни сени отанг менман ёки отанг фалончи, деб ўз отасидан бошқа одамни ота сифатида кўрсатмаслик керак);
Аллоҳ таоло асраб олинган фарзандлар ҳақида бундай марҳамат қилган: “Уларни (асраб олинган болаларни) ўз оталари (исми) билан чақирингиз. Шу Аллоҳ наздида адолатлироқдир. Бас, агар уларнинг оталарини билмасангиз, у ҳолда (улар) сизларнинг диний биродарларингиз ва дўстларингиздир. Қилган хатоларингиз сабабли сизларга гуноҳ йўқдир, лекин кўнгилларингиз (билан) қасд қилинган нарсадагина (гуноҳкор бўлурсиз). Аллоҳ кечиримли ва меҳрибон зотдир” (Аҳзоб сураси, 5-оят).
Бу оятлар нозил бўлгунича, одамлар орасида бировнинг боласини ўғил қилиб, ўз ўғилларидек номлаганлар ва жамиятдаги мавжуд тушунча, урф-одатлар ила иш тутишган. Оят нозил бўлгач бу ҳукм ўзгарди.
Болани қарамоғига олишда аввало имкон қадар яқин қариндошларнинг болаларидан (яъни асраб олинаётган бола ўғил бола бўлса аёлнинг, қиз бола бўлса эрнинг ака-ука ёки опа-сингилларининг болаларидан) бирини қарамоғига олиши керак. Чунки улар ўртасида насаб жиҳатидан маҳрамлик бор. Бордию яқин қариндошлардан бола олиш имкони бўлмай, бегона бола олинса ва у қиз бўлса, асраб олувчи эрнинг эмизикли ҳолатдаги опа-сингиллари ёки ака-укаларининг аёллари икки ярим йил ичида болани эмизсалар ёки уларнинг сути ичирилса, асраб олувчи эрнинг жияни ҳисобланиб, маҳрамига айланади. Агар асраб олинган бола ўғил бўлса, асраб олувчи аёлнинг эмизикли ҳолатдаги опа-сингиллари ёки ака-укаларининг аёллари ўша ўғил болани эмизсалар асраб олувчи аёлга жиян бўлгани учун, маҳрам ҳисобланади (икки ярим йилдан сўнг эмизиш ёки болага юқорида зикр қилинган аёллардан бошқаларнинг сутини ичириш билан маҳрамлик собит бўлмайди).
Шундай йўл билан бир оилада номаҳрамлар жамланиб қолишининг олди олинади. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. У киши ўз жиянлари Урва розияллоҳу анҳуга шундай ҳикоя қилиб берадилар. Афлаҳа исмли эмикдош амаким киришга изн сўраган вақтда у кишидан ўзимни олиб қочдим ва рўмолни ўраб олдим. Сўнг бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар берганимда: “Унинг олдида рўмол ўрашингизга ҳожат йўқ, чунки насаб жиҳатидан маҳрамлик собит бўлганидек эмикдошлик сабабли ҳам маҳрамлик ҳосил бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Асраб олинган бола ва асраб олувчиларнинг ўртасида насабий алоқаси бўлмаса, бир-бирларидан мерос олишлари жоиз бўлмайди. Балки қўлларида қолган мулклар насабий меросхўрларнинг ҳаққи ҳисобланади.
Бола асраб олишдан мақсад, кўп болалик оилаларга ёрдам бериш ёки етимнинг бошини силаш савобини топиш бўлмоғи лозим. Ҳеч қачон асраб олинган бола ҳақиқий фарзанд бўлмайди. Агар асраб олинган фарзанддан келажакда боқувчига ҳеч қандай наф тегмаса, аксинча зарар етган тақдирда ҳам бундан афсусланмаслик керак бўлади, акс ҳолда қилинган хизматнинг савоби бекор бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг муҳаббати
Буюк саҳобий Абу Бакр розияллоҳу анҳу бундай дейдилар: “Биз ҳижратда эдик. Мен жуда чанқаб турган эдим. Озгина сут олиб келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга узатдим ва: “Ё Аллоҳнинг Расули, ичиб олинг”, дедим. Расулуллоҳ ичдилар-у, менинг чанқоғим қонди”.
Бу гаплар айнан ҳақиқат. Абу Бакр розияллоҳу анҳу чин дилдан шундай дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичдилар ва Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг чанқоқлари қонди. Бу муҳаббатнинг гўзаллигини ҳис қила оляпсизми? Бу ўзгача, хос бир муҳаббатдир...
Савбон розияллоҳу анҳунинг муҳаббати
Пайғамбар алайҳиссалом дастёрлари Савбон розияллоҳу анҳунинг олдида кун давомида бўлмадилар. Набий алайҳиссалом қайтиб келганларида Савбон розияллоҳу анҳу у зотга қараб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мени ёлғиз ташлаб кетдингиз”, деди-да, йиғлаб юборди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шунга йиғлаяпсанми?” – дедилар. Савбон розияллоҳу анҳу: “Йўқ, Расулуллоҳ! Лекин жаннатда сизнинг ва ўзимнинг мартабамни ёдга олиб қўрқиб кетдим. Аллоҳ таолонинг мана бу ояти эсимга тушди: «Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни, пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар эса энг яхши ҳамроҳлардир»[1]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурсанд бўлавер! Сен ҳам ўзинг муҳаббат қўйганлар билан биргасан”, дедилар.
Савод ибн Ғозийянинг муҳаббати
Савод ибн Ғозийя Уҳуд ғазоти кунида қўшиннинг марказида турарди. Набий алайҳиссалом қўшинга қарата: “Сафларни ростланглар, тўғри туринглар!” – дедилар. Қараб борар эканлар Набий алайҳиссалом Савод розияллоҳу анҳунинг тўғри турмаганини кўриб: “Ростлангин, эй Савод!” – дедилар. Саҳобий: “Хўп”, деди-ю, бироқ тўғирланмасдан тураверди. Пайғамбар алайҳиссалом у томонга яқинлашиб, қўлларидаги мисвоклари билан саҳобийнинг биқинига ниқтаб: “Савод, тўғри тургин!” – дедилар. Савод: “Оғриттингиз, Расулуллоҳ! Аллоҳ таоло сизни ҳақ ила юборган бўлса, энди мен сиздан ўч олишим учун имкон беринг”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом қоринларини очиб: “Қасосингни олвол, Савод”, дедилар. Савод розияллоҳу анҳу эгилиб қоринларини ўпа бошлади ва: “Ё Аллоҳнинг Расули, бугун шаҳидлик кунидир, шунинг учун ҳам охирги онларимда танам сизнинг муборак танангизга тегиб қолишини хоҳладим”, деди.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Минбар ясалмасидан аввал Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмонинг танасига суяниб хутба қилар эдилар. Бир муддат ўтиб, минбар жойлаштирилганидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилдилар. Шунда ўша хурмо танасидан (ёш боладай) ўксик овоз чиқди. Уни, ҳатто биз ҳам эшитдик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар-да, унга қўлларини теккиздилар. Зум ўтмай у тинчиб қолди” (Имом Бухорий ривояти).
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Нисо сураси, 69-оят.